19:40 / 02.06.2018
5 845

Закот ҳисобидан бировдаги қарзни соқит қилиш

Закот ҳисобидан бировдаги қарзни соқит қилиш
Бировнинг зиммасидаги қарзни закотга ётқизиб, уни мазкур қарздан озод қилиш ҳанафий мазҳабимиз ҳамда ҳанбалий мазҳаби, шунингдек, Ашҳабдан ташқари моликийларнинг аксари ва шофеъий мазҳабидаги икки хил қавлнинг асаҳҳ деб топилганига кўра жоиз эмас. Негаки, закот бериладиган нарса. Бировда ётган қарзни ўчириш эса бериш ҳисобланмайди. Қуръони каримда қачон закот тилга олинса, “бериш” лафзи билан ишлатилган.

Ундан ташқари, закот ҳисобига бировнинг зиммасидаги қарз ўчирилганда кўпроқ қарз эгаси манфаатдор бўлиб қолади. Чунки, у ололмаётган қарзини қайсидир маънода ундираётган бўлади. Шу жиҳатдан бу ерда холислик ва самимиятга ҳам путур етади.

Қолаверса, закот бу ибодатдир. У шахсий манфаат устига қурилмаслиги керак. У Аллоҳнинг ҳаққи. Шундай экан, инсон уни ўз манфаати томонга буриши, музлаб қолган молини тирилтиришга восита қилиши ёхуд қарзини ундиришга васила қилмоғи жоиз бўлмайди. Бинобарин, кимдир ўзига қарздор бўлиб, қийналиб қолган одамдан қарзининг бир қисми ёки ҳаммасини ўчириш ҳисобига закот бердим деб ҳисобласа, уламолар жумҳурига кўра, шариат нуқтаи назаридан закот берган ҳисобланмайди.

Аммо, агар қарз соҳиби қарздорга закот тариқасида ундаги қарз миқдоридаги (ёки ундан кўпроқ ёки камроқ бўлган) маблағни берса ва қарздор ўша маблағни олгандан сўнг қарз соҳибига қайтарса, уни олиш жоиз.

Лекин, бу ҳолатда ўзаро келишиб олинган бўлмаслиги, ҳийла бўлмаслиги ва ўз молини шу тариқа тиклаб олиш мақсади бўлмаслиги керак.
Худди шу шартлар билан қуйидаги иш ҳам жоиздир: биров сиздан мисол учун 1000 доллар миқдорда қарз олган ва уни тўлашга қийналяпти. Сиз закот берадиган бадавлат инсонсиз. Қарздорингиз бошқа бировдан мазкур маблағни қарзга олиб, сизга қайтарса ва уни олгач, сиз у инсонга закот тариқасида мазкур пулни берсангиз, бу ҳам жоиздир.

Шунингдек, бир инсонда катта миқдорда пулингиз бор. У одам қийналиб қолганлиги туфайли мазкур пулни қайтаролмаяпти. Агар ўша маблағни унга бутунлай туҳфа қилиб юборсангиз, мазкур пулдан закот чиқармайсиз. Яъни, ундаги ўз маблағингиз ҳисобидан закот чиқаришингиз бўйнингиздан соқит бўлади. Бу мазҳабимизда истеҳсон йўлига кўра жоиз бўлган амалдир.

Агар бировда қарзингиз бўлса, қарздорга муҳлат берсангиз ва қаттиқ туриб олиб талаб қилмасангиз, ўзингиз учун савоб бўлади. Зеро, қийналиб қолган қарздорга муҳлат бериш Аллоҳнинг буйруғидир. “Бақара” сурасининг 280-оятида шундай марҳамат қилинади, (маъноси): “Агар (қарздор) қийналиб қолган бўлса, бас, унга то бойигунча муҳлат беринг! Агар билсангизлар, (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир”.
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Закот ҳисобидан бировдаги қарзни соқит қилиш