— Муҳаббатимиз-чи?! У ҳам бўлмағур гапми? Шу пайтгача айтган сўзларингиз, берган ваъдаларингиз ҳаммаси ёлғон эдими? — деди Саида ер чизиб.
Қизнинг бутун вужуди титрар, юзи уят ҳамда ҳаяжондан қизарган ва дастрўмолини ғижимлаб, тез-тез кўз ёшини артарди. Саиданинг рўпарасида турган Бахтиёр изма-из берилган саволларга олдиндан тайёрлаб келган жавобларини қалаштириб ташлади.
— Ахир айтяпман-ку, ҳаммаси вақтинчалик деб. Бу ишларни тезда бир ёқли қилиб, яна ёнингга қайтаман, ўлай агар! Бу ишлар фақат ўзимга боғлиқ бўлганида сени йиғлатиб ўтирмасдим. Қолаверса, ўша ёқда қолиб ишлашим учун ҳам бунга рози бўлмай иложим йўқ…
— Демак, ишни деб мендан кечиб кетаркансиз-да?! — Саида фавқулотда мағрурлик ила сўзлади.
— Нега энди ишни деб? Иш учун эмас, сен вазиятни тушунмаяпсан. Унинг дадаси катта одам. Айтганига кирмасам, истаган кўйига солиши мумкин. Унда сенга ҳам, менга ҳам ёмон бўлади. Яхшиси, айтганига рози бўлганим маъқул.
Саида «Кимдандир қўрқиб ғурурингиз ва муҳаббатингиздан кечасизми?» демоқчи бўлди. Лекин бу гаплар Бахтиёрга кор қилмаслигини билиб, индамади. Айни чоғда Саида бирдан қатъиятли бўлиб қолган эди. Энди қизнинг вужуди титрамас, дастрўмолини ғижимламас, кўз ёши ҳам тинган ва бояги ҳаяжону хавотир ўрнини аллақандай тушунуксиз туйғу эгаллаганди. Айнан шу туйғу Саидани тезроқ бу ердан кетишга ундар, энди Бахтиёрнинг ёнида бир дақиқа ҳам қолиши мумкин эмаслигини эслатиб турарди гўё. Сониялар ўтиши билан тумандек оқ булутлар киши истаган шаклга киргани каби бу туйғу ҳам аниқ бир маъно касб этди. Саида бу туйғу нафрат эканини ва у ҳозиргина кўнглида мавж урган муҳаббат ўрнини эгаллаб олганини ҳис этди.
Бахтиёр қизнинг жим бўлиб қолганини ва ўзини қўлга олганини ўзича тушунди. Бироз енгил нафас олиб, дадил гапирди:
— Хўш, келишдикми?
— Йўқ! Келишмадик. Энди йўлимиз бошқа-бошқа. Мени қайтиб безовта қилманг. Бўпти, хайр!
Саида шундай дея ортига ўгирилиб, жўнади. Бахтиёр нима қиларини билмай, бир зум анграйиб турди-ю, сўнг номигагина илтижо қилди.
— Саида, тўхта! Сен мени тушунмадинг…
Саида ортига қайрилиб ҳам қарамади. Қизнинг феълини яхши билган Бахтиёр Саиданинг ортидан бориш фойдасиз эканини англаб, уйига жўнади. Йигит Саидадан узоқлашгач, бир қўлини мушт қилиб, иккинчи кафтига урди ва «Есть!» деди қувониб. Сўнг уф тортиб, энгил нафас олди. Бахтиёр уйга кетгунча келгуси режаларини тузаркан, энди тезроқ шаҳарга қайтиш кераклиги ҳақида ўйларди. Бахтиёрнинг қишлоқда бажариши керак бўлган ишлари тугаганди. Энди эса шаҳарга бориб, тўйни тезлаштирса ҳам бўлади. Ахир Бахтиёр бу кунларни қанчадан буён интиқиб кутаётганди. Аввалига отаси шаҳардан уйланишига рози бўлмагани Бахтиёрни анча ташвишга қўйди. У бир телефон қўнғироғи билан битказаман, деб ўйлаган иши учун қишлоққа келиб-кетишига тўғри келди. Яхшиям отаси Саида билан муносабатларидан бехабар экан. Бўлмаса, икки дунёда ҳам розилик бермасди.
Дарвоқе, Бахтиёр коллежда ўқиб юрган пайтидаёқ Саида билан аҳду паймон қилган эди. Аввалига қиз рози бўлмади. Лекин Бахтиёр айтганидан қолмай, Саиданинг ортидан юраверди. Ахийри қиз йигитга мойиллик билдирди. Шунда ҳам очиқ гап айтмади. Бахтиёр Саидадан яхши кўриш-кўрмаслигини сўраб, қистовга олганида: «Ҳамма биладиган гапни такрорлаб нима қиламан?» деди уятдан юзи қизариб. Бахтиёр эса бот-бот унга яхши кўришини такрорлаб, ваъдалар берарди. Сўнг Бахтиёр ўқиш учун шаҳарга кетди. Лекин ўқишга кира олмади. Ўқишга тайёрланиш баҳонасида шаҳарда қолди. Кун кечиришга уйдан пул сўрамаслик учун ўзига иш қидирди. Аввалига дуч келган ишларни бажариб юрди. Аммо бирор муқим иш топа олмади. Кечга яқин машинада келган киши иш борлигини айтиб, уни ёнига чақирди. Бахтиёр савдолашмай, машинага ўтирди. Иккиси бора-боргунча суҳбатлашиб кетишди. Аниқроғи, ишчи қараб келган Шаҳзод акани Бахтиёрнинг ким экани қизиқтирарди. Бахтиёрнинг ўзига тўқ оиладан эканини, ўқиш учун шаҳарда юргани ва уйдан пул сўрамаслик учун баъзан ишга чиқиб туришини билган Шаҳзод аканинг унга нисбатан ҳурмати ошиб:
— Ҳалол меҳнатнинг айби йўқ, — деди. — Мана, бир пайтлар мен ҳам узоқ вилоятдан келганимда бу ерда бирорта танишим, қўллайдиган акаларим йўқ эди. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, шу даражага эришдим. Худога шукр, бировдан кам жойим йўқ. Йигит киши меҳнатдан қочмаслиги керак.
Бахтиёр Шаҳзод аканинг гапларини тасдиқлаб, индамай борарди. Улар манзилга етишгач, қасрдек қурилган уй оддий машина минган ва одми кийинган Шаҳзод акага тегишли эканига шуҳбаланди. Лекин бир муддат ишлагач, Шаҳзод ака шунча бой-бадавлат бўлишига қарамай, ўзини хокисор тутишини билиб олди. Энди Бахтиёр унга ҳавас билан қарай бошлади.
Ўша куни Бахтиёр ишни охирига етказа олмай, эртаси куни яна Шаҳзод аканинг уйига келди. Шаҳзод акага Бахтиёрнинг ишлаши, муомаласи ёқиб қолганди. Шу сабаб Бахтиёрнинг телефон рақамини олиб, яна иш бўлса, чақиришини айтди. Шу-шу бўлди-ю, Бахтиёр Шаҳзод ака билан яқинлашиб кетди. Бахтиёр ўқишга киргач, Шаҳзод ака унга:
— Энди пул аввалгидан ҳам кўпроқ керак бўлади. Бизнинг кичик цехимиз бор, шунда ишласангиз, қандай бўлади? — деди.
Бу таклиф Бахтиёрга ёқиб тушди. У аввал оддий ишчи, кейин цехда назоратчи бўлди. Бир йил ўтмасдан Шаҳзод ака цехнинг бутун ишини Бахтиёрга ишониб топширди. Бахтиёр бу ишларни бемалол уддалаётганди. У энди Шаҳзод аканинг ҳовлисида яшаб, хўжайнининг юмушларини бажариб юрадиган ишончли кишига айланганди. Одамлар билан киришимли бўлган Бахтиёр Шаҳзод аканинг қўшнилари билан ҳам иноқлашиб кетди. Уни бутун маҳалла Шаҳзод аканинг жияни сифатида таниб улгурганди. Шу тариқа Бахтиёр Шаҳзод аканинг ён қўшниси Ислом аканинг ёлғиз фарзанди Назирага кўнгил берди. Айни пайтда Саидага берган ваъдаларини унутганди. Энди йигитнинг кўзига илк муҳаббати эмас, келгусида ўзига қоладиган катта ҳовли ва анча-мунча мол-мулк кўринарди. Шу сабаб Бахтиёр аввал отасидан Назираникига совчи бўлиб келишини сўради. Аммо отаси нотаниш оила билан қуда бўлишга рози бўлмагач, қишлоққа келиб, отасини базўр рози қилди. Сўнг Саида билан ҳам бир йўла хайрлашиб кетмоқчи бўлди. Лекин қизга вазиятни бошқача тушунтирди. Саида севгилисининг сўзларига ишонмади. Лекин Бахтиёр қасам ичиб, Назиранинг ўзи унга ёпишиб олгани, қандайдир ҳийла билан тузоққа туширгани ва энди унга уйланишга мажбур эканини айтди. Бу гаплардан сўнг Саида муҳаббатдан ҳам, дунёдан ҳам кўнгли совиб, уйига йиғлаб қайтди. Бахтиёр эса келгуси бахтини хаёл қилиб, қувониб борарди.
* * *
Тўй ўтди. Бахтиёр ростакамига бахтли инсон бўлиб, Ислом аканинг ҳовлисида Назиранинг ота-онаси билан яшай бошлади.
Кунларнинг бирида Бахтиёр одатдагидек ишдан келиб овқатлангач, хонасига кириб, телевизор томоша қила бошлади. Ундан сўнг хонага кирган Назира:
— Шуни ўчиринг! Бошим оғриб кетди, ухлайман, — деди.
Бахтиёр кино кўрмоқчи эканини айтди-ю, индамай ўтираверди. Назира эса бир зум кутди. Сўнг хонадан чиқиб, қаергадир бориб келди. Бир муддат ўтгач, эшик ёнида Назиранинг онаси пайдо бўлди ва куёвига:
— Бахтиёржон, ўғлим, шу телевизор ўлгурни ўчирсангиз ёки овозини пастроқ қилсангиз. Товуши бизгача боряпти, — деди мулойимлик билан.
Таклифга ўхшаб айтилган бу гап, аслида, буйруқ эканини Бахтиёр яхши биларди. У шу ҳақда ўйлар экан: «Ёш боладай муомала қилишларидан чарчадим», дерди. Ҳозир ҳам шудай ўй билан ётар, Назира онасига айтиб телевизорни ўчиртирганини ўйлаб, алами келарди. Шу кунгача бундай муносабат жонидан тўйдириб юборган Бахтиёр беихтиёр овоз чиқариб: «Ўзимга бахт эмас, олтин қафас орзу қилган эканман, Саида!» деб юборганини сезмай қолди. Буни эшитган Назиранинг кўзлари катта-катта очилди ва дағдаға билан:
— Нима? — деди. — Ҳозир нима дедингиз? Менга қаранг, нега кўзингизни олиб қочасиз? Гапиринг, Саида ким?
Назира таҳдид билан эрининг тепасида турар, негадир ёш боладай қўрқиб кетган Бахтиёр дағ-дағ қалтирарди.
Қувончбек ХУДОЙШУКУР
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади