Ўсмирликнинг жозибаси ва ташвишларидан бири — кимгадир нисбатан илиқ туйғунинг пайдо бўлиши. Бу ҳолат кўпгина ота-оналарда норозилик туғдиради. Улар ўғли ёки қизининг ўзга бир инсонга яқин муносабатини сезиши ҳамон бунга нуқта қўйишга уринади. Шу йўл билан муаммога барҳам бермоқчи бўлишади. Қарабсизки, икки томонлама қарама-қаршилик юзага келади.
…Санжар кеча кўчадан кўзини кўкартириб келди. Уйдагилари қанча сўроқласа ҳам миқ этмади. Кейин ота-онаси суриштириб билса, қўшни маҳаллада турадиган қизни деб бир йигит билан ёқалашибди. Бу гапни эшитган отанинг ғазаби қайнаб, ўғлини қилган иши учун роса койиди. Ҳатто қўл кўтаришига бир баҳя қолди.
Аввалига фақат ёқтирган қизи учун ташвиш чекаётган ўсмир учун отасининг ранжиши дард устига чипқондай бўлди. Ҳасрати ичига сиғмай турган бир вақтда яқин ўртоғининг келиб қолгани жонига оро кирди. Унга кўнглидагиларини гапириб бироз енгил тортди.
— Дўстим, менга нима бўлаётганини ўзим ҳам сира тушунмаяпман. Қўшни маҳаллада биз билан ўқийдиган бир қиз бор. Уни кўрганимда кўнглим ёришиб кетади. Доим ёнида бўлсам дейман. Кеча унга орқаворатдан гапириб юрган бола билан дўппослашдик. Аслида у қизнинг менга муносабати қандайлигини ҳам билмайман. Энди нима қилишга ҳайронман.
Эшик ортида унинг гапларини эшитиб турган отаси ўғлига нисбатан нотўғри ҳаракат қилганини тушунди. Бундай вақтда бақир-чақир билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини, аксинча, йўл-йўриқ кўрсатиш кераклигини англади. Ўртоғи кетгандан кейин Санжарни ёнига чақирди.
— Ҳа болам, бундай кечинмалар ҳамманинг бошидан ўтади. Сиқилишни бир четга йиғиштиргин-да, фақат олдинга ҳаракат қил. Тўғри, баъзан туйғуларимиз ақлимиздан устун келиб қолади. Лекин йигит бўлдинг, ўзингни бошқара олишинг, нима муҳимлигини англаб етишинг керак. Ҳозир сени қийнаётган нарсаларнинг давоси фақат вақт. Бироз сабрли, мулоҳазали бўлгин. Кўчада муштлашиб юриш йигит кишига ярашмайди. Кейинги йил университетга кираман, деб ният қилиб юрибсан. Ўқишларингга кўпроқ эътибор қарат. Шунда ҳаммаси ўз изига тушиб кетади.
Санжар отасининг гапларидан ўзида енгиллик ҳис қилди. Яқин инсонининг бу далдаси катта куч бағишлади. Олдига қўйган мақсадларини ёдга олиб, шу ондан барчасини отаси айтганидек қилишга ҳаракат бошлади.
Тошкент меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи психологи Дилбар Эгамбердиева билан суҳбатлашганимизда, бундай вақтда ҳар бир боланинг характеридан келиб чиқиб ёндашиш зарурлигини таъкидлади.
— Ўсмир қалбида пайдо бўлган илк севги унга куч бағишлаши ёки турли келишмовчилик ва низоларга сабаб бўлиши мумкин, — дейди психолог. — Шундай вақтда ота-она балоғат ёшидаги боланинг биринчи тингловчиси бўлиши керак. Улар фарзандидаги ўзгаришларни табиий жараён сифатида қабул қилиб, тўғри йўл кўрсата олсагина бирор натижага эришса бўлади. Кескин тақиқлаб қўйиш боланинг бу мавзуга кўпроқ эътибор қаратишига сабаб бўлади. Аксинча, унга ҳаёт фақат ҳис-туйғулардан иборат эмаслигини тушунтириш зарур. Севимли машғулотлари билан шуғулланиши учун шароит яратиб бериш керак.
Олиб борилган кузатувлар шуни кўрсатадики, ёшлигидан ота-она меҳрига қониб улғайган бола бундай вақтда ўзини қандай бошқариш кераклигини билади. Таниш туйғу қаршисида довдираб қолмайди. Шундай экан, бағримизда унаётган ниҳолдан эътиборимиз ва ғамхўрлигимизни аямаслигимиз зарур.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА
Манба: mulohaza.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар