Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Суперлига клублари фаолияти билан яқиндан танишишни бошлади. 17 октябрь куни у Ғузорга ташриф буюриб, “Марказий” стадионда бўлиб ўтган “Машъал” – “Хоразм” баҳсини трибунадан кузатди.
Таниқли мутахассис ташриф доирасида “Шўртан” клуби ва унинг академияси фаолияти билан ҳам танишди. Каннаваро ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг машғулот жараёнини кўздан кечирди ва истиқболдаги режалар ҳақида фикр алмашди.
“Шўртан” клуби раҳбарияти ва мураббийлар штаби Каннаварони самимий кутиб олди. Ташриф чоғида унга клуб рамзи туширилган 5-рақамли футболка ва “FC Shurtan” ёзувли шарф тақдим этилди.
Ёш футболчилар билан суҳбат давомида Каннаваро уларни меҳнатсеварлик ва интизомга чақирди. Унинг таъкидлашича, “футболда энг муҳими — иштиёқ ва доимий меҳнат. Талантсиз ҳам эмас, меҳнатсиз ҳам натижа бўлмайди.”
“Шўртан” академияси таркибидаги ўқувчи ва мураббийлар учун бу учрашув катта илҳом манбаига айланди. Ёшлар жаҳон чемпиони билан суратга тушиб, унинг маслаҳатларини тинглаш имконига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Фабио Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасига 2025 йил октябр ойида бош мураббий этиб тайинланган эди. Унинг асосий мақсади — жамоани жаҳон чемпионати гуруҳ босқичига муносиб тайёрлаш ва маҳаллий футбол инфратузилмаси билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Каннаваронинг “Шўртан” академиясига ташрифи шундан далолат берадики, у мамлакатдаги ёшлар футболини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратишни бошлаган. Шунингдек, бу ташриф маҳаллий клублар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги илк амалий қадам бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!