Япония футбол ассоциацияси (JFA) Осиё футбол конфедерациясидаги (ОФК) вазиятдан тобора норози бўлиб бормоқда. Хусусан, ташкилот ичидаги адолатсиз қарорлар ва араб давлатларининг ортиб бораётган таъсири Токио раҳбариятини кескин чора кўришга ундамоқда.
Ироқнинг UTV нашри ёзганидек, Япония Саудия Арабистонида ўтган Элит Осиё чемпионлар лигаси мусобақаси атрофидаги баҳсли қарорлардан кейин янги федерация — Шарқий Осиё футболи уюшмасини тузиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Бу ғоянинг пайдо бўлишига “Виссел Кобе” клуби билан боғлиқ воқеа туртки берди. Жамоа “Шандун Тайшан” мусобақани тарк этганидан кейин рейтингдаги ўрнини йўқотди, шундан кейин эса ОФК томонидан 10 минг доллар жаримага тортилди. Японияда бу қарорни очиқ-ошкора икки ёқлама стандарт сифатида баҳолашди.
JFA вакиллари Япония клублари, шунингдек, Европада фаолият юритаётган юлдузлар — Такефуса Кубо ва бошқалар тақвимнинг ноқулайлиги ҳамда бошқарувдаги тизимли муаммолардан азият чекаётганини таъкидламоқда.
Манбаларнинг маълум қилишича, агар Шарқий Осиё Федерацияси расман ташкил этилса, Японияга нафақат Корея ёки Австралия, балки Ироқ каби давлатлар ҳам қўшилиши мумкин. Бу эса Осиё футболидаги ҳозирги куч мувозанатини жиддий ўзгартиради.
Кузатувчилар фикрича, Япониянинг бундай қадами футбол дунёсида катта сиёсий ва спортий инқилоб бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ОФК ичидаги тизимли ўзгаришларга туртки бериши эҳтимолдан холи эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!