09:50 / 26.12.2018
4 980

Гўр азоби… (7-қисм) (мистика)

Гўр азоби… (7-қисм) (мистика)
Барзанги мени қандай, қай йўл билан яна бутлаб оёққа турғазганини идрок эта олмадим. Ҳушимни йиғиб аслида мавҳум кўзларим атрофни қайтадан кўра бошлагачгина, унинг қаршисида ҳозир бўлганимни пайқадим.

— Сен мараз эдинг, маразлигингча қолдинг, — деди барзанги олов исканжасидаги ота-онам тарафга қараб олиб. — Сени ёруғ дунёга келтирган ўшалар эди. Сен бўлсанг, кунларнинг бирида молдек ичиб, маст ҳолда келгансан-у, уларга қўл кўтаргансан. Отангни бир ёққа, онангни эса иккинчи ёққа улоқтиргансан. Аслида уларнинг айби йўқ эди. Сени тинчлантиришни, ухлатиб қўйишни, дам олиб ўзингга келишингни хоҳлашганди. Сен эса уларни дўппосладинг ўшанда… Йўқ, ота-онанг сени қарғашмади. Кўнгиллари оғриди холос. Шу аҳволда ҳам сенга худодан инсон, тавфиқ тилашди. Афсуски, бизнинг маконда бу тахлит гуноҳлар ҳеч қачон кечирилмайди. Ота-онангни шунинг учун ҳам то сен келгунингча худойимнинг ўзи жазога мубтало қилди. Қонун-қоидаларимиз шундай. Мана, энди ниҳоят сен келдинг. Энди улар кўз ўнгингда дўзах азобидан халос этилади. Хўш, уларга айтадиган гапинг борми?..

Барзангининг саволидан кейин ҳам кўнглимда ачиниш, афсус-надомат ҳис этмадим. Тош каби қимир этмасдан, атрофга ҳиссиз тикилганча туравердим. Бу орада ота-онамни забтига олган олов изсиз ғойиб бўлди. Аста-секинлик билан ота-онамнинг баданидаги песлар ҳам йўқолганига гувоҳ бўлдим. Шунда ҳам барибир ўзгармадим. Сукут сақлашда давом этдим.

— У ҳолда отангнинг сенга айтар гапи бор, — орадаги жимликни бузди барзанги. — Эшит! Қандайлигингни унинг бир оғиз гапидан сўнг англаб етарсан балки? Эшит!..

У сўзини тугатгани ҳамоно отам бир қадам олдинга ташлади. Ўртамизда чангални эслатувчи қалин тўсиқ бор эди. Отам шу тўсиққа яқин келди-да, менга совуқ боқди. Агар бошқа бўлса, дарров падарининг қаршисида тиз чўкиб узр сўрарди, тавба қиларди. Мен ундай қилмадим. Қандайдир номаълум куч мени юришга ҳам, сўзлашга ҳам қўймасди. Худди тириклигимдаги каби ҳийла керилган, иягимни кўтарган кўйи унга савол назари билан қараб турардим холос.

— Сен ўлаётиб ҳам тавба қилмадинг-а? — сўз қотди отам заҳархандалик билан. — Қандай кофирсан ўзинг? Кимларга тортгансан-а?

— Менга айб қўяверманг ўзингизча, — дедим беихтиёр жаҳлим чиқиб. — Сизлар дунёга келтиргансиз. Болалигимда эркалатгансиз, айтганимни муҳайё қилгансиз. Тўғри тарбия бериш керак эди.

— Астағфирилло, — оҳ тортиб икки қўлини юқорига кўтарди отам. — Тағин бизга айб қўясан-а, ноинсоф! Майли, худо жазонгни берсин! Аммо бир гапни айтаман. Шундан кейин бизни қидириб ҳам овора бўлма! Онанг икковимиз сени кўришга кўзимиз йўқ.

— Хўш, жа нима гап айтмоқчисиз ўзи? — сир бой бермай таҳдид аралаш сўз қотдим мен. — Айтиб қолинг, дардингиз ичингизда қолмасин! Нима қипман яна? Арпангизни хом ўрибманми? Ё тириклигимда кам пул берибманми сизларга? Гапиринг, бобой!..

— Сен-чи, ҳатто Азроилга жонингни топшираётиб ҳам тавба қилмадинг, — деди отам. — Ўшандаям сенинг ўрнингга амманг шўрлик Хосият калима келтирди. Шу амалниям адо қилмадинг! Мана шу сенинг худойимга ширк келтирганинг бўлади. Ҳушингдайдинг, биз онанг иккимиз саросима, ташвишда дағ-дағ титраб калима келтиришингни, ҳеч қурса ўлаётиб худони тан олишингни кутдик. Йўқ, миқ этмадинг. Яхшиям амманг боракан, дарров сен ярамаснинг ўрнига калима келтирди. Шундан кейин жон беришинг осонлашди. Тушуняпсанми?

Шундагина тафаккурим, хотиралар пича ойдин тортгандек бўлди. Ўлим билан олишаётганимда жиккакдан келган аммам Хосиятнинг мени қон йиғлаб калима келтиришга ундаётгани эсимга тушди. Мендан садо бўлмагач, унинг ўзи зор йиғлаб, додлаб калима келтирди. Шундан сўнг ростданам бир неча сония ичида рихлат қилдим. Бунгача Азроил мени минг азобга солар, азбаройи жоним оғриганидан гоҳ бақириб юборар, гоҳ йўтал тутиб ўқчирдим…

Аммо мен отамга барибир сир бой беришни хоҳламадим. Очиғи, боягина айтган ҳақоратли гаплари жуда алам қилаётганди. Шу сабабли қиёфамни ҳам, гап оҳангимни ҳам ўзгартирмасдан тилга кирдим.

— Бўлдими? Аламдан чиқдингизми? Ўч олиб бўлдингизми мендан?

— Сендан худо ўч олади, — деди отам беихтиёр ортга тисланиб. — Сенга фақат худойим бас кела олади. Бу кунингдан баттар бўлгин!..

— Йўқо-ол! — бақириб юбордим ўзим сезмаган ҳолда. — Йўқолларинг! Даф бўлларинг!

— Сендай боламиз йўқ! — энди отам ва онам баравар қичқиришди. — Оқ қилдик сен худосизни! Балоларга йўлиққин илойим, динсиз, иймонсиз!..

Улар кўз очиб юмганчалик фурсат ичида ғойиб бўлишди. Кўздан йўқолганлари ҳамоно ота-онам турган маскан ҳам зулмат қўйнига кирди. Вужудимдаги алам, нафрат, димоғдорлик, манманлик, жазава ҳисси ҳам мени тарк этганди. Тағин бечораҳол, ожиз бир банда тусига кириб барзангининг қаршисида қайта тиз чўкиб ялинишга тушдим.

— Менга қара, акаммисан, оғаммисан, жўраммисан, майли, ким бўлсанг ҳам! Фақат мени қабрга олиб бор! Қабристонгача олиб борсанг бас, уёғини ўзим топволардим. Шафқат борми ўзи сенда? Нега жимсан? Нимага миқ этмайсан? Тирикмисан, ўликмисан?..

— Ҳа-я, — тўсатдан мен томон юзланиб сўз қотди барзанги. — Қабристонни соғингансан-а сен? Майли, сўроқ-савол беришингга яна бир ҳафта бор. Шунинг учун сенга бир кун дам бераман. Ундан кейин яна менинг етагимда бўласан. Фақат эҳтиёт бўл, сенинг қабристонинг насронийлар қабристони билан ёнма-ён жойлашган. У ердаям ёвларинг бўлса, сени абгор қилиб қўйишмасин тағин?

— Бе, насронийларидан қўрқмайман, — дедим бўш келмай. — Сен олиб бориб қўйишингни бил!

— Ҳали мана шунақанги буйруқсифат гапларинг учун ҳам жазо топасан. Юр, олдинга бос!..

Бахтга қарши қадам ташлашим билан яна оёқларим остида, танамда ўша ёқимсиз елимларни ҳис этдим. Улар танамни қисиб азоб берса, оёқларим остидагилари эркин ҳаракатланишимга жиддий тўсқинлик қиларди. Бақирдим, ҳайқирдим, фойдаси бўлмади. Барзанги пинагини бузмади. Шу аҳволда аста-секинлик билан минг азобда ўрнимдан қўзғалавердим.

* * *
Не азобда, чирана-чирана ниҳоят қабристонга кириб келдим. Бу лаҳзаларни қанчадан бери кутардим, ахир! Кириб кела бошлаганим заҳоти бирдан енгил тортгандек бўлдим. Елимлар ҳам мени тарк этиб, нафас олишим, қадам ташлашларим енгиллашди. Барзанги ҳам бир силтаниб кўздан ғойиб бўлганди. Сал чеҳрам очилиб қабристонни кўздан кечира бошладим. Қоронғи тушгани боис осмон қорамтир тусга кирганди. Аммо қабристон ёруғ, мени ҳайрон қолдириб атрофда кезаётган ҳар бир мурда ўзидан нур таратарди. Кимдандир ёрқинроқ, яна кимдандир хирароқ нурлар таралиб кўзни қамаштирарди. Мен ҳам ўзимни шоша-пиша текширган бўлдим. Афсус, мендан негадир нур таралмасди. Худди осмон каби қоп-қора эдим.

— Ҳа-а, булар сўроқ-саволлардан қутулиб, арши аълога парвоз қилишни кутаётганлар-ку, — дедим ўзимни юпатиб. — Мен бўлсам, яқиндагина келдим. Шунинг учун нур таратмаётгандирман!?. Тўхта, анави ким? Негадир танишдек…

Ҳақиқатан, ҳов нарида менга орқа ўгирганча жуда таниш бир қиёфа эгаси турар, ундан таралаётган ўта ёрқин нур қабристоннинг ярмини ёритарди. Қизиқишим ортиб аста унга яқин бордим. Не кўз билан кўрайки, бу ўша муаллим эди. Яқиндагина зулмат қаърида учратганим, менинг мактабдаги муаллимим эди. У қўлларида ниманидир маҳкам ушлаганча нуқул кавшанарди. Шу аснода теваракка ўғринча қараб олишни-да унутмасди. Яхшилаб разм солдим. Муаллимнинг қўлидаги бир гўштга, бир колбасага ўхшаб кетарди. Буни кўриб беихтиёр иштаҳам қўзғалди. Оғзимдан билинар-билинмас сўлак оқиб тушди.

— Ҳой муаллим, — дея қичқирдим. — Сизам шу ердамисиз? Кетмадингизми у дунёга ҳали? Ё олиб кетишмадими?

Муаллим овозимни эшитди-ю, қўлидагини орқасига беркитиб олди.

— Сенга нима? — деди дўқ аралаш. — Худойим хоҳлаган куни фармон беради. Олиб кетишади. Сен ўзингни бил!

— Нима еяпсиз яшириб? — сўрадим унинг гапига эътибор қилмай. — Гўштми еётганингиз? Мурдалар ҳам гўшт ерканми?

— Бунга сендақаларнинг фаҳм-фаросати етмайди, — жавоб қилди муаллим. — Йўлингдан қолма!

— Келинг, менгаям бир бўлагини беринг! Қаранг, оғзимдан сўлакларим оқавериб ҳаммаёғимни ҳўл қилди. Берақолинг энди!

— Керак бўлса, ўзинг сўраб ол яқинларингдан! Бу меники!

— Гўштми?

— Қанақа гўшт? Бу марҳумларнинг севимли таоми. Эсла, бир пайтлар қамалиб чиққандинг адашмасам. Тўғрими?

— Хўш, нима бўпти?

— Ўшанда сенга «передачка» олиб боришганми қариндошларинг?

— Ҳа, олиб боришган. Нимайди?

— Бу ўша «передачка»га ўхшаган бир нарса. Лекин буни ҳар кимгаям юборишавермайди. Инсоф-диёнатли, тириклигида савоб ишларни кўп қилган, бировнинг дилини оғритмаганларга юборишади. Қани, кўкка боқиб бир сўра-чи, юборишармикан?

— Оти нима бунинг?

— Буни дуои-фотиҳа дейдилар. Бандалар ўлгач, яқинлари дуои-фотиҳа қилишади. Худди ўша сен тириклигингда суйган таоминг кўринишида қўлингга келиб тушади.

Мен муаллимнинг бу гапидан кейин тош қотдим. Бир оғиз қарши сўз айтишга ўзимда журъат, куч топа олмадим. Негаки, мен тамом бўлган банда, мурда, арвоҳ эдим. Яқинларим дуои-фотиҳа ўқиш тугул, бу ҳақда ўйлаб қўймасликларини ҳам билардим. Ота-онам ҳам мени оқ қилди. Балки оқ қилишмаса, ўшалар арши аълодан манавининг қўлидагига ўхшаш дуоларни йўллаб қорнимни тўйдиришармиди. Йўқ, йўқ, мен муаллимнинг қаршисида мулзам тортишни, паст кетишни хоҳламайман. Нима бўлгандаям, бизнинг орамиздаги фарқ жуда катта. Бунақалар мендек Даминбойга тенг бўла олишмайди. Тенг бўлмаслиги ҳам керак. Яхшиси, насронийлар қабристонига ўтаман. Балки ўша ердан қорнимни тўйдиргудек, нафсимни қондиргудек бирор имкон топарман…

Мен қўлидагини тамшана-тамшана ея бошлаган муаллимга нафрат ва виқор билан қараб қўйдим-да, насронийлар қабристонига йўл олдим.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Гўр азоби… (7-қисм) (мистика)