22:48 / 21.09.2017
7 086

Омонат ғор сири (14-қисм)

Омонат ғор сири (14-қисм)
Бобур Наргизанинг ёнида турган қизга тикилиб қолди. Кўзига бу қиз жуда-жуда иссиқ кўринди. “Ким экан? Бунча чиройли, Наргизага ўхшаб кетаркан. Кўзлари шаҳло, киприклари узун, сочлари тим қора, қадди-қомати келишган. Уни аввал кўрганман, лекин… қаерда кўрганман?..” Хаёлан ўзи танийдиган қизларни эслади, бироқ уларнинг ҳеч бирига ўхшатолмади.

— Сиз… кимсиз? — ниҳоят журъат қилиб сўради нотаниш қиздан. Унинг овози синиқ, заиф чиқди. Қизлар сергакланишди, аммо беморнинг нима деганини илғашмади. Наргиза ўрнидан туриб, ширин табассум билан укасининг ёнига келди.

— Бобуржон, бирон нима дедингми? — сўради меҳрибонлик билан.

— Анави қиз ким? — деди Бобур қуруқшаб қолган лабларини тили билан ялаб қўяр экан.

Наргиза Лолага “ялт” этиб бир қараб қўйди-да:

— Менинг дугонам, — деди жилмайиб, — исми Лола, у билан кеча танишиб қолдим. Жудаям ширин, ажойиб қиз.

— Кўзимга таниш кўринаяпти.

Бобурнинг гапидан Лола беихтиёр ўрнидан туриб кетди ва унинг ёнига келиб:

— Сийз маний кўргонмий? — деди кўзи порлаб.

Бобурнинг хаёлига лоп этиб бозор, лўли қизнинг садақа сўрагани-ю, қизнинг ранги оқариб пулни қайтариб Бобурга отгани, сўнгра йиғлагани келди…

— Лўли қиз!.. — деб юборди бемор аранг ютиниб.

Наргиза донг қотди, бир Лолага, бир укасига қаради-да:

— Сизлар танишмисизлар? — деди ҳайратини яширолмай.

— Сийз… — деди Лола ҳам кўзларига ишонмай.

— Мени… Мени… — Бобур зўриқиб гапирарди. — Қарғаганмидингиз?

— Йў-ў-ў-қ, — деди титраб кетган Лола, — қарғамадийм. Қарғолмадийм…

Қизнинг кўзи жиққа ёшга тўлди, лаблари билинар-билинмас титради.

— Лола! — деди нима гаплигини англаёлмаган Наргиза, — қанақа қарғиш, укам нима деяпти?

— Ҳозийр, ҳозийр, — деб Лола қаддини ростлади ва узун киприклари пирпираб чуқур нафас оларкан, — ҳалий, сийзга айтганийм шу бола бўладий, лекин ман қарғамагандийм, — деди хижолатомуз.

— Бу қизда айб йўқ, — деди Бобур. Унинг ҳаяжонлангани кўкрагининг тез-тез кўтарилиб-тушишидан билиниб турарди.

— Илойим, соғайиб кетсийн, — эшик томондан келган бу овозни эшитиб, икки дугона ортларига ўгирилишди. Бўсағада уст-боши кир-чир, башараси қоп-қора, қўлида бола кўтарган лўли аёл турарди. Лола уни дарров таниди: Мағфират эди бу аёлнинг исми. Хосият бибининг югурдакларидан. Доим бозорда, лўлибошининг ёнида юрарди. — Болаларинийнг бахтийга омон бўсийн, садақа қийлсангийз, куний узун бўладий касалний.

— Бор, йўқол! — бақирди Наргиза жаҳл билан. — Сен етмай турувдинг.

— Маний худоний ўзий юбордий, ундай деманг, синглийм, бемор одам, садақа берсангийз тузаладий. Омонатгина жоний ўзийга қоладий.

— Бир касалхона қолувди сенлар кирмаган. Шу ерниям булғадинглар! — Наргиза сумкачасини олиб, ичини кавлаштирди. Бу пайтда Лола билан лўли аёлнинг кўзлари тўқнашди, қиз кўзини олиб қочгунча бўлмай, лўли хотин уни таниди, ичида қувониб кетганди. Ахир, бундай омад ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Барон яхшигина суюнчи беради бунинг учун!

— Сийз ҳам берийнг, чиройлий қийз, бахтийнгийз очиладий, — деди лўли аёл Наргиза узатган пулни олгач, юзи пуштирангга айланган Лолага безрайиб қараб. Қиз нима деярини билмай қолди. Тўрт-беш сўм бериб, тезроқ қутулай деса, на сумкаси бор ва на пули. Бир-икки “чақиб” ҳайдаб солай деса, ўзини бутунлай ошкор қилиб қўяди. У икки ўт орасида қолиб, саросималаниб турганида, Наргиза жонига оро кирди:

— Берганим икковимизники, энди тезроқ бу ердан қорангни ўчир, бўлмаса ҳозир дўхтирни чақираман, сенга яхшилаб садақа бериб қўяди, — дея Наргиза тарсиллатиб эшикни ёпиб қўйди.

Наргизанинг лўли аёлни ҳақоратлагани Лолага оғир ботди. Ахир, у ҳам ўзини лўли ҳисоблар, тиланчилар авлодидан эканини биларди. Аммо кўнгли чўкканини сездирмади.

— Наргийз, бопладийнг, ман ўрнингга бўлганимда, яхшилайб урайдим.

Унга ўқрайиб қараб қўйган Наргиза:

— Қарғиш масаласига қайтайлик, — деди ўзини хотиржам тутишга уриниб.

Лоланинг боши қотди: “Нима қилсам, нима десам гапларимга ишонади?” дея хаёлидан ўтказди.

— Наргийз, ман қарғамаган. Чин сўзийм, биттаям алдаганийм йўқ…

Унинг гапи оғзида қолди. Эшикни кимдир оҳиста чертди, кейин куйдирилган калладай Фатҳулланинг башараси кўринди.

— Хонимларга энг илиқ, энг гўзал, энг буюк саломларим бўлсин! — деди у тантанавор оҳангда.

Қизлар бир-бирига қараб олишди. Лола билинар-билинмас лабини бурди. Наргиза эса, зўрма-зўраки жилмайиб эшитилар-эшитилмас салом берди.

— Нега бунча шаштингиз паст? Инсон, айниқса, гўзал инсон ҳамиша хушчақчақ юриши лозим, ўшанда ўзидаги нафосатни узоқ вақт сақлаши мумкин, — деди овозини баралла қўйиб дўхтир. Сўнгра Наргизанинг ёнига бориб: — Рухсат этинг, — дея қизнинг илтифотини ҳам кутмай нозик, узун, оппоқ бармоқларини ушлади-да, энкайиб лабига босди, кўзини юмиб бир зум лаззат олди. Унинг қилиғидан иккала қиз ҳам ҳайрон эди. Наргизанинг юзи қизарди. Қўлини силтаб тортиб олмоқчи бўлди-ю, лабини бармоқларига теккизиб турган кимсанинг укасини даволаётган дўхтирлиги ёдига тушиб, Фатҳуллага имконият берди.

Дўхтир ўзининг қилиғидан хурсанд эди. Ҳаяжонланиб, бу одатини Наргизанинг ёнида турган санамга ҳам қўлламоқчи бўлди-ю, лекин унинг кўзидаги қаҳрни кўриб шаштидан тушди. Эркак кишига ярашмаган қийпанглаш билан Бобурнинг каравоти ёнига бориб, беморнинг пешонасига кафтини қўйди.

— Тўғриси, Бобуржон, сизга ҳавасим келади, опаларингиздай сулувларни бу дунёда топиш маҳол.

Дўхтирнинг гапидан беморнинг энсаси қотди. Агар соғ бўлганида, Фатҳуллани ер билан битта қилиб ташларди-ю, ҳозир иложсиз тишини-тишига босди, сўкиб юборишдан ўзини зўрға тийди. Унинг жим ётганини кўриб Фатҳулла руҳланди.

— Сиз, менинг қадрдоним, яқин кунларда оёққа туриб кетасиз, ҳатто кутилганиданам тез соғаясиз. Буни мен, профессионал врач айтаяпман. Сиздай иродаси мустаҳкам йигитларни жуда яхши биламан…

— Уларнинг ҳам менга ўхшаган чиройли опалари борми?! — орқада турган Наргиза киноя билан унинг нутқини бўлди.

Фатҳулла илжайиб қаддини ростлади ва ортига ўгирилиб:

— Сиз, Наргизахон, танҳосиз, бетакрорсиз, — деди, кўзи эса лўли қиз томон югурди. “Ваҳ, — деди у ичида, — сенинг ҳам гўзаллигингга гап йўқ. Қани эди имкониятим бўлса-ю, икковингниям ўзимники қилиб олсам!..”

Шу маҳал дераза тиқиллагандай бўлди, буни ҳамма эшитди. Хонадагилар деразага қарашди. Ҳатто Бобур ҳам ўгирилиб қарамоқчи бўлди-ю, оғриқдан юзи буришиб кетди.

— Шамол, — деди Фатҳулла, бошқаларнинг кўнглини хотиржам қилиш учун. Хаёлида бир пайтлар “бетакрор жозиба соҳиби” деб ўзи кўкка кўтариб мақтаб, мақсадига етгач жозибанинг “кемтик” жойларини кўриб қолиб, кўнгли қолган ҳамшира Одинахон пойлаётгандай туйилди. Бир оз саросималанди. Одинанинг навбатчилиги айнан бугунга тўғри келганидан тақдиридан нолинди. Шу зумда: “Қоронғида унга ташқарида бало борми?” деган ўйга ҳам борди. Туйқусдан дераза ортидан тиржайган қоп-қора башара кўринди-ю, қизлар қўрққанидан бараварига додлаб юборишди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ


(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (14-қисм)