Дўстим Жавлонга қўнғироқ қилаётиб, шошилинчда беш рақами ўрнига саккиз рақамини босиб юборибман. Аммо нариги томондан эшитилган ширин овоз мени бир зумда сеҳрлаб қўйди.
— Алло…
Унинг овозидаги майинлик юрагимнинг тинч денгизида тўфон кўтарди, гўё. Шу биргина калом мени бир сонияда жодулади. Аранг:
— Алло, бу Жавлоннинг рақамими? — дея олдим.
— Йўқ, адашдингиз Жавлон эмас, Мавлоннинг рақами, — ўз гапидан завқланиб кулди қиз. — Так что, яхши йигит, адашдингиз…
— Тўхтанг, овозингиз жуда чиройли экан, — яна нималарнидир гаплашгим келди.
— Ўзим ҳам биламан, майли… Гапи охирламасдан яна саволга тутдим:
— Мабодо радиода ишламайсизми?
— Йўқ.
— Қаерда ишлайсиз?
— Қизиқ экансиз-у, сизни танимасам. Омон бўлинг, ҳая, саволингиз бежавоб қолмасин. Мен ўликхонада ишлайман…
У тарафдан тут-тут деган овоз эшитилди. Хаёлларим эса пароканда бўлиб кетди. Ким экан? Овози шунчалар ёқимли бўлса, ўзи қай даражада гўзал? Мана шу қисқа суҳбат уни ёқтириб қолишимга сабаб бўлди. Рақамни атайин телефон хотирасига «Адашганим» деб сақлаб қўйдим. Кечга томон яна ўша ширинсухан қиз билан суҳбатлашгим келди. Рақам тердим.
— Алло, — яна соҳир овоз эшитилди.
— К…кечирасиз, яна сизга адашиб тушдимми? — атайин ўзимни билмасликка солдим.
— Шунақа, шекилли…
— Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, учинчиси қариндош, дейишади.
— Йўғ-е, сиз ҳали мени кўрмадингиз-ку…
— Кўрмасам ҳам овозингиздан худди кўриб тургандек ҳис қиляпман. Исмингиз нима?
— Аломат, — дея хандон отиб кулди қиз. Унинг қаҳқаҳаси ҳам жуда ёқимли эшитилди.
— Ҳазилга уста экансиз. Ростини айтинг, менинг исмим Мурод.
— Яхши, аммо Мурод ака, бу рақамга бошқа қўнғироқ қилманг. Акам олиб қолса, нақ балога қоласиз.
Тавба, қизларнинг билиб олган қуроли: «Акамга айтаман». Акаси борми, йўқми фарқи йўқ. Йўқ, мен ортга чекинадиганлардан эмасман.
Эртаси куни яна қўнғироқ қилдим.
— Лаббай, — унинг овози худди хушбўй атир сингари кишини маст қилиб қўярди (Ҳар ҳолда менда шундай ҳолат кузатилди).
— Аломатхон, яхши дам олдингизми?
— Раҳмат, яхши. Нима керак ўзи сизга? — савол оҳангидан қизнинг жаҳли чиққанини пайқадим.
— Сизни ёқтириб қолдим, десам ишонасизми?
— Йўқ, ишонмайман. Ахир сиз мени кўрмагансиз-ку?
— Кўрмаган бўлсам ҳам тасаввур қиляпман. Овози шу қадар гўзал инсоннинг ўзи ҳам гўзал бўлиши табиий.
— Агар ундай бўлмаса-чи? Хаёлларингиз адашган бўлса-чи?
— Йўқ, мен адашмайман, — дедим қатъий.
— Сиз ўйлагандек чиройли бўлмасам-чи?
Бу саволни кутмагандим…
— Унда, у ҳолда… — каловланиб қолдим.
— Хайрми?
— Йўғ-э…
— Хайр… — яна гўшак қўйилди.
Ростдан ҳам шундай бўлса-чи? Йўқ, қиз мени алдаш учун, қайта безовта қилмаслигим учун шундай деди. Биламан, у жуда гўзал.
Кечга бориб яна қўнғироқ қилдим.
— К…кечирасиз, боя гапимни тугатмасимданоқ қўйиб қўйдингиз… Мен сизни ёқтириб қолганим рост. Сиз қандай бўлманг, мен сиз билан алоқани узмайман. Келинг, учрашайлик.
— Йўқ, учрашишимиз учун аввал синовларимдан ўтинг, яхши йигит, — дея кулиб юборди у.
— Ҳеч бўлмаса исмингизни айтарсиз.
— Гулсанам…
— Мамазоитовами? — атай ҳазилга бурдим тағин.
— Ҳа, Отабек Муҳаммадзоҳид акам бўлади.
— Мен эса Муродбек Қиличевман. Бирга дуэт айтсак бўларкан-а, Гулсанам…
Нариги томондан қизнинг шўх кулгуси эшитилди.
Шу тариқа у билан телефонда яқиндан танишиб олдик.
— Тиббиёт коллежининг битирувчисиман, — деди у.
— Тақдир ўйинининг ажойиблигини қаранг. Касбимиз ҳам яқин экан. Мен дорихонада ишлайман. Икки йил аввал тиббиёт коллежининг фармацевтика факультетини тамомлаганман.
Шу тахлит суҳбатимиз бир-бирига уланиб кетди. У билан соатлаб гаплашардим. Очиғи, телефондаёқ унга асир бўлгандим. Яна нималарнидир суҳбатлашгинг келаверади. Унинг суврати тасаввуримда чизилиб, ҳатто тушларимга ҳам кирарди.
— Расмингизни «Телеграм»дан жўнатинг, бир кўрай. Ёки манзилингизни беринг, бораман.
— Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор, Мурод ака. Сабрингизни синайлик-чи? — деди у қувлик билан.
Сирли севгилимдан ишхонамдагилар ҳам бехабар қолишмади.
— Тавба, кўрмасдан ҳам бирорта қизни севиб қолса бўларкан-а, — деб ҳайратланди иш бошқарувчимиз Асад ака.
— Қараб туринг, бирорта хунук қиз келса, севгани учун пушаймон бўлади, — жавоб қилди ҳамкасбим Дилдора.
Хуллас, нақ олти ой фақат телефонда суҳбатлашдик. Менинг сирли қўнғироқларимдан хабар топган онам:
— Келин топиш илинжида юргандим. Ким у қиз? — деб сўради.
— Ойи, рости ўзим ҳам ҳали кўрмаганман.
— Ие, кўрмасдан қандай гаплашяпсан? — ҳайратланди онам.
— Телефонда танишиб қолгандим. Ҳали учрашувга рози бўлмади.
— Вой, болам, овози чиройли-ю, юзи хунук қиз бўлса нима қиласан? Ўқиш жойини сўрамадингми?
— Сўрадим. Тиббиёт коллежида ўқиркан. Аммо қайси бирида эканлигини айтмади.
— Болам, ишқилиб, алданиб қолмагинда… Муҳаббатда алданган ёмон. Кўнглинг синса жуда алам қилади. Бир учраш. Ўзингни алдама, — деди онам хайрихоҳлик билан.
Волидамнинг хавотири менга ҳам кўчди. Ростдан ҳам кимдир мени алдаб юрган бўлса-чи. Яхшиси, уни учрашувга чақираман. Бас, шунча пайт телефонда гаплашганимиз етар…
— Гулсанам, сиздан бир илтимосим бор, — дедим эртасигаёқ қўнғироқ қилиб. — Ишхонамга келинг, илтимос. Мушук-сичқон ўйинини бас қилайлик. Бир учрашайлик.
— Бўпти, аммо мени кўриб ҳайратланмайсиз. Бирга бирор жойда тушлик қиламиз, розимисиз? — деди у ҳам таклифимга жавобан.
Уйқудан барвақт туриб, ўзимга оро бердим. Ҳарқалай қизда яхши таассурот қолдиришни истадим. Ишхонага кириб борарканман, ҳамкасбларим мендаги ўзгаришни пайқашди.
— Ҳа, бугун худди куёвлардек ясаниб келибсан, — деди Асад ака.
— Бугун Гулсанам билан учрашаман. Шу ерга келади, — қувончимни яширмай сўзладим.
— Қаранг-а, маҳбубангизнинг чиройини кўрарканмиз-да, — деди қақажон Дилдора.
Вақт тушга яқинлашгани сари бетоқатлана бошладим. Шу пайт қўл телефоним жиринглади.
— Мен келдим. Бу ерда иккита дорихона бор экан. Қайси биридасиз? — унинг овозини эшитиб, ҳаяжонга тушди.
— Тепасида жигар ранг ёзувда ёзилгани… — Негадир юрагим шошиб кетарди.
Зум ўтмай Дилдора қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди:
— Мурод ака, анавими севгилингиз?
У кўрсатган томонга қарадим. Эшикдан баланд бўйли, дўмбоққина қиз биз томонга қараб келарди. Эгнидаги ҳаворанг либоси уни янада тўла кўрсатарди. Юзидаги пардоз ҳаддан ошиқлиги сезилиб турарди. Очиғи, бундай қиёфани кутмагандим.
— Йўқ, Дилдор, у эмас, — дедим азбаройи ҳафсалам пир бўлишидан қўрқиб.
Дарҳол сим қоқдим. Эшикдан кираётган қизнинг телефони жиринглади. Шу заҳоти ўчирдим. Ишхонамиздагилар қизни кўриб, пиқ-пиқ этиб кула бошлашди.
— Телефонда севиб қолган Лайлингиз жуда гўзал экан-а, — дея гап қўшди ҳамкасбим Талъат.
— Жим бўлинг, мени йўқ денглар, — деганча ичкарига кириб кетдим. Алам ва андишадан ўзимни қўярга жой тополмасдим. Нима қилишни билмай қолгандим.
— Кечирасизлар, Мурод ака шу ерда ишлайдими? — сўради қиз.
— Ҳа, ҳозир чақириб берамиз, — жавоб қилди Дилдора қувлик билан.
Чиқай десам, бундай қизни кутмагандим. Чиқмай десам йигитлик лафзим бор. У билан бирга тушлик қилишга келишиб олгандим, ахир. Майли, нима бўлса бўлди, таваккал, дея ёнига чиқдим.
— Сиз… сиз Гулсанаммисиз? — аранг сўз қотдим.
У ҳам мен кўриб кулиб юборди. Бош силкиди.
— Ҳа, ҳайрон қолдингизми? Кимни кутгандингиз? — сўради кулимсираб.
— Мен… ҳалиги… — ортимдан мени кузатишаётганини пайқадим-да, дарҳол кўча томонга ишора қилдим.
— Ҳозир халатимни ечай, бирор жойда ўтирамиз…
— Ёқимли суҳбат тилаймиз, — деб кулишди ҳамкасбларим.
Йўқ, мен номард эмасдим. Гулсанам билан бирга ўша атрофдаги кичикроқ тамаддихонада тушлик қилдик. Аммо унинг негадир овози телефондагидек майин эмасди. Сўрашга ботинолмадим. Ҳарқалай қиз боланинг кўнгли нозик бўлади. Тушлик давомида кўп гаплашмадик ҳам. Уни автобус бекатига қадар кузатиб қўйдим.
Дорихонага кириб келарканман, яна кулги кўтарилди.
— Бўлди қилинглар. Мен қаердан билай? — дедим азбаройи аччиқланиб.
Ишончим паймол бўлганидан йиғлаб юборишдан аранг ўзимни тийиб турардим. Ҳиссиётлар бир зумда алмашганди. Овоз ва кўринишдаги фарқ туйғуларимни ҳам чалкаштириб юборганди.
— Вой, жуда келбатли қиз эканми? Мабодо тош кўтармасмикан? — яна ҳазил қилди Дилдора.
Шу маҳал телефоним жиринглади. Экранда Гулсанам ёзуви чиққанди. Телефон тугмасини босишга иккиланиб қолдим.
— Жавоб беринг, Ширинингиз ахир… — яна кулишди ишхонадагилар.
— Алло…
Шу заҳоти алоқа узилди.
— Мен келдим, — деган овоз эшитилди ортимдан.
Ўгирилиб қарасам, ёнимда чиройли қиз турарди. Тим қора қош-у кўзлар. Лабининг остидига нуқтадек холи ҳам бу чиройга янада ўзгача ҳусн қўшарди. Эгнидаги сариқ либоси келишган қадди қоматига жуда ярашганди. Худди тушларимда кўрган малагим эди, гўё.
— Гулсанам!… — янада ҳайратга тушдим.
— Ҳа, мен Гулсанамман. Ҳамкасбларим ҳам унга тикилиб қолишганди.
— Мени кечиринг, Мурод ака, синаш учун курсдошим Дурдонани жўнатгандим. Муносабатингизни билмоқчийдим. Агар яшириниб, мен йўқман, деганингизда, ҳақиқий Гулсанамни кўрмасдингиз. Мардлигингиз ва самимийлигингиз учун ўзим ёнингизга келишга қарор қилдим.
САИДА
Манба: hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи