Тўқсонинчи йил кузида собиқ Бутуниттифоқ ёш ижодкорларининг кенгаши ўтказилди. Устоз адиб Тоҳир Малик тавсияси билан Сочида бўладиган тадбирга мени жўнатишди. Илгари эътибор қилмас эканман: ўрисларда ҳам илмоқли гап кўп бўларкан. Мени бир гуруҳга, қозоқ Бауржан Жапиқовни наригисига, тожик Муҳаммадали Жунаидовни яна бошқасига киритган маърака раҳбари кулимсираб: “Мана, Ўрта Осиёни бўлиб ташладик”, деб қўйди.
Муҳаммадали: “Мен Аъзам билан бир гуруҳга кираман!” деб туриб олди. Бауржан ҳам уни қувватлади. Биз бирлашдик. Бизга бошқача қарай бошлашди.
Вологдадан Ольга Смирнова деган шоира келган эди. Ўзбек қизларга ўхшайди. Бунинг устига, шоир Николай Рубцовнинг ҳамюрти. Гаплашиб қолдик.
— Мана, сен ўзбексан. Ароқ ичмайсан, намоз ўқиркансан, — деди у. — Рубцов бошқача. Бутунлай. Унинг шеърларини ўз тилингга ўгиришингга нима сабаб бўлди? (Газета-журналлардаги таржималаримни кўрсатган эдим унга).
Рубцовнинг машҳур шеърида шундай сатрлар бор:
“Я умру в крещенские морозы,
Я умру когда трещат берёзы.
Шуни мен ўзбекчага:
“Ўламан мен аёз чирсиллаганда
Ўламан қайинлар қирсиллаганда”, деб таржима қилган эдим. Ўзбек ва ўрис тилларида шуни тўлиқ ўқиб бердим. Шеър
“Ўзим ҳам билмайман бу қандайин сир —
Ишонмайман ўлим мангу эмасдир”, сатрлари билан тугайди.
— Шу ишонч бизни бирлаштиради, — дедим мен. — Инсон ўлганидан кейин тирилишига ишонмоғи лозим. Имоннинг тўлиғи бўлмаса ҳам, бир парчаси бор экан, шу топиштиради бизни.
Машғулотлар бошланди. Антон Петрашевский деган шоир йигит яқинда уйланган бўлиб, хотини билан бирга келган экан. Яхши одамлар. Бироқ хотини Анжелика ўта “замонавий” кийинган. Ёнида ўтириш ноқулай. Оқшомлари суҳбат қизийди. Дастурхонга “пашша” тушиши билан мен туриб кетаман. Буни Антон сезиб юраркан, бир куни денгиз бўйида сайр қилаётганимизда сабабини сўраб қолди. Баҳоли қудрат тушунтирдим.
— Менга қара, — деди у, — демак, сен хотинингдан бошқа аёллар билан “гаплашмасан”-а?
— Йўқ, — дедим. Никоҳ, зино, маҳрам-номаҳрам ҳақида динимиз аҳкомларини баён қилдим.
— Мен сенга ҳайронман, — деди Антон. — Оля билан гаплашасан. Менинг хотинимга қарамайсан ҳам. Фақат саломлашасан. Нима, у сенга ёқмайдими?
Ҳайрон қолдим. Уларда бу нарса табиий ҳол эканлигини ҳазм қилолмасдим.
— Оля боши очиқ юрса ҳам кийимларига чидаса бўлади, — бўлади дея ўзимни оқлай кетдим мен. — Сенинг хотининг жудаям эркин тутаркан ўзини. Бунинг устига ичаркан. Сигарет чекяпти. Хоҳлаганини гапиради, билганини қилади. Бизда хотинлар эрларини “хўжайин” деб аташади.
Кейин сатри аврат, рашк, меҳр, масъуллик ҳақида сўзладим. Антонга булар жуда маъқул тушди. Шу пайт ёнимиздан Феликс Кузнецов деган шоир ўтиб қолдида, Антонга сўз қотди:
— Нега бир ўзингсан? Қани у ёш, чиройли хотининг?
— Дам оляти, кеча кўпроқ ичиб қўйибди, — деб жавоб берди Антон.
Кузнецов нарироқ кетгач, ҳозирги савол-жавоб бўйича ҳам фикримни билдирдим:
— Хотининг қарими, ёшми, хунукми, чиройлими бегона кишининг иши бўлмаслиги керак, сен эса бамайлихотир “Кеча кўпроқ ичиб қўйибди”, деяпсан. Маст қиладиган ичкилик ичиш эркакка уят-у, сен бўлсанг аёлинг ҳақида гапиряпсан.
Бир-икки кун ўтиб Анжелика ёнимга келди.
— Сен менинг туппа-тузук эримни йўлдан уряпсан, — деди у ҳазил аралаш. — Ҳар куни қандай кийинишдан баҳслашамиз. Умуман ичкизмай қўйди. Сигаретни оғзимдан юлиб оляпти. Секин суриштирсам, бунақа қилиқларни сендан ўрганаётган экан.
Мен бундан буёғига Антонни “йўлдан урмаслик”ка ваъда бердим. Аммо у аллақачон ўзгариб бўлган эди. Вақт топилди дегунча Қуръон ўқитиб, маъносини сўрайверади. Муҳаммадали икковимизнинг ишимиз шу бўлиб қолди. Бир куни Бауржан украиналик ижодкорлар даврасида бўлиб, роса ичибди. Эрталаб нонуштага кеч келди.
— Добре рано, хохол! — деди Антон уни кўриб.
— Нимага мен билан украинча сўрашяпсан?
— Чунки сен хохолсан, — деб жавоб қилди Антон. — Ана, кеча тақсир айтди: “Ким ўзини қайси қавмга ўхшатса, у ўшалардан бўлади”. Қозоқ украинлар билан ўтириб, уларнинг ароғини ичади, ашуласини айтади-да, қозоқ бўлиб қола оладими? Йўқ. Ёқимли иштаҳа собиқ қозоқ. Киевга салом айт.
Бауржан тажанг, украинлар хурсанд. Биз ҳам ундан кулдик. Кейин кўплашиб денгиз бўйига кетдик. Оля Алишер Навоий, Умар Ҳайём рубоийларини билар, “уларнинг майга муҳаббати кучли” бўлганини “исботлаб” бера олар экан. Мен ҳам шеъриятдаги рамзларни изоҳладим. “Сен гумон қилгандин ўзга жому май мавжуд эрур” сатри жонимга ора кирди. Ундан кейин эса илоҳий мўъжизаларни санашга тушдик.
Бир занжия қиз озод бўлганидан кейин имонга келиб, мусулмонлар ёнида қолган экан. Масжид ёнида унинг чодири бўлиб, кўпинча Ойиша онамизнинг (р.а.) ёнларига чиқиб, суҳбатлашиб ўтираркан. “Тақинчоқ воқеаси содир бўлган кун Раббимизнинг ажойиботларидандир. У мени куфр оламидан қутқарди”, деб қўяркан. Кунларнинг бирида Ойиша онамиз “Менга қара, сен нима учун доим шу гапни такрорлайверасан?” дебдилар. Шунда занжия қиз ушбу воқеани сўзлаб берибди: “Бир куни мен қабиладаги ёш келинчаклардан бири билан ўйнагани чиқдим. Унинг қизил тақинчоғи бор эди. Ўшани қўлидан ечиб қўйган экан. Бир қуш уни гўшт деб ўйлаб, олиб қочиб кетди. Роса қидириб топиша олмади. Кейин менга, сен олгансан, деб туҳмат қилишди. Ҳаммаёғимни тинтишди. Аллоҳга қасам ичиб айтаман, мен уларнинг ёнида турган пайт бояги қуш келиб тақинчоқни олдимизга ташлади”.
Мен бу ҳикояни ҳаяжон ичра овозим титраб айтиб бердим. Ҳаммага таъсир қилди. Фақат Стефания Украинес исмли жувон:
— Атайлаб тўқилганга ўхшайди, — деди кулиб. — Исломнинг афзаллигини исботлаш учун бошқа чиройлироқ воқеани ҳам олса бўлади-ку? Ақлга сиғмайдиган иш. Осмонда учиб юрган ўғри қуш ердаги диний масалаларга аралашиб юрса... ғалатироқ-да, — деди.
Биз бир ёқда қолиб, Антон у билан тортишиб кетди ва одатдагидек енгиб чиқди. Анжелика эса тинмай куларди.
— Янги мусулмоннинг олдида Аллоҳнинг мўъжизасини инкор этасанми-я? Энди бу қўймайди. Кечқурун намоздан кейин ҳам тушунтиради. Мени “тақсир” деб чақиришимни талаб қиляпти...
Кўз очиб юмгунча бўлмай ўн беш кун ҳам ўтиб кетди. Бир-биримизга манзилу телефонларимизни ёзиб бердик. Кимдир эсдалик учун суратга тушишни таклиф қилди. Шу пайт қизиқ иш бўлди. Антон билан Бауржан ёнма-ён туриб қолишган экан. Бир пайт қозоғимиз унга қараб “Ке, мен сенинг хотинингни қучиб турай”, деди. “Майли”, деди ва у иккови жой алмашишди. Худи шу пайт Антон икковимизнинг кўзларимиз тўқнашди. У Бауржанга қараб, Анжеликанинг елкасидан унинг қўлини олиб ташлади-да, “Хотинимни ўзимга қўйиб бер” деди. Кулиб юбордик. Шу лаҳзалар суратга муҳрланди.
Ҳамма тарқалди. Аэропортга жўнадик.
Йўлда кимдир бошқотирма ўйлаб топди:
— Юз метр нарида бир шиша ароқ турибди. Старт чизиғида ичувчи, чақимчи, енгилтак қиз, спортчи ва бошқалар туришибди. Қани, айтинглар-чи, ким биринчи маррага етиб боради?
Сўнг эринмай ҳаммадан бирма-бир сўраб чиқди. Мендан ҳам сўраган эди, саналмаган “енгилтак қиз” қолган экан, шуни айтдим. Охирида: “Ҳа-а, ҳар ким ўзи суйган томон ғолиб чиқишини истайди” деб хохолаб кулиб юборди. Антоннинг қовоғи осилиб кетди. У порахўрни айтгани учун хижолат чекди, деб ўйлабман. Машинадан тушгач:
— Тақсир, сен ёмон иш қилдинг, — деди у менга. — Уни айтмаслигинг керак эди. Гапингни ёзиб ўтирган фаришталарни ноқулай аҳволга туширдинг.
Пешонамдан муздек тер чиқиб кетди. Нима дейишимни билмайман. Бахтимга биринчи бўлиб мен учадиган эдим. Хайрлашдик.
— Осмонга боғлиқ ишларда Худо мусулмонларга алоҳида эътибор беради, мана, биттасини биздан ажратиб оляпти, — деди Анжелика.
Унинг бу гапи эрига ёқиб тушди. Оддий нарсалардан ҳам илоҳийлик излай бошлаган эди Антон.
Эртасига ишга чиқдим. Бир пайт телефон жиринглаб қолди. Олдим, саломлашдик. Украиндан сўрашаётган экан.
— Алло, Аъзам, сенмисан? — деган ҳаяжонли овоз янгради. — Мен Стефанияман. Бир гап айтмоқчиман. Питсундага борган кунимиз соҳилда соатимни йўқотиб қўйган эдим. Аэропортда турганимизда “Ҳаммаси яхши бўлдию, туғилган кунимга эрим совға қилган соатни йўқотганим ёмон бўлди”, деб ачиндим. Шу пайт Муҳаммадали сумкасини ковлаштириб, худди ўша соатни олса бўладими? “Манови эмасми? Келган кунимнинг эртасига қирғоқдан топиб олувдим” дейди-я. Қара, қандай ажойиб. Шунақа севиндим-ки. Дарров сени эсладик. Кечир, ўшанда нотўғри гапирган эканман. Ундан чиройли воқеани топиб бўлмайди. Аллоҳ айнан менга кўрсатганини қара. Хўп, хайр. Аллоҳ сенга ёр бўлсин, тақсир.
Кўзимда ёш билан гўшакни ушлаганча тек туриб қолдим.
Аъзам ЎКТАМ
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”