21:37 / 09.10.2018
6 496

«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (8-қисм)

«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (8-қисм)
— Пулда, пул… — бошини ушлаб уҳ тортди Наби Мусаевич. Нозима индамади, ошхонага юрди. Ортидан қайнотасининг:

— Ёш эмас, қирққа бориб қолаётган кап-катта одамлар ўйин ўйнашади-я, садқаи одам кетларинг, — деган луқмасини эшитди.

Нозима дастурхон тузаб, чучвара сузди, чой дамлади, уйни эпақага келтиришни бошлар экан оромкурсида бошини чангаллаб ўтирган қайнотасига эшитарли қилиб:

— Дада, овқат тайёр, — деди.

У уйни ўз ҳолига келтириб, Наби Мусаевичнинг оёқ кийимларигача тозалаб, кетишга чоғланганда ҳам оқшом чўкиб, тарзи бузуқ ҳаводан қоронғиликка чўмган хонада қайнотаси ўша алфозда ўтирганини кўрди.

— Мен кетяпман, дада, — деди, — хайр, эрталаб келаман.

— Нонуштага овора бўлманг, қизим, шу овқат етади, — деди Наби Мусаевич.

Нозима ташқари чиққанда ҳаво совуқ, қор учқунлай бошлади. У Зебоникига шошилди. Етиб келганда, қор тўхтади. Қор ёғиб-ёққиси келмаётган эди. Ичкарига шитоб билан кираркан, хаёлида худди Мансуржон келиб кутиб ўтирганга ўхшарди. Эшикни очган Зебохондан беихтиёр:

— Ҳеч ким қўнғироқ қилмадими? — деб сўради.

— Йўқ, ўзим акамга телефон қилдим, — деди Зебо.

— Нима деди? — Зебога қаттиқ тикилди у.

— Ҳеч ким олмади. Дадам тузукларми? — сўради Зебо.

— Яхшилар, — деди Нозима ва уст-бошларини ҳам ечмай серрайиб туриб қолди, хаёлига: «Телефон эсига келармиди» деган ўй келди ва шу заҳоти ўзини койиди: «Дарров унга айб қўйишни бошлама», сўнг ечиниб шўхлик қилаётган болалар билан ўзини овутишга тушди.

Болалар ухлагач, Зебо иккови овқатландилар, чой ичдилар. Исмоилжондан дарак йўқ эди.

— Исмоилжон ҳам келса, чучвара ёйилиб кетмай еб оларди, — илинди Нозима.

— У киши узоқроқка кетганлар, — деди Зебо. «Хайрият, у киши хабар топмагани маъқул, бемалолроқ ётаман» ўйлади Нозима.

— Дадам нима дедилар? — гап бошлади Зебо.

— Ҳеч нима…

Зебо тушунди, бу ҳақда бошқа гап қўзғамади. Нозима кеча ҳам мижжа қоқмаган эди, уни эсноқ тутди. Зебо унга алоҳида хонага жой қилиб берди. Ётишга ётди-ю, кипригига уйқу кўнмади. Тун бўйи бир ухлаб, бир чўчиб юмаланиб чиқди. Уйғонганда адоқсиз ўйларга чек қўя олмай қийналди, кўзи кетганда чўчиди. Буни у ҳеч қачон ўзга жойда ётмаганига, кўникмаганига йўйди. Эрталаб носоғ уйғонди. Кўзи очилган заҳоти яна минг хил хаёл гирдобида ўртанаверди. Каниза билан ширин тўшак суҳбатини қуриб, уни мутлақо унутган Мансур акаси кўзи олдидан кетмади. Унинг тошу-торози паллалари у ён-бу ён босилавериб, тўлиб тошиб кетди: «Уни бевафо дейиш мумкинми? Йўқ. У ҳозир нима киляпти?.. Кечаси нима-лар^бўлди?.. Бундан кейин нималар бўлади?»

Ўрнидан инқиллаб, гўё ҳафталаб ётган бемордай турди. Бет-қўлини ювиш учун кирганда ойнага караб, бутунлай ўзига ўхшамай қолганини сезди. Юзлари салқи, рангпар, кўз ости дўмпайиб шишган, пешонасига ажин тушиб қолганга ўхшади. Оёқларида мадор йўқ, иложсиз стулчага чўкди, узоқ ўтирди. Балки, ташқари чиқсам ғовлаб турган бошим ёзилар, танамга қувват кирар, деган умидда бет-қўлини чайиб чиқди. Еру томларни баррадек қоплаб олган оппоқ қор кўзларини қамаштирди, андак бўлса-да, мискин кўнглига ёруғлик солди. «Бор-е, осмон қулаб ерга тушмайдими? Биттагина бечора боши бир кавакка сиғиб қолар. Мансурни, уй-жойу молу мулкини, э-э, бутун бошли дунёни боғлаб берибдими, ҳаммаси ўткинчи, бу дунё кимга вафо қилибдики, у қуруқ қолган бўлса? Бирга ўқиганман, ёшим тенг, сен қолоқ эдинг демади, итдек хизматини қилди. Ялиниб ҳам теккани йўқ эди. Тоғаси, ўша ўзи боққан тоғаси ўғлига қилмоқчи эди, шу Мансурни деб, унга унамади. Мана улар бегона, гуруҳида зўр-зўр йигитлар йўқ эмасди. Наби Мусаевич сабаб бўлдими, Мансурнинг этагини тутди. Айниса, ана катта йўл, зори бор, зўри йўқ.

Тўғрисидаги кучук катаги олдида икки чумчуқ боласи бирам иноқ у ён-бу ён сакраб, бир-бирларига суйкалишиб, пирр-пирр учар, қор босган ерга, катак панжарасига қўнишиб орқаворот дон қидиришарди. Кучук титрагандай тўпланиб олган. Оч қарға қағиллайди. Нозима шунда совуқ ўтиб жунжукканини сезди. «Уйда, ташқарида нималар қолган эса, кран ҳам ўралган эмас эди…»

У ичкари кирди. Нонуштага таклиф қилган Зебо:

— Акамнинг қўлидаги телефони ҳам ишламаяпти, «хизмат доирасидан ташқарида» деяпти, — деди секингина.

— Акангиз янги келинаянгизни қудуғига тушиб кетди, шекилли?

Зебо ерга қаради. Нозима «иштаҳам йўқ» деб хонасига ўтиб кетди, кириб кетаётиб «телефон қилманг» деди.

Орадан тўрт кун ўтди. Мансур томондан на қўнғироқ, на бирор хабар бўлмади. Нозима бир тишламгина бўлиб, сўлиб қолди. Қайнотасиникига илож қилиб қатнаб турди. Йўл-йўлакай Зебоникига ул-бул харид қилар, сумкасидаги пул ҳам тугаб борарди. Қайнотаси ҳам тунд бўлиб олди. Ҳозирча аралашмасликка, кутиб туришга қарор қилганини айтди. Шундай ҳам ич-этини еяётган Нозимага гапирмас, эҳтиёт қиларди. Зебонинг эри узоқ сафардан тунда келди, «Яхши, опам шу ерда экан» дея яна жўнаб кетди. Ҳозир Наби Мусаевичга нонушта таш-лаб қайтар экан, Нозима Салиманинг ёнига боришни ўйлади. Нима деб боради? У неча марталаб урғу бериб, «Ўзингиз қиляпсиз» дея такрор-такрор ўзининг бўйнига қўйиб қўйган бўлса? Умуман, унда нима айб? Нозима ўзи қўймади. Бу ишдаги унинг улуши «инкубасса»ни гапиргани, шу гапни топиб келгани, холос. Майли, Худо бир йўлга бошлар. У Зебоникига келиб яна кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди.

Соат ўн бирларда ёнига Зебо кирди, бир ишхонасидан хабар олиш учун кетаётгани ва қизчаси уйда қолаётганини айтди.

— Ташвиш чекманг, — минғиллади Нозима.

Зебо тўппа-тўғри акасиникига борди. Дарвоза ичкаридан қулф эди. Қўнғироқни қайта-қайта чалиб, кутишга тўғри келди. Охири ичкаридан эркак кишининг йўталгани ва «ҳозир» дегани эшитилди. Том ва дарвоза айвони сумалакларидан оқаётган сув Зебонинг сочи ва елкаларини ҳўл қилди. Дарвозани акаси очди. У халатда эди. Рангги синиққан, юзи салқи, бўйинлари тиришиб қолибди. Индамай Зебони ичкарига киритди. Тўғридаги хонага олиб ўтди. Ўтириб фотиҳа қилишгач:

— Ҳа, тинчликми? — деди у.

— Сизда-чи?

— Сал мазам қочган. Ишга ҳам бормаяпман, — каловланди Мансур.

Зебо энди чидамади, юрагига тугиб келган ҳужумга ўтди:

— Ака?! — деди у кўзлари чақнаб.

— Бас! — бу сўзни Мансур шу даражада важоҳатли айтдики, Зебо ўчди. — Келдингми, дардингни айт, бошқа нарсага тоқатим йўқ, — деди.

Зебо анча жим қолди, сўнг ўзини босиб:

— Ака, мен сиз билан урушгани келганим йўқ, — гапни бурди у, — фақат Нозима келинаям эзилиб кетди-ку, наҳот экан бир телефон ёки…

— Сеникидами? — гапни бўлди Мансур.

— Нима, билмайсизми?

— Менга заҳарҳанда қилма.

— Ака?! Жуда шунчалик бўлса…

— Ўзимнинг дардим ўзимга етиб турибди, иккита магазинни департамент босган…

— Энди босиши эмас-ку?..

— Тўғри, сеникига бориб… — дудуғланди Мансур, — ундан хабар олишим керак эди… Ҳеч нарса кўнглимга сиғмаяпти…

Зебо қор остида турган машинага қаради.

— Машинани олиб кириб қўймапсиз…

— Айтдим-ку, юракка ҳеч нарса сиғмаяпти, деб.

— Ҳеч бўлмаса келинаямни хабар олиб қўйинг, иложи бўлса ҳозир…

Мансур анча ўйланиб қолди ва ўрнидан туриб катта уйга кириб кетди. Кириши билан Каниза:

— Ҳа, элчи юборибдими? — деди, — чидамай қолгандир-да… — овозини пасайтирди.

— Мен синглимни ташлаб келаман, — деди кўзларини яшириб Мансур.

— Соғиниб қолдим, кўриб келаман, денг. Бормайсиз! Мансур унга ҳайрон тикилди. «Нима бу, буйруқми ёки истиғноли нозми?» Канизанинг бу гапи озгина малол келди, аммо кайфу сафо эсига келди-ю, дарҳол уни ювиб юборди.

— Канизахон, бошқа иш бор экан…

— Ҳозиргача йўқ эди. Дарров пайдо бўлди. Майли боринг. Мен ҳам кетаман. Ялиниб келганим йўқ…

Нима қилишни билмай ҳайрон бўлган Мансур:

— Бундай қилсангиз бўлмайди-да…

— Бари гапингиз ёлғон.

— Қулоқ солинг, Каниза…

Каниза ётоқхонага югуриб кириб кетди. Ўзини йиғиштириқсиз турган каравотга отди, йиғига тушди. Ортидан кирган Мансур унинг сочларини силаб бағрига босди. У ёмон аҳволда қолди. Ҳозирдан бунақа қилса? Ён берса тамом, байрок кетди деявер… Ҳозир шартта туриб жўнаса, Каниза кетиб қолса-чи? Уни бағридан бир дақиқа хам қўйиб юборгиси йўқ. Бормай деса, Но-зима-ку, майли-я, ҳозир кўзининг ўнгида эмас, синглисига нима дейди? Синглиси-синглиси, гапига кириш керак. Бориб бирор нарса деб, Нозимани алдаб қўяр… Бошқа нима илож бор? Эрта-пертага ишни баҳона қилиб кўча-пўчага чиқади, шунда боради… «Мен ҳозир» деб ташқари юрди.

Акаси кириб кетганича чиқавермади. Зебо ташқари чикди. Кран музлаб қолибди. Ошхонага кирди, ошхона пала-партиш, тартибсиз бўлиб ётар, анчадан буён овқат қилинмагани билиниб турарди. У тимирскиланиб у ёқ-бу ёққа юрди, уни-буни кўрди, сўнг акаси кириб кетган томонга анча қараб турди. Ташқаридан қўнғироқ тугмаси босилди. Бориб эшикни очди. Қўлида ўроғлиқ картон қутича билан бир рус йигит турарди.

— Хозяин дома? — деди у. — Заказали табаку? Вот вам счёт, — муҳр қўйилган қоғоз ва қутини узатди.

Зебо қўлидаги нарсалар билан акаси кириб кетган эшик олдига борди ва акасини чақирди. Мансуржон ҳаяллаб чикди, унинг қўлидаги нарсаларни бироз ҳижолатомуз олди ва:

— Зебо, сен кетавер, мен ўзим бораман, — деди, тез бурилиб кириб кетди.

Акаси бунақа эмас эди. Зебо, умуман, келганига хафа бўлди. Келмаса ҳам бўлар экан. У дарвоза эшикчасини ёпиб, йўлга тушди. Эшик «шилқ» этиб қулфланиб қолди. Озгина юриб ҳам эдики, рўпарасидан совқотиб келаётган акасининг ҳорғин ён қўшнисини кўрди.

— Зебохон қизим, эсон-омон юрибсизми? — кўришди Салима опа ва ҳол-аҳвол сўради. — Акангизни кўргани келибсиз-да?

Хайрлашар эканлар, у тўхтаб:

— Зебохон, келинаянгиз сизникидами? — сўради.

— Ҳа, — деди Зебо.

— Қачон келаркан? Зебо елкасини қисди.

— Зебохон, телефонингиз борми?

— Бор.

— Телефон қилсам бўладими? Нозимахон шундай кўзимдан ўтиб…

Зебо сумкасини кавлаб телефон рақамини ёзиб берди ва тайинлади:

— Хола, мени бу ерга келганимни айтманг…

Зебо уйга кириб келганда, Нозима Асалини ўйнатиб ўтирарди, Зебони кўриб:

-Ҳа, тинчликми, ишхонангизда бирон гап бўптими? ~ деди.

— Ғавғосиз жой борми? — деб қўя қолди Зебо ва ечина бошлади. — Қийнамадими?

— Йўқ, уйқуси келиб қолди, энди ухлашга ётади, а? Зебо боласини олди. Нозима тушлик тайёрлашни ўйлади, ошхонага юрди. Шу пайт телефон жиринглади, гўшакни олди.

— Алло, — деди Нозима, юраги тапир-тупир уриб, аммо аёл овоз:

— Алло, Нозимахон керак эди, — деди.

— Салима опа?

— Нозимахон, бормисиз, эгачи? Яхшимисиз? Ўша ерлик бўлиб кетдингиз-ми?

— Ҳа, энди…

— Бу ёққа келмайсизми?

— Бир-бирига тўйиб олишсин…

— Мансуржон бордими, хабар олиб турибдими?

— Ҳа…

— Нима деяпти энди?

— Нима дерди, уни биласиз-ку, камгап…

— Ишқилиб, мендан хафа бўлмайсиз-а?

Нозима индамади. «Энди Салиманинг чўзилиши етмай турганди».

— Нимадан хафа бўламан?

— Эндида… Мансуржон кўчага ҳам чиқмаяпти, шекилли. Бир-икки кечқурун ишхонасидан келиб кетишди. Ташқарида турган эдим. Қисқа гаплашишди. Эшикча очиқ турган экан, келиб қолдингизми, деб ичкарига мўраласам, музика баланд, келинпошшо қарсиллатиб ўйин тушиб беряпти… Ё тавба, ёқамни ушлабман. Индамай изимга қочиб чикдим. Келмасангиз бўлмайди. Нима, битта ялангаёқ бозорчи қанчиққа ҳаммаёқни бўшатиб кетаверасизми?

«Мунча лақиллади-я», гўшакни қўйиб қўйгиси келди Нозиманинг.

— Иннакейин, — давом этди Салима — эшитяпсизми?

— Ҳа.

— Ановининг эри келди бозорга излаб, хали эрталаб. Ғирт қишлоқи гўлахи экан. Соқоли ўсган, пўпайка кийиб олибди. Пиянистага ўхшайди. Муттаҳамлигини кўринг, менга роса одамларни ичида топиб берасиз деб бақирса, денг. Бўлганимча бўлдим. Уйингизга олиб борай дедим, яна шайтонга ҳай бердим, қўй дедим. Аммо топса ҳам ўлдиради, ишонаверинг, жуда авзойи бузуқ. Турқидан одам қўрқадиган.

Бу гапларни эшитиб, Нозима бироз тинчланди. «Ҳар ҳолда бундай баттол эркак тек қўйиб қўймас. Бир келган яна келади. Олиб кетар ахир, ота-оналар хам аралашар». Дарров тез хулоса қилганига, худди Каниза ҳамма ёқни эгаллаб олди-ю, Мансур акаси кўнди-ю, Нозима қуруқ қолгандек ўй-фикрлардан уялиб кетди. Томирига сал қон югургандек бўлди.

— Нозимахон, узилиб қолмадими, эшитяпсизми? — деди Салима.

— Эшитяпман, эшитяпман…

— Шунақа маш-машалар бўлиб ўтди эрталаб, денг. Ҳозир оёғимни судраб уйга келдим, сизга телефон қилдим.

— Бу телефонни билармидингиз?

— Ёзиғлиқ эди, энди топдим. Соғлиғингиз яхшими, ишқилиб? Буни ҳам сафари қариди шекилли. Келсангиз ҳам бўлар энди. Қайнсинглингиз бўлгани билан бировни уйи бир овникида…

— Иўқ, яхши турибман. Телефон қилганингиз яхши бўлди. Йўқлаганингиз учун раҳмат.

— Вой, қиёматли қўшнимиз ахир…

— Бўпти, телефон қилиб туринг.

Нозима ошхонага кирди, чой дамлади. Овқат иситди. Яна телефон жиринглади. Яна юраги орзикди. Гўшакни Зебо олди.

— Ҳа, дада, яхшимисиз? Уйдамисиз? Ишга бордингизми? Ҳа, ҳа. Болалар яхши ўтиришибди. Ана, ҳозир кухнядалар. Ҳа, ўзим биламан. Боришмасинми? Майли. Йўқ, йўқ. Хўп, хайр, дада.

— Дадам, — деди Зебо, ошхонага кириб келаркан. — Кечқурун бир жойга бориб келаркан, сизни овора бўлишмасин, дедилар. Салом айтишди.

Зебо келинаяси телефонда гаплашгандан кейин анча ўзига келиб қолганини сезди. Бирга овқатланишди. Ташқарида қор ўйнаб мактабдан қайтган болаларнинг овози келди.

Нозима «бироз дам олай» деб хонасига кириб кетди, кириб каравотга чўкар экан, бир юраги ҳувиллар, бир ҳадикка тўлар, бир енгиллар, бир ваҳимага тўларди. Наҳотки, бугун ҳам хабар олмаса?

— Менга қаранг азизам. Бу, ҳамма нарсага дарров мундоқ араз-тураз бўлмайди-да, — Мансур мук тушиб ётган Канизанинг орқалари ва сочларини силади. — Туринг, жоним, ана айтганингиз келди, табака олдирдим, иссиғида мазза қилиб еймиз.

У шартта ўрнидан турди.

-Кечиринг, Мансур ака, ундай қилмоқчи эмас эдим, — деди жиддий. — Шунақа мараз одатим бор, итим келиб қолади. Ўша хотинингизни ўйласам, худди сиздан ажраб қоладиганга ўхшайман. Яхши қилмадим, ўзим билдим.

— Ҳечқиси йўқ. Ҳали бир-биримизни роса англаб, билиб олгунча, бу ҳам табиий ҳол. — Канизани қучиб, етаклаб дастурхонга олиб чикди Мансур.

Каниза қиёмига келтириб пиширилган катта товуқ гўштини қайлага тегизиб еркан, рўпарасидаги суратга тикилаверди.

— Дадамнинг ёнидагиси ойим раҳматлик, — деди Мансур чойдан ҳўплаб.

— Пастдаги-чи? Зайнабнинг кундошими? Мен, аммо Зайнаб эмасман, айтиб қўяй.

Мансур тушунмади, Канизага илтифот кўрсатишда давом этди. Аммо бугун синглиси келиб кетгандаги бўлиб ўтган машмаша, ҳозир Каниза кечирим сўраганини ҳисобга олганда ҳам, яна тағин шу сабаб синглисини, йўқлаб келган битта-ю битта синглисини уйига олиб бориб кўймагани, устига-устак тўрт кундан буён Нозимадан хабар олишга ийманаётгани барчаси қўшилиб, Мансурни ўйлашга, ҳали ҳозирча кеч бўлмасдан Канизани ўз ҳуқук ва тартиботлари билан таништириб қўйишга, табиатан шун-ча ҳусн, қадди-қомат, нозик таъб, эркак бағрида оловдек ёнувчи шижоат, қўр ва латофат ҳамда мақбул ҳаракат ато этилганига қарамай, ўсган шарт-шароити боис қўрс, тўпори, инжиқ ва асов, бироқ суюмли мавжудотга таълим зарурлигига имон келтирди.
Тилаволди Жўраев

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (8-қисм)