16:18 / 09.08.2018
4 866

Бир гапим бор... Эшитасизми?!

Бир гапим бор... Эшитасизми?!
Аёл жиноят қилибди... Ёш ўсмир жиноятга қўл урибди... Бу каби хабарлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Аслида, булар – натижа. Уларни келтириб чиқарувчи сабаблар қаерда? Қуйида шулар ҳақида.

Биринчидан, иқтисодий омил. Ишсизлик, оиладаги етишмовчиликка чора топа олмаслик жиноятларга эшик очмоқда. Бу осон йўллиги маълум, аммо айрим инсонлар тегишли идораларга бир ёки икки марта мурожаат қилишида муаммоси ҳал бўлмаганидан тузумга нисбатан негатив хулосаларга бориши мумкин. Уларнинг назарида, гўёки қонунлар ишламайди, давлат халқни ўйламайди... Яратилаётган имкониятлар, қулайликлардан фойдаланиш муайян қийинчиликларга ҳам эга. Масалан, банкдан кредит олиш учун аввал унга аниқ маблағ қўйиш талаб этилади. Парадокс. 20 000 000 пули бор одам 50 000 000 олишга эҳтиёжи бормикан? Ахир, пули йўқ одам банкларга мурожаат қилмайдими? Ёки кредит олиш учун тўпланадиган ҳужжатлар ранг-баранглигини айтмайсизми? Гўё одамлар банкларга кредит сўраб мурожаат қилмасин, дея атай шундай қилинаётгандек. Ахир, одамлар “Россияда 20 дақиқада расмийлаштиришар экан”, “Қозоғистонда бундоқ экан”, “Фалон мамлакатда ундоғ экан...” деган гапларни эшитмоқда, борганлари гувоҳ бўлишмоқда – айтишмоқда. Биз шундай ахборот даврида яшамоқдамиз. Юртимиздаги бу ҳолат эса табиий банк иш тизимидан норозиликларга, уларга ишончсизликларга сабаб бўлмоқда.

Шу сабаб банк муомала тизимини, шунингдек, банк ва мижозлар ўртасида тузиладиган шартномаларни соддалаштириш мақсадга мувофиқ. Уларнинг биртомонлама бўлишига йўл қўймаслик лозим. Ҳам банк, ҳам мижоз манфаатлари кўзда тутилган хизматларни таклиф этиш керак бўлади.

Яна бир гап. Юртимизда қанчадан-қанча уйлар қурилмоқда. Лекин... Улар, биринчидан, қиммат, иккинчидан, унинг биринчи бадали ҳисобига уй қуриш мумкин. Бунинг устига, уй олувчи, биринчидан, банкдан олган маблағининг фоизини тўламоқда (15 йилга бўлиб тўласа ҳам, фоиз миқдори ҳар қандай одамга малол келадиган даражада катта). Иккинчидан, уй нархининг ўзи қиммат. Ўрганиш натижаларига кўра, ҳозирда оддий қишлоқ фуқароси ўзига мос тўрт хонали уйни (одатда, қишлоқлардаги аксар уйлар тўрт хонали қурилади) битказиб, яшаш учун яроқли ҳолга келтириши учун кўпи билан 70-80 000 000 кифоя қилар экан. Чунки баъзи қурилиш ашёлари ўзидан чиқади, баъзиси яқинлари, дўст-ёрлари томонидан эҳсон қилинади. Ёки халқимизда ҳали ҳам ҳашар маданияти мавжуд. Баъзи одамларда уста текинга ёки арзон пулга хизмат қилиб беради.

Демак, одамларга тайёр уй-жой қуриб бериш билан бир қаторда уларга ер бериш амалиётини ривожлантириш яхши натижа бериши мумкин. Ўзлари қуриб олсин. Бунда қурилиш ишларига аниқ вақт белгиланиши ҳамда уй-жой учун ажратилган ер участкаларини сотмаслик жорий этилиши мақсадга мувофиқ. Бунинг учун эса банклар уй-жой қуриш учун махсус кредитлар жорий этиши мумкин бўлади. Шунда фуқаролар 300 000 000 эмас, 50 000 000 кредит олиши мумкин бўлади ва энг муҳими, уларда бу маблағни тўлаш қобилияти мавжуд. Уй-жой қуриб бераётган пудратчиларга давлат томонидан берилаётган имтиёзлар учун ажратилган маблағ эса ёлғизлар, ўта муҳтожлар, олимларга йўналтирилса, уларга уй, машина кўринишида тақдим этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу, ўз навбатида, юртимизда илм-фаннинг ривожига хизмат қилиши шубҳасиз.

Иккинчидан, ижтимоий омил. Ҳаётда ҳар хил воқеалар содир бўлади. Қўшничилик, қариндошлар, ишхонадаги муносабатлар ҳар доим ҳам кўнгилдагидек кечавермайди. Уларни ақл билан ечиш ўрнига ҳиссиётларга эрк бериш, тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилиш нохушликларни келтириб чиқаради. Айниқса, кейинги пайтларда яқинлар, қўшнилар, жигарлар ўртасида келишмовчиликлар авж олаётгандек. Энг ёмони, ижтимоий тармоқлар буни оммага ёйиб, тарғиб қилмоқда. Одамлар улардан бехабар бўлса, ўзи шундай ҳолга тушганида эзгу, ақлли ечимга келиши мумкин. Шу ўринда шукр маданиятини шакллантириш муҳим. Шунингдек, маҳалла институти фаолиятининг маълум қисми маърифат тарғиботига йўналтирилса, фойдадан холи бўлмас эди.

Учинчидан, жоҳиллик. Бу сўздан китоб ўқимайдиган, ўқиганига амал қилмайдиган, ҳар жойда кўрганию эшитганига кўр-кўрона тақлид қиладиган инсонлар назарда тутилмоқда. Жоҳил шафқатсиз – ваҳший, золим; меҳрсиз, бефарқ, лоқайд, масъулиятсиз бўлади. Жоҳилларнинг бир тури ўз фикринигина маъқуллайдиган, ўзгаларни аҳмоқ санайдиган худбин одамдир. Бу каби инсонларнинг кўпайиши оилалар нотинчлиги учун бир сабабдир. Зеро, оилада болалар ҳам, аёллар ҳам тингланиши, ҳурмат қилиниши лозим. Жоҳил эр ноҳақлиги айрим аёллар ва болаларни жиноятга етакламоқда. Шу сабабдан бўлса керак, эрини ўлдирган аёл ҳақидаги шум хабар эшитилмоқда. Отасига қўл кўтарган бола мақола қилинмоқда. Бу аёл ва бола жиноятчи, гуноҳкорми ёки жабрдийда? Бу ўрганилиши керак. Чунки оиладаги бош тарбиячи – ота маънавиятининг пастлиги, жоҳилона хатти-ҳаракатлари билан оиласи аъзоларини ўзига қарши қилади. Шу тахлит ота-болалик, эр-хотинлик, ака-укалик, опа-сингиллик муносабатларига дарз кетмоқда, оқибат кўтарилиб, қадриятлар унутилмоқда. Уларни қайтариш аксар жиноятларга барҳам беришдир. Буюк аллома Абу Наср Форобий шундай дейди: “ЖОҲИЛ ва адолатсизлик учун эса эзгулик йўқ ва улар бахтга эриша олмайдилар. Улар учун ҳатто ҳаёт ҳам бир КУЛФАТдир” (таъкидлар бизники – И.Д.). Кўриниб турибдики жоҳиллик – иллат. Ундай одам бахт нималигини билмайди. Бу ҳис унга бегона. Ҳаёт унга “кулфатдир”.

Жаҳолатнинг яна бир белгиси – ваҳшийлик. Қўшнисининг болалари ҳаётига қасд қилган инсон деган номга муносибми? Ахир, манбалар қўшнининг ҳақи энг яқин қариндошларга тенглаштирилган-ку!? Бизнинг назаримизда, бундай жиноятлар учун бир сабаб – кўролмаслик, ҳасад. Ўзи ҳаракат қилмайди, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишни истамайди – боқимандалик кайфиятига берилган, аммо замон билан ҳамнафас қўшнисига ҳасад қилади. Уни ҳам ўзи каби “берсанг, ейман. Урсанг, ўламан” қабилида яшашини истайди. Халқона қадриятларни унутган бундай инсон ҳам қонуний, ҳам маънавий жазога мустаҳиқдир.

Шунга кўра, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш давр талаби бўлиб қолмоқда.

Тўртинчидан, оилавий низолар. Она эридан хафалиги учун болаларини ўлдирмоқда. Гўёки шу билан эридан ўч олмоқда. Ёки ҳаётидан чарчаган она аввал болаларини ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилар экан, тирик қолиб, нима сабабдан бу ишга қўл ургани сўралганида “болаларим мендан кейин яшаб нима қилади, ахир, улар мен ўлсам, азоб-уқубатлар гирдобида қолади-ку! Аслида, мен уларни бу азоблардан қутқардим” тарзида жавоб бермоқда. Умуман олганда, бу ҳам жаҳолатнинг бир тури. Аммо оналик масъулияти ва мажбуриятини ҳис қилмаслик ҳамдир. Фарзандларини ўлдирган айрим “она”ларнинг тирик қолгани, аслида, ҳар бир фуқаро учун ибрат. Улар умрининг қолган қисмини бошқалар кўзи ўнгида виждон азобида ўтказади.

Бешинчидан, бизнингча, руҳий зўриққан айрим инсонларга нима қилиш кераклигини сериал қаҳрамонлари, мультфильм қаҳрамонлари ўргатмоқда. Улардан ўрнак олмоқда аёллар. Охирги содир бўлган воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, айрим жиноятлар сериал, фильмлар, мультфильмлар сюжети билан бир хил. Шундай мудҳиш воқеани айнан такрорламоқда аёллар. Демак, эфирга узатилиши кўзда тутилган сериаллар, бадиий ҳамда анимацион фильмлар маънавий таҳлил этилиши, қадриятларимизга мос келиши, маънавий таҳдиди даражаси жиддий ўрганилиши керак. Умуман, аёллар, хусусан, фарзанд тарбиясига масъул оналарга таскин, сокинлик, тинч ҳаёт керак. Бу муҳитни яратиш эса, шубҳасиз, ота зиммасида. Бу – ҳозирда унутилаётган қадрият.

Бизнингча, эркаклар масъулиятсизлигига маълум даражада ташқи миграция ҳам таъсир кўрсатмоқда. Чунки улар умрининг кўп қисмини сафарда – оиласидан узоқда ўтказиб, рўзғор муаммоларини аёли ҳал қилишига ўрганган, кўниккан. Қайтганидан кейин ўз мажбуриятларини қайта қабул қилиб олишга рағбати йўқ. Бир сўз билан айтганда, эр ваколатларини ўз ихтиёри билан аёлига топшириб қўяётир. Бундан ташқари, эри йўқлигида оила раҳбарлигини зиммасига олган аёл эри қайтганида “раҳбарлик ўрнини” бўшатишни истамаётир. Айрим фуқароларнинг меҳнат миграциясидан касалманд, бемор ҳолда қайтаётгани ҳам маълум муаммоларни келтириб чиқараётгани сир эмас. Натижа аниқ – низолар, келишмовчиликлар... Руҳий зўриқиш. Ҳиссиётларга эрк бериш. Жиноят.

Ҳозирда замонавий оилаларнинг алоҳида белгиларидан бири – аёллар ҳукмронлиги (ҳеч бўлмаганда уларнинг шунга интилаётгани ва эркакларнинг бунга йўл очаётгани) қадриятлар ўзгарувчанлигига далолатдир. Ҳатто жентелмен одатларида ҳам аёллар орқада юради ва жентелменга “хоним”га эҳтиром кўрсатиши, ёрдам бериши учун шароит яратади. Бугун-чи? Аёллар олдинда. Ҳатто орқада бўлса ҳам, олдинга ўтказамиз. Ҳаракат қиламиз. Агар шу ишни қилмасак, ўзимиздан хафа ҳам бўламиз – аёлларни ҳурмат қилмагандек сезамиз ўзимизни!? Бу секин-аста гап-сўз ва хатти-ҳаракатлар-у қарор қабул қилишда ҳам кўринмоқда. Охирги сўзни улар айтсин!? Бу қайдан келди? Аёл мутлақ ҳақ, у барча нарсани билгувчи ақидасига қандай кўникяпмиз? Ёки эркакларнинг ақллари шу қадар ўтмаслашиб қолдими? Ёки аёлларга эътироз билдиришдан, уларга насиҳат қилишдан чарчадикми? Бу ишларнинг натижаси нима учун бизни ташвишга солмаяпти?

“Ҳасанбойдан бошланган ҳаёт” номли асарда келтирилишича, Чор Россияси элчиси англиялик ҳарбийларга туркий дунё давлатлари тазйиқда ушлаб турилмаса, улар тезда бирлашиб, қудратли мамлакатга айланиши, бинобарин, уларнинг умум бирлик қонунлари борлигини айтади. Элчи бу юрт одамларини бирлаштирувчи бош омил сифатида қуйидагиларни таъкидлайди:

1. Ота – бу юрт одамлари боболарининг ерларини, киндик қони тўкилган жой деб, муқаддас биладилар, доимий уюшган ҳолда уни ҳимоя қиладилар. Жамоавийлик – халқимизга хос фазилат. У ҳатто рақиблар томонидан ҳам эътироф этилган.

2. Улар отнинг устида туғилган, эркаг-у аёл – ҳаммаси чавандоз. Ҳарбий халқ. Дунёни бошқарган халқ бўлган. Тўққиз маротаба империя ташкил этган. Агар улар бирлашса, уларга тенг келиб бўлмаган. Шунинг учун уларни бўлакларга бўлиб, ясама номлар билан миллатни атаб, тазйиқда ушлаб турилмаса, тезда бирлашиб, қудратли кучга, қудратли мамлакатга айланганлар.

3. Улардаги ҳарбий салоҳият, шунчалик кучлики, ҳатто болалари ҳам, аёллари ҳам ҳарбий. Ёшликдан бошлаб қурол ва от билан машқ қилганлар. Уларнинг асосий ҳарбий кўмакчиси отлар бўлган. Турк дунёси отлари жуда чидамли, жуда чопқир бўлган. Аёллари бир вақтнинг ўзида бола эмизиб, овқатланиб ўтирар, бир нафасда отга миниб, моҳир чавондоз ва моҳир жангчига айланган.

4. Туркларда тил бирлиги мавжуд бўлган. 70-80 фоизи бир тилда сўзлашган, тезда тиллашиб, ака-сингил ва ота-болага айланган. Бу ўринда муҳим хислат – бирлашувчанлик ҳақида сўз бормоқда. Кейинги пайтларда айни шу фазилатга эҳтиёж ортмоқда. “Менга нима?” деган боқиманда, лоқайд тушунчага барҳам берилмас экан, тараққиётда, маънавий бирликда ижобий натижага эришиш мушкул.

5. Уларда умум дин бирлиги бор. 70 фоизи бир динда – Ислом динида. Диний эътиқодлари жуда кучли. Чунки улардан Ислом оламининг саркардалари, алломалар, авлиёлар, обидлар етишиб чиққан. Пайғамбарлари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

6. Уларда фарзандлик бурчларига жуда юқори амал қилганлар. Ота-боболарининг айтганлари қонун бўлган. катталарнинг, раҳбарларнинг амри вожиб бўлган (таъкид – И.Д.). Уларнинг хоҳишлари сўзсиз бажарилган.

7. Улар оиласига, яшаб турган ерларига ўта садоқатли бўлиб, Оилада ота ҳукмрон бўлган. Одати бўйича Аллоҳдан кейин отанинг ҳар бир айтган сўзи бажарилган. Оила қоидаларини ота белгилаган (таъкид – И.Д.). Шунингдек, улар ўз тарихига, аждодларига ўта садоқатли бўлган.

8. Ота ўн-ўн бир ёшдан ўғил бола тарбияси билан шуғулланган. Касб ҳунар, ҳарбий сир-синоатларни ўргатган. Ота-онанинг вазифаси болаларни соғлом ва саводли қилиб тарбиялаш бўлган. Ҳар бир оиланинг ҳунари ва касби кори бўлган.

9. Ота-она, ака-ука, опа-сингил жуда меҳрибон бўлганлар. Улар бир-бирлари учун жонларини аямаганлар.

10. Улар илмга жуда чанқоқ. Илмли бўлишни бош вазифа, деб билганлар. Фарзандлари илмли бўлишлари учун ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтганлар. Улар халқ қаҳрамонларини жуда севганлар. Уларни ўзларига ўрнак деб билганлар. Шунинг учун кўпинча фарзандларига халқ қаҳрамонларининг номларини берганлар. Ватан озодлиги, Ватан равнақи доимо уларнинг қалбларида яшаган.

Бу таърифларнинг барчаси тўғри, ҳаққоний. Аммо буларнинг қанчасини қадрият сифатида сақлаб қола олдик? Рус элчиси халқимиздаги шунча фазилатни кўра билган. Ҳатто бу фазилатларнинг яхши жиҳатлари-ю ўзлари учун таҳдидини ҳам кўра билган. Зеро, ота қатъий, бир сўзли, устувор юртни эгаллаб бўлмайди. Бунга тарих гувоҳ. Ўша рус элчиси бугун яшаганида бизга қандай баҳо берган бўларди? Ўша фикрида қатъий қолган бўлармиди?

Араб қўшинлари Афғонистон томонлардан юртимизни кузатар экан бу заминнинг “мадинатур-рижол”, яъни “эркаклар шаҳри (ватани)” экани сабаб босиб олиш, эгаллаш қийин кечиши хабарини ўз раҳбарларига етказганлар. Бу огоҳлантириш бугунги кун учун ҳам муҳим.

Сабаблар оқибатларни келтириб чиқаради. Ҳар қандай жиноят ортида маълум сабаблар бор. Улар барҳам топса, юрт тинч, кўнгиллар хотиржам, оилалар мустаҳкам – ажримлар сони кам бўлади. Жаҳолатга ўрин қолмайди.
Иргаш ДАМИНОВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир гапим бор... Эшитасизми?!