Қачон ҳарорат хавфли ҳисобланади? Унинг белгилари қандай бўлади? Қандай дориларни қўллаш керак? Бувиларимизнинг маслаҳатларига қулоқ тутсак бўладими? "Лайфхакер" шу каби саволларга жавоб берувчи мақоласи билан бўлишди.
Қандай ҳарорат баланд ҳисобланади?
Дастлаб шуни таъкидлаш лозимки, аслида ҳарорат ҳар бир инсонда бўлади ва у меъёрда айнан 36,6 даражада бўлиши шарт эмас. Бу ўртача кўрсаткич ҳисобланади, чунки соғлом одамда у 36,1 дан то 37,2 даражагача бўлиши ва ҳатто кун давомида ўзгариши мумкин. Масалан, овқатлангандан сўнг ёки жисмоний ҳаракатлардан кейин ҳарорат кўтарилиши ҳеч гап эмас.
"Боланинг иссиғи чиқди" деганда тана ҳароратининг 37,2 даражадан юқорилаши назарда тутилади.
Нима учун тана ҳарорати кўтарилади?
Истималаш - организмнинг турли инфекцияларга нисбатан ҳимоя реакцияси. Юқори тана ҳароратида бактерия ва вирусларнинг омон қолиши қийин, организм шу тариқа хавфли микроорганизмларни йўқ қилади ва бирйўла иммун тизимини фаоллаштиради.
Болаларда ҳарорат кўпинча биз шамоллаш деб атайдиган распираторли вирус инфекциялари туфайли кўтарилади. Бироқ бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Ҳарорат, шунингдек, яна турли жароҳатлар, қизиш, онкологик, гормонал ва аутоиммун касалликлари ва ҳатто баъзи дори воситаларининг акс таъсири натижасида ҳам юзага келиши мумкин.
Боланинг истимаси чиқаётганини қандай англаш мумкин?
Катталар юқори ҳароратни одатда қуйидаги белгиларга кўра аниқлашади:
- Заифлашиш;
- Бош оғриқлари;
- Титроқ;
- Иштаҳанинг йўқолиши;
- Мушаклардаги оғриқлар;
- Терлаш.
Гапиришни биладиган ёшдаги болалар ёқимсиз ҳолатдан шикоят қилишлари мумкин. Бироқ ҳали тилга кириб улгурмаган болакайларда ҳам ҳарорат кўтарилиши кузатилади.
Чақалоқларда ҳароратни ўлчаш учун боланинг ноодатий хатти-ҳаракатлари сабаб бўлиши мумкин:
- Овқатдан ёки она сутидан воз кечиш;
- Сабабсиз кўз ёш тўкиш, асабийлик;
- Уйқусираш, чарчоқ, нофаоллик.
Пешонага лабни теккизиш билан истима борлиги ҳақида гапириб бўлмайди.
Қачон ва нима учун ҳароратни тушириш керак?
Ҳароратнинг кўтарилиши - тўғри иммун тизими белгиси, айниқса, гап инфекциялар ҳақида кетганда. Шу боис уни дарҳол туширишга киришишга ҳожат йўқ. Шифокорлар ҳарорат кўрсаткичи 38 даражадан ошгандагина уни пасайтиришни тавсия қилишади.
Кўпчилик юқори ҳарорат мия ҳужайраларига зиён етказади деб қўрқади. Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, у 40 даражадан ошгунча болалар учун хавфсиз.
Истима - мустақил касаллик эмас, касалликнинг белгиси. Ҳарорат дори билан туширилаётганда касалликнинг ташқи белгиси йўқ қилинади, лекин у даволанмайди.
Камдан-кам ҳолатларда баланд ҳарорат болаларда фебрил безгакларга - мушакларнинг мажбурий қисқаришига олиб келади. Бу жуда қўрқинчли кўринади ва ота-оналарнинг ҳушидан кетишигача сабаб бўлиши мумкин. Шифокорга мурожаат қилинг, у келгунига қадар болани ён томонга қаратиб ётқизинг ва қалин кийимлар тугмасини ечинг.
Истимани ҳамма турлича ўтказади: кимдир 39 даражагача дарсларини қилиши ёки ўйин ўйнашда давом этиши мумкин, яна биров эса 37,5 даражада ётиб, заифлашиши мумкин. Шу боис ҳароратни боланинг қулайлиги ва аҳволининг яхшиланиши учун туширилади.
Ҳароратни қачон ва нима учун пасайтириш мумкин?
Энг оддий, тезкор ва самарали усули - болага ибупрофен ёки парацетамол асосидаги истима туширадиган дориларни бериш. Улар болага қўллаш учун осон шаклларда ишлаб чиқарилади. Болага ширин сироп бераётганда эътиборли бўлинг, таъм берувчи ва бўёқлар аллергияни қўзғатиши мумкин.
Дори дозасини асло ошира кўрманг. У боланинг вазнидан келиб чиқиб белгиланган. Болалар, айниқса, мактабгача ёшда бўлган болалар вазнга кўра бир-биридан фарқланади, шунинг учун боланинг ёшига эмас, унинг вазнига (неча килограммлигига) қараб дори воситаларини қўлланг.
Ёдингизда бўлсин, дори таъсир қилиши учун вақт керак: 0,5 соатдан 1,5 соатгача. Шундай экан, дори қабулидан 10 дақиқа ўтгач истима ўлчашга шошилманг.
Дори илан бирга сотилувчи ўлчовли стаканлар, қошиқлар ва шприцлардан фойдаланинг. Дорини қоронғу шароитда ёки уйдаги чой қошиқда тахминан ўлчаманг: болага қанча ва қандай дори берганингизни доим эслаб қолинг.
Дозанинг оширилишига йўл қўймаслик учун болакайларга шамоллаш белгиларига қарши дориларни аралаш қўлламанг. Зеро уларнинг таркибида шундоқ ҳам парацетамол ёки истима туширувчи бошқа восита бўлади.
Ҳароратни қандай тушириш мумкин?
Парацетамол ва ибупрофенни бир кунда бериш мумкин, бироқ болага ҳаммасини биттада беришга шошилманг. Агар парацетамол берган бўлсангизу, у ёрдам бермаган бўлса, ибупрофен беришингиз мумкин бўлади (ёки аксинча).
Истимаси чиқиб турган болага аспирин ва анальгин берманг: улар болаларда жиддий акс таъсирни юзага келтириши мумкин.
Жисмоний усуллар ҳам бор, лекин улар у қадар самара бермайди: боланинг кафт ва товонларини нам сочиқ билан артиш, пешонасига совуқ компресс қўйиш. Фақат бунинг учун муздан фойдаланманг, сочиқни хона ҳароратидаги сувда намланса, етарли.
Қачон шифокорни чақириш керак?
Тажрибали ота-оналар енгил шамоллашни уй шароитида ҳам даволаш мумкинлигини яхши билишади. Шифокор бундай ҳолатларда фақат маълумотнома ёзиш учунгина керак. Бироқ қуйидаги ҳолатларда педиатрга кўриниш керак бўлади:
- Шифокор маслаҳатини олиб, тинчланишингиз зарур бўлса ёки шунчаки болага шифокор ёрдами керак деб ҳисобласангиз;
- Ҳарорати кўтарилган бола 3 ойдан кичик бўлса;
- Бола 6 ойга етмаган бўлса, ҳарорат эса 1 кундан ортиқ вақт давомида 38 даражадан юқори бўлса;
- Бола 1 ёшга етмаган бўлса, ҳарорат эса 1 кундан ортиқ вақт давомида 39 даражадан юқори бўлса;
- Болада тошмалар пайдо бўлса;
- Ҳарорат билан бирга оғир белгилар кузатилса: йўтал, қайд қилиш, кучли оғриқ ва б.
Қачон тез ёрдамга қўнғироқ қилиш керак?
Қуйидаги ҳолатларда дарҳол тез ёрдамга мурожаат қилиш керак:
- Ҳарорат 39 даражадан юқорини кўрсатса ва дори қабулидан кейин ҳам кўтарилишда давом этса;
- Боланинг аҳволи тушунарсиз: у ҳаддан ташқари кўп ухламоқда, уни уйғотиб бўлмаса, у атрофдаги муҳитга яхши реакция билдирмаса;
- Нафас олиш ёки ютинишда муаммолар пайдо бўлса;
- Ҳароратга қайд қилиш қўшилса;
- Кичик кўкаришлар шаклидаги тошмалар пайдо бўлса;
- Безгак бошланса;
- Сувсизланиш белгилари пайдо бўлса: бола ҳожатхонага кам борса, оғзи қуриса ва тили қизарган бўлса, кўз ёшисиз йиғласа.
Ҳарорати кўтарилган болага қандай ёрдам бериш мумкин?
Ҳароратга қарши курашда кўрсатишимиз мумкин бўлган асосий ёрдам - унинг сабабини йўқ қилиш. Агар гап бактериал инфекцияда бўлса, антибиотик бериш керак бўлади (шифокор маслаҳати асосида). Агар бошқа касалликлар сабаб бўлса, уларни даволаш керак. Фақат вируслар ўз-ўзидан бартараф бўлади, шунчаки вирусларни йўқ қилаётган организмни қўллаб-қувватлаб туриш керак.
Кўпроқ суюқлик беринг
Юқори ҳароратда инсон танасидаги намлик тезроқ тарқаб кетади, шунинг учун сувсизланиш хавфи юзага келади. Бу айниқса болалар учун хосдир: улар кичик бўлиб, 10 фоиз суюқликни йўқотиш улар учун ҳеч гап эмас. Сув етишмовчилигида шиллиқ қаватлар қурийди, боланинг нафас олиши қийинлашади, бола терлай олмайди, яъни у иссиқни мустақил равишда ташқарига чиқара олмайди. Шунинг учун ҳарорат кўтарилганда суюқлик жуда зарурдир.
Болага кўпроқ шарбатлар, чой ва сув беринг, ҳеч бўлмаганда, бир неча қултум ичишга кўндиринг. Эмизикли болалар кўпроқ она сути билан озиқлансин, агар бола бош тортса, унга сув ёки махсус суюқлик бериш тавсия этилади.
Хонани шамоллатинг
Хона ҳавосини намлантиринг. Нисбий намликни 40-60 фоиз даражасида ушлаб туриш учун ҳавони намлантирувчи махсус қурилма харид қилган маъқул. Бироқ бошқа усулларни қўлласа ҳам бўлади.
Тозаланг
Ҳар куни хонада намликни сақловчи тозалаш ишларини ўтказинг: полларни ювинг ва чангларни артинг. Бу нафас олишни енгиллаштириш учун муҳим. Дераза дарчасини очиб, хонани шамоллатишдан қўрқманг. Организми касаллик билан курашаётган киши учун тоза ҳаво жуда муҳим, хонани шамоллатиш - уни дезинфекциялаш усулларидан бири.
Дарвоқе, боланинг ҳарорати кўтарилган бўлса, уни чўмилтириш ҳам мумкин. Албатта, агар бола ухлагиси ёки ётиб дам олгиси келса, уни зўрлаб ваннахонага олиб чиқиш керак эмас. Бироқ агар боланинг умумий ҳолати яхши бўлса, у ҳаракатланиб, ўйинлар ўйнаётган бўлса, ювиниши мумкин.
Парҳезга риоя қилинг
Болани соғлом таом билан боқинг: касал бўлгани учун уни ҳаддан зиёд ширинликлар билан сийламанг. Агар боланинг иштаҳаси йўқ бўлса, уни ейишга мажбурламанг. Мажбурлаб едирилган тушлик инфекцияга қарши курашда ҳеч қандай фойда бермайди. Яхшиси, товуқ шўрва қайнатинг ва уни болага беринг: бу ҳам суюқлик, ҳам таом, ҳам шамоллашга қарши курашда ёрдам.
Нима қилиш мумкин эмас?
Касалликнинг ёқимсиз даврини муаммоларсиз ва йўқотишларсиз енгиб ўтишнинг энг яхши усули - беморни яхши парвариш қилиш. Нима учундир кўп зарарли хатти-ҳаракатлар (бувиларнинг гап-сўзларига кўра ёки форумлардаги тавсиялар) юқори ҳароратга қарши курашда мажбурий ҳисобланади. Хатоларга йўл қўймаслик учун:
- Болани ўраб ташламанг. Агар ҳарорат баланд бўлса, у ҳолда иссиқ кийим ва икки қават адёл жараённи янада чуқурлаштиради, холос. Яхшиси, яна бир пиёла илиқ шарбат ичишга кўндиринг;
- Боланинг ёнига иситувчи қурилмаларни қўйманг. Умуман олганда, хонадаги ҳарорат 22 даражадан юқори бўлса, уни пасайтириш керак. Истимаси чиққан болага 18-20 даражали хона ҳарорати айни муддаодир. Бундай ҳаводан нафас олиш шиллиқ қаватларни қуритиб юбормайди;
- Оёқларни буғ устида иситманг, қайноқ кастрюль тепасида нафас олинишига йўл қўйманг, хантал қўйманг: булар исботланган самарага эга эмас, куйиш ва қизиш хавфи эса ҳар қандай фойдадан кўпроқ. Боз устига бу ёқимсиз жараёнлар, болага шусиз ҳам қийин. Унга жуда ҳам ёрдам бергингиз келса, яхшиси қандай қилиб унинг кўнглини овлаш ва чалғитиш ҳақида ўйланг;
- Болани уксус ва ароқ билан артманг. Бу усуллар кам ҳолатларда ёрдам беради, бироқ улар болалар учун жуда зиён;
- Ухлашга ётгиси келмаган болани зўрлаб ётқизиб қўйманг. Бемор ўзига ўзи режим белгилайди. Агар ўйнашга кучи бўлса, бу яхши.
Вакциналардан кейин истима чиқса нима қилиш керак?
Баъзи вакциналар организмда вақтинчалик реакциялар уйғотади - укол қилинган жойнинг қизариши, асабийлик, ҳароратнинг ошиши. Бундай ҳолатлар 1-3 кунда ўз-ўзидан ўтиб кетади.
Ёқимсиз белгиларни истима туширувчи дори воситалари ва муайян режимга асосланиб йўқотиш мумкин.
Одатда вакциналардан кейин ҳарорат 37,5 даражадан юқори бўлмайди. Бироқ кўрсаткичлар бундан ошса, шифокорга мурожаат қилинг.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Пентагон АҚШнинг Исроил хавфсизлигига содиқлигини яна бир бор эслатди
G7 давлатлари Афғонистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувига ёрдам беради
Филиппин пойтахтида бошланган ёнғинда мингга яқин уйлар ёниб кетди
Ўзбекистон Республикасининг янги мудофаа вазири тайинланди
Финландияда омон қолиш курсларига ёзилаётган аёллар сони кескин ошди