15:32 / 05.11.2017
10 205

Аёлнинг умрига зомин бўлган бузғунчи хаёл...

Аёлнинг умрига зомин бўлган бузғунчи хаёл...
Тушликдан қайтсам котибам: «Сизни бир аёл сўраб келди. Узоқ қариндошингиз экан. Ҳозиргина шу ерда эди. Яна келса, ёнингизга кираверсинми?» деди. Котибадан келган аёлнинг исмини сўрадим. Қизгина аёлнинг исмини сўрамаганини айтди. Мен қайси қариндошим йўқлаб келган бўлиши мумкинлигини ўйлаб, энди ишга урингандим, тағин эшикдан котиба кўриниб, ҳалиги аёл келганини айтди. У гапини тугатмасидан ортидан кимдир салом берди. Аёлнинг овози таниш эди. Сирли меҳмоннинг кимлигини билиб, ҳали ўзи кўринмасидан ўрнимдан турдим. Айни пайтда тилимни еб қўйгандай жим эдим. Бир лаҳза «Энди нима қиламан?» деган савол хаёлимни банд этди. Аёл тағин салом берди. Котиба эса индамай ортига қайтди. Мен рўпарамда турган Санамни хонамга таклиф қилдим. Меҳмон мени кўриб қанчалик қувонган бўлса, мен шунчалик ҳадик билан юрак ҳовучлаб турардим. Санам эса қувноқлик билан қўл узатди ва таклифни ҳам кутмай рўпарамга жойлашди-да, юзимга тик боқиб:
— Одам кўрмагандай бунча довдирайсиз? — деди. Кейин жилмайиб қўшимча қилди. — Ёки мени кўриб севинчдан юрагингиз тўхтаб қолдими?
Аёл ўзи айтган гапдан завқланиб куларди. Мен эса ҳадик билан эшикка қараб, «Тсс!» дедим.
— Нега бунча қўрқасиз? Бемалол ўтираверинг, котибангизга қариндоши бўламан, деб айтдим. Хўш, ишларингиз яхшими? Мансабингиз ошибдими? Хурсандман! — дея Санам гапларни қалаштириб ташлади.
Бир муддат ўтиб, ўзимга келдим ва Санамдан ҳол-аҳвол сўраган бўлиб:
— Хўш, нима гаплар? — дедим.
Бу пайтда Санамнинг юзидаги бояги қувноқлик ўрнини алланечук маҳзунлик эгаллаганди. Аёлнинг порлаб турган кўзлари хона бўйлаб саволчан кезар, ҳар бир нарсага диққат билан термуларди. Кўзининг туб-тубида изтироб, ҳорғинликнинг акси кўриниб турар, оғир-оғир нафас олиши, лабида қотиб қолган ним табассум… Буларнинг барчаси Санам билан танишган кунимизни, ундан кейинги суҳбатларимизни ёдимга солди. Айни чоғда уни самимий суҳбатдош, минг йиллик дўсту қадрдон каби соғинганимни ҳис этдим.
Биз бундан беш йил муқаддам тасодифан танишиб қолгандик. Ўша куни негадир кайфиятим ёмон эди. Кимдир ҳар дақиқада қўнғироқ қилар, мен қизил тугмани босиб қўйсам ҳам, фойдаси йўқ эди. Асабийлашиб ўтирганим сабабли қўнғироққа жавоб беришни истамаётгандим. Бир маҳал ўша рақамдан хабар келди. Унда «Хафахонликдан ўлиб қолган бўлсанг ҳам, жавоб бер», деб ёзилганди. Хабарни ўқиб тугатмасимдан яна қўнғироқ бўлди. «Бу ким экан?» деган қизиқиш билан жавоб бериш тугмасини босдим ва гапириб улгурмасимдан аёл кишининг овози эшитилди:
— Худога шукр, тирик экансан! Ўлиб-нетиб қолган бўлсанг, нима қиламан, деб тургандим. Одам дегани ҳам шундай бўладими? Сенга неча марта айтдим, оилада сабр қилмасанг, сал нарсага аразлаб келаверсанг, эрсиз қолиб кетасан. Кейин юрасан менга ўхшаб, бир ўзинг сўппайиб…
У бир лаҳза ҳам тўхтамай кимгадир маслаҳат берарди. Аёлнинг гапларидан дугонаси эри билан аразлашиб қолгани, энди ота уйида дунёдан хафа бўлиб ўтирганини англадим. Маслаҳатгўй дугонанинг эса аллақачон оиласи бузилганди. Мен энди гапирмоқчи бўлсам, «Нима дейишингни яхши биламан, аввал мени эшит», деб тўхтатиб қўярди. Гўшакдаги аёл шу қадар берилиб, жон койитиб гапирардики, ҳатто менинг эркак киши эканимни ҳам фаҳмламади. Бир маҳал:
— Мана энди гапир, нима дейсан? — деди.
Жуда ноқулай вазиятда қолгандим. Шу сабаб бир лаҳза жим турдим. Сўнг базўр:
— Кечирасиз, адашиб тушдингиз, — дея олдим.
У томондан бояги аёлнинг:
— Шунча гапни жимгина эшитиб ўтирибсанми? Ҳей, эркак бўлмай кет! — деган овози келди-ю алоқа узилди.
Аёл қанчалик қўпол муомала қилган ва мени ноҳақ айблаган бўлмасин, негадир гапи дилимни оғритмади. Нотаниш аёлнинг овозидаги қандайдир самимият ўзгача таъсир қилди. Беихтиёр кулиб юбордим. Зум ўтмай узр сўралган SMS келди. Унга киноя аралаш жавоб ёздим. Шу тариқа биз тез-тез телефонлашиб турадиган бўлдик. Санам турмуш қилиб, бор-йўғи бир ярим йил яшаган, бесабр қайнонаси келинини туғмасликда айблаб, жавобини бериб юборган экан. Санам билан ёшимиз тенг бўлгани боис уни «Синфдош» деб атардим. У билан кунора қўнғироқлашиб турардик. Вақт ўтгани сари Санамга боғланиб қолаётганимни ҳис этардим. Санам эса мутлақо бепарво эди. У доим ўғил бола тенгдошим каби ҳазил қилар, устимдан кулишни хуш кўрарди. Санам уйланмаганимни ва ўзининг турмуши бузилиб келганини назарда тутиб, ўзини катта ҳисобларди. Сиртдан қараган одам бизни опа-ука деб ўйлаши ҳам мумкин эди. Санамнинг бу даражада бефарқлиги менга баттар азоб берарди. Охири унга дилимдагини айтдим.
— Ростданми? — деди Санам сўзларимни диққат билан эшитгач. — Ҳалиям боладайсиз, синфдош. Аввал улғайинг, таклифингизни кейин ўйлаб кўраман.
Бу гапдан жаҳлим чиқди. Барибир, уйдагиларни совчиликка юборишимни айтдим. Шундан сўнг минг бир азоб билан ота-онамни Санамга совчи бўлиб боришга рози қилдим. Аммо совчиларни Санамнинг ўзи кутиб олиб, рад жавобини бериб қайтарибди. Шундан сўнг алоқамиз узилди. Санамни унутиш учун қайтиб изламадим. У «Албатта, тўйга айтинг, бораман», деганди. Аммо хабар бермадим. Санамни ҳам деярли унутиб юборгандим. Ҳар замонда ёдимга тушиб, кўнглимни ажиб ҳислар чулғаб олишини ҳисобга олмаса, уни эсламай қўйгандим. Бугун Санам ишхонамга келганида негадир қўрқиб кетдим.
— Ҳа, нега индамай ўтирибсиз?
Аёлнинг гапи хаёлимни бўлди. Ютиниб:
— Қандай шамоллар учирди? Бормисиз? — дедим.
— Ҳа, юрибман. Синфдошга ўхшаб бир излайин ҳам демайсиз?
— Иш кўп… Одам ташвиши кўпайса, шундай бўлиб қоларкан. Хўш, ўзингизда нима янгиликлар? — дедим гап даромадини буриш учун.
— Ишнинг кўп бўлгани яхши. Болалардан нечта?
— Иккита: ўғил ва қиз, — қисқа жавоб бердим.
— Хурсандман. Шу болаларингизга энага керакмасми? Агар керак бўлса, мана мен бекорчиман. Кўп пул ҳам сўрамайман, — деди Санам жилмайиб.
Аёлнинг бу жилмайишида қандайдир макр, ҳийла бордек кўринди. Бундан юрагим орқага тортиб кетди. Худди Санам уйимга бориб, оиламнинг тинчини бузадигандек. Унинг гап-сўзлари ва ўзини эркин тутишидан, «Шу вақтгача оилали бўлолмай, энди мени излаб келган», деган хаёлга бордим. Шу сабаб қандай бўлмасин, аёлни тезроқ бу ердан кеткизиш пайига тушдим. Аммо Санам ўзини ҳеч нарса бўлмагандай тутаётганди. Ниҳоят, ишим кўплигини айтиб, эшикни кўрсатиб қўйиш керак, деган қарорга келдим ва:
— Санам, озгина ишларим бор эди. Бир жойга кетишим керак. Агар вақт бўлса кутиб турсангиз, келганимдан сўнг суҳбатни давом эттирамиз, — дедим.
— Узр, кўп вақтингизни олдим. Сиздан битта илтимосим бор. Мана, катта корхонага раҳбар экансиз. Иш топиб берсангиз. Нима иш бўлсаям, майли, — деди у.
Энди бояги тахминларим ўз исботини топаётганди. Демак, Санам қандай бўлмасин менга яқинлашишни истаяпти. Мана шу ўй хаёлимдан ўтгач, баттар жаҳлим чиқди. Бир вақтлар Санамга кўнгил берганим рост. Аммо ҳозир оиламнинг тинчи мен учун муҳим эди. Шу сабаб унга кексин жавоб бердим:
— Бизда иш йўқ, бошқа жойдан излаб кўринг!
* * *
Ишхонага қайтиб келсам, Санам аллақачон кетган экан. Аммо кетишдан олдин бир энлик хат қолдирибди. Хат қисқа, аммо аниқ-тиниқ қилиб ёзилганди. Бу мактуб унинг бутун ҳаётини очиб берганди. Хатда: «Сиз мендан қўрқдингиз. Лекин мен сиз ўйлагандай калта фикрлайдиганлар тоифасидан эмасман. Бу гапларни айтмаслигим керак. Аммо мени эслаганда кўнглингизга доғ тушмаслиги учун айтаман. Ҳозир бу шаҳарга келин бўлиб тушганман. Эрим ногирон. Нима қилай, кўнгил экан?! Шуни танладим. У ҳам ишлайди, лекин кам топади. Оиламиз қийналиб қолмасин, деб ўзимга иш ахтаргандим. Сиз эса… Майли, хафа эмасман. Соғ бўлинг!» деб ёзилганди.
Хатни ўқишим билан ўзимдан уялиб кетдим. Биров ҳақида нотўғри фикрга бориб, унинг дилига қанчалик азият берганимдан хижолат бўлдим. Ҳали буниси ҳолва экан. Уни излаб кўчага чиқдим. Шошиб кетаётгандим чорраҳада одамлар тўпланиб турганини кўрдим. Улар «Тез ёрдам» келишини кутар, ранги докадай оқариб кетган йигит нуқул: «Жонида қасди борга ўхшайди, қизил чироқни кўриб, йўлимга чиқди», дерди. Ерда ётган аёл эса ҳушсиз эди. Одамлар орасидан бош суқиб, жабрдийда аёлга қарадиму, кўз ўнгим қоронғилашди. У Санам эди. Шу пайт унга ёрдам беришга уринаётган амаки бош чайқадию, «тамом» дегандай юзига фотиҳа тортди.
Тўғри, Санамнинг бутун умри аччиқ синовда ўтди. Аммо нима бўлганда ҳам у ғамни кулиб енгишга қодир эди. Шу сабаб бу аёлнинг жонига қасд қилишига сира ишонмасдим. Лекин қизил чироқда ўтганига ҳам шубҳа қилмасдим. Санам ишхонамдан қайғуга ботиб чиққан ва бу ғам унинг ақл-ҳушини ўғирлаган. Шу сабаб у светофорга қарамасдан юрган.
Бу тахмин хаёлимга келдию, барчасида ўзимни айбдор санай бошладим. Бундан виждоним сўнгсиз азобда қолганди. Эҳтимол, ҳайдовчи жазо олиб, бу воқеани унутар. Лекин мен Санамнинг қалбига сўз билан жароҳат берганим учун виждон азоби, деган жазодан умр бўйи қутула олмаслигим тайин. Буни ўйлаганим сари сўз жароҳати олдида тиғ жароҳати ҳеч нарса эмаслигини ҳис этаман.
Қувончбек ХУДОЙШУКУР


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Аёлнинг умрига зомин бўлган бузғунчи хаёл...