10:28 / 09.01.2019
4 475

Ўлимдан кейинги ҳаёт… (6-қисм. Мистика)

Ўлимдан кейинги ҳаёт… (6-қисм. Мистика)
Биз манзилга етиб келгач, водий ўртасидаги тоғдан оқиб тушаётган сой бўйига тушдик. Бу ерда шу қадар чиройли, нафис гуллар ўсардики, бунақасини ҳеч қаерда учратмаганман. Агар улар ердан кўкариб чиқишмаса, кўзни қамаштиргудек ялтирашларини кўриб олмосдан ясалганми деб ўйлашим муқаррар эди.
Мен қўнғироқча тусидаги жажжи гуллар томон чопдим. Бу қўнғироқчасимон гулларнинг қизиқ томони шунда эдики, қўнғироқчалар салгина шабада эсса ҳам ўзидан ажойиб куй таратарди.
— Анна, бизни кутишаяпти! — елкамдан тортди Алёша.
Мен гуллардан базўр нигоҳларимни олиб укамга эргашдим.
Соҳилдан сал нарида унчалик катта бўлмаган, томига қамиш ётқизилган бир уй турарди. Остонада эса оқ-сариқдан келган, оппоқ либосли бир аёл сочлари ёйиқ ҳолда бизни кутиб олди. Билдимки, бу ўша Ольганинг ўзгинаси.
— Демак, сен бизнинг Ердаги энг сўнгги авлодимизсан, шундайми? — сўради у мендан. Алёша, илтимосимни ерда қолдирмаганинг учун раҳмат! Қани, ичкарига киринглар!
Уйда фақат биттагина хона мавжуд эди. Бир бурчагига чуқур ўчоқ қурилган, бошқа ибр бурчида ёғочдан ясалган тўқув станоги турибди.
Ольга столга сут, нон қўйди.
— Қани, қондошларим, олинглар! — деди Ольга майин жилмайиш қилиб.
Алёша тиз чўкиб ибодат қилди ва шундан сўнг барчамиз тамадди қилишни бошладик.
Овқатланишдан сўнг Ольга бизга ўз водийсини томоша қилдирди. Ҳзи ўстирган, парваришлаган биллур гуллар ҳақида ҳаяжон билан ҳикоя қилди.
— Бу гуллар фақат нам ҳаводагина ўсади. — деди у. — Қуёш нури тегса, шу заҳоти қуриб қолишади. Тўғри, қуриса ҳам барибир ўз гўзаллигини йўқотмайди0 Фақат барглари сўлса, одамнинг раҳми келадиган даражада мунғайиб қолишади. Биласанми, бу гулларни мендан байрамлар учун олиб кетишади.
Бизни Ольга шаршара қаршисига олиб борди. Шаршаранинг шундоқ биқинида жун тўшалган курси қўйилганди. У бизни ўтиришга таклиф этди.
— Ана энди мен Аннага ўз тарихимни гапириб бераман. — деди Ольга. — Алёша, сен ҳам эшит. Сенгаям ҳеч қачон гапирмаганман! Хуллас, мен қачонлардир Болтиқ денгизи бўйида дунёга келганман. Мен улғайиб ҳарбий одамга турмушга чиқдим. Эрим денгизда қароқчилик қиларди. Афсуски, бир куни ҳасадгўй қўшнимиз эримни ўлдириб қўйди. Ахир, ўртада ўғилчамиз бор эди. У ҳам мени қутқариб қола олмади. Азбаройи куйиб кетганимдан болани ойимга топширдим-у, баланд чўққидан ўзимни пастга ташладим…
Бу гапни эшитгач, нега унинг жаннатга тушмагани сабабини тушуниб етгандек бўлдим. Ҳа, Ольга ўз жонига қасд қилган экан… бу орада у ҳикоясини давом эттирди:
— Юз йилдан ортиқроқ эрим иккаламиз бир-биримизнинг қўлларимизни маҳкам ушлаганча дўзах ичра кезиб юрдик. Аммо севишдан, севилишдан чарчамадик. Дўзахда биз ҳам сен кўрган жинларни кўрдик. Биз ёш эдик. Ёш оламдан ўтгандик. Гўзалликни қадрлардик. Шу сабабли уларга таъзим қилмадик. Ҳатто, эрим улар билан олишишга-да уриниб кўрди. Бироқ бунинг иложи йўқ эди. Жинлар эримнинг тутган ишидан ғазабланиб, иккаламизени ҳам дўзах оловига ташлашди. Биз бу олов гирдобида узоқ вақт азоб чекдик. Шунда ҳам бир-биримизни ташлаб кетмадик.
Шу қийноқлар узоқ давом этди. Кунларнинг бирида
Эса қаршимизда қутқарувчиларимиз пайдо бўлишди. У Худога сиғиниш, уни таниш, тавба қилиш кабилардан бизга сабоқ берди.
Сўнгра жинларни ҳайдаб солиб бизни ёруғлик сари етаклади. Эрим-чи?.. У аҳмоқлик қилиб фариштадан юз ўгирди. Баъзиларга қўшилиб, унга бўйин эгишни хоҳламади. Натижада, биз билан бирга кетмай, дўзахда қолаверди…
Қара, орадан икки минг йил ўтибди. Биз ҳамон кўришмадик…
Фариштамдан неча марталаб эрим ҳақида сўрадим. У ҳам жаннатга йўл олиши мумкинми-йўқми эканини суриштирдим. Йўқ, Қиёмат кунига қадар эрим дўзахда қолишга маҳку3м экан. Тақдирга тан бердим… Мана, кутаяпман… Худойим уни мана шу водийда кутишимни буюрган.
Биз Одам Ато ҳайдаб солингандан кейин илк бор жаннатга қадам босганлар эдик. Оҳ, у ер ажойиб эди. Ишлаб, ибодат қилиб руҳан енгил тортардик. Афсуски, кунларнинг бирида мени мана шу водийга келтириб ташлашди. Эримни кутишим лозимлигини тайинлашди…
Қараки, икки минг йил ўтиб сени учратиб турибман. Лекин… Сен ҳам кетиб қоларкансан. Биласанми, нега сени чақиртирдим?
— Йўқ.
— Эримни соғинаман. Мабодо уни кўриб қолсанг, ҳануз севишимни, кутаётганимни етказгин!
— Эрингизни умуман кўрмаганман-ку! Қандай танийман?
— Уни таниш қийин эмас. Ўнг кўзи йўқ. Айтгинки, мен Ерда қандай севган бўлсам, бу ерда ҳам севишдан тийилган эмасман. Ҳеч бўлмаса Қиёматда кўришишдан умидворман.
Шундай деб Ольга ўрнидан турди.
— Майли, энди хайрлашайлик! — мени бағрига босди Ольга. — Сени жуда яхши кўраман, Анна! Оқ йўл сенга!
Биз Алёша билан олдинма кетин ўзимизнинг водий томон парвоз қилдик. Уйда бизни оила аъзоларимиз ва фариштам сабрсизлик билан кутиб ўтиришарди.
Нима қилай? Эртаси куни барчалари билан видолашдим. Ўзимни тута олмай, йиғлаб юбордим. Ахир, биз энди яқинларим билан то Қиёмат кунига қадар кўришмаймиз!
— Алвидо, қондошларим!.. Алвидо олтин водий!..
Мени фариштам қанотлари остига олиб ҳавога кўтарилди. Кўз очиб юмгунча водий ортда қолди. Биз тобора баландга кўтарилиб борардик. Мен фариштамнинг пинжига маҳкам юзимни босиб пиқ-пиқ йиғлардим…
***
Жаннат водийсининг олтинранг булутлари ортда қолди. Биз мовий бўшлиқ ичра узоқ вақт парвоз қилдик. Кейинроқ олдинда қора булутлар пайдо бўлиб биз улар орасига кириб бордик. Менга Ер шундоқ остимиздадек туюларди. Чапда ҳам, ўнгда ҳам тўқ яшил арча билан қопланган тоғлар кўзга ташланарди. Биз тор, чуқур ғор ичига учиб кирдик. Бу ер жуда дим ва совуқ эди. Фариштам эҳтиёткорлик билан пастлаб, мени бўшатди. Уёғига пиёда кетдик.
Юриб борарканмиз, оёқларимиз остидаги ер тобора пастга чўка бошлаганини ҳис этардим.
— Қаерга кетаяпмиз ўзи? — сўрадим фариштамдан қўрқув аралаш.
— Ер остига тушиб бораяпмиз. — жавоб қилди фариштам. Сени тақдири аросатда қолган руҳлар яшайдиган жой чегарасигача олиб боришим лозим. Ўша ерда биз хайрлашамиз.
Мен фариштамнинг қўлидан маҳкам ушлаб олдим. Анча юргач, олдинда бошқа бир ғорнинг эшиги кўринди. Очиқ эшик атрофини заҳарли туман қоплаганди. Кираверишда ўзимга таниш жинлар кўринди. Улар бизни пайқаб панжаларини бир-бирига урганча шаталоқ отиб ўйнай кетишди. Аммо фариштам жинларга бақириб берганди, шу лаҳзадаёқ қочиб қолишди.
Биз иккинчи ғор ичига кирдик. Бу ерда зулмат ҳукмрон эди. Фақат фариштамгина ўз нурлари ёрдамида йўлимизни ёритиб борарди. Борган сари нам, иссиқ ҳаво таъсирида бўғила бошлардим.
— Ҳали узоқ юрамизми? — сўрадим охири тоқатим тоқ бўлиб.
— Ҳа. Бу ер дўзахнинг бир саҳроси. Эсингда тут, бу ердан охиригача юриб бориш ва денгизга чиқиб олиш керак. Денгиздан су3зиб ўтгач, сен каби аросатда қолган руҳлар масканини қидириб топиш шарт. Ўша ерда руҳлар Худога нола қилишади, ибодат билан машғул бўлишади. Лекин бунгача юришинг ва яна юришинг зарур.
— Менда ишонч нима қилсин?!.
— Ольга сени ўргатмадими ишонч билан яшашга?
— Билмайман. Мен фақат сиз айтган сўзларгагина таянаман.
— Майли, фақат ўрганган дуоларингни эсингдан чиқара кўрма! Жуда асқотади сенга.
Ерости йўли борган сари кенгайиб, ниҳоят биз ташқарига чиқдик. Мен атрофни кўздан кечирган бўлдим.
Қаршимиздаги нимқоронғи саҳро эди. Тепамизда ҳаракатсиз, оғир булутлар… Қаерлардандир яланғоч чўққилар кўзга ташланарди. Худди пашшаники каби визиллаган товуш саҳро кезарди.
Мен фариштамдан ниманидир сўраш ниятида бошимни кўатрдим. Унинг кўзларидан ёш сизиб чиқарди. Шу ондаёқ нима сўрашимни ҳам унутдим.
— Мени деб йиғлаяпсизми?
— Ҳа, — деди у. — энди сени тарк этишим шарт.
— Майли, бораверинг. Фақат қаерга боришимни айтсангиз бўлди.
Фариштам яна қайтадан менга дуолар ҳақида эслатди.
Кутилмаганда бошимда қаттиқ оғриқ туйиб тош устига ўтириб олдим. Шу ўтирганимча, мудраб қолганимни сезмабман ҳам.
Кўзимни очганимда, ҳамон фариштам менга адо этишим лозим бўлган ишларни уқтиришда давом этарди. Негадир тоқатим тоқ бўлиб тағин кўзларимни юмдим. Ухларканман, танам оғирлашиб борар, хаёлимдан турли-туман ёмон ўйлар ўтарди. Ўзимни худди оғир касалдек ҳис этардим…
Ана, олисда баланд чўққилар кўзга ташланди. Мен ўша тарафга қараб юрдим. Билмайман, қанча вақт йўл босдим. Худди беҳуш одам каби телбаларча кетиб боравердим. Ниҳоят чўққига етиб бордим. Хўш, энди нима қиламан?
Қачонлардир ёшлигимда альпинизм билан ҳам шуғулланганим бор. Нималардир ёдимда қолгани рост. Чўққилардаги ковак-тешикларни мўлжалга олдим-у, юқорига чиқа бошладим. Шу кўйи тошдан тошга тирмаша-тирмаша, юқорилайвердим. Бир томондан чарчагандим. Иккинчидан, қорним жуда очиққан. Сао қўлимни бўш қўйсам, анави жарлик қаърига қулашим тайин. Нима мени чўққига чиқишга мажбур этди ўзи? Ухлаётгандим шекилли?.. Қаерга кетаяпман?..
Бир маҳал икки томондаги чўққи бир-бирига яқинлашиб, ўртада қоронғи ғор пайдо бўлди.
— Ана, шу ғорга кираман. — ўйладим мен. — Сув бўлса ажабмас.
Ғор ичи жуда совуқ эди. Оёқларимга майда тошлар ботиб додлагудай ҳолатда эдим.
Хайрият, ғордан ҳам чиқиб олдим. Кўз ўнгимда каттакон кўл намоён бўлди. Кўл бўйида — шундоқ яқинимда малла сочли бир аёл чўзилиб ётарди. Секин бориб елкасидан туртдим. Аёл мен томон ўгирилиб, бир кўзини очди.
— Нима, сенга жой камлик қилаяптими? — сўради у шивирлаб.
Не кўз билан кўрайки, аёлнинг бўйнида арқон излари… Уни кўтариб ўрнидан қўзхғатмоқчи бўлдим.
— Тегма менга! — бу сафар бақириб берди аёл. — Нари кет! Ўшаёқда ётавер! Жой ҳаммага етиб ортади.
Нари кетдим. Қарангки, соҳилдан узоқлашганим сайин танаси музга айланган, ҳар тарафда чўзилиб ётган одамларга дуч келардим.
— Уёқдан-буёққа юравериб бизнинг тинчимизни бузаверма! — бақиришарди улар ётган ерларидан. — Яхшиси, сен ҳам ёт! Ҳаммаси тугади. Фақат шу ердагина хотиржам тортасан!.. Бекорга кетаяпса-а-ан!!!
Менга қаерга боришнинг аҳамияти йўқ эди. Бошим оққан тарафга юриб борардим.
Анча юргач, музга айланганларнинг бошқа бир гуруҳига дуч келдим. Улар сезиларли тезликда семириб боришарди.
Афсуски, югуришга ҳолим йўқ. Омадим бор экан. Катта бир йўлга кўзим тушди. Сал юрганимдан сўнг кўл ортда қолди. Совқотмай ҳам қўйдим.
Йўлда уйқусираган одамларни кўрдим. Улар ёнгинамдан индамайгина ўтиб боришарди.
Фақат бири тўхтаб, мендан сўраб қолди:
— Қайғу кўлигача ҳали узоқми?
— Жинни бўлибсиз. — дедим унга. — Уёққа борманг! Афсусланасиз!..
Йўл юра-юра қора уйлар билан ўралган шаҳарсимон жойга етиб келдим. Қора уйландан бирига яқин бордим. Ажабланарлиси, уйлар матодан эмас, кулранг тошлардан қурилган, ҳатто, томлари бор, деразасиз, эшик ўрнида тешиклар қолдирилган. Ичкарига кирмоқчи бўлдим. Аммо тўла одам экан. Оёқ товушларимни эшитишлари ҳамоно бараварига бақира бошлашди.
— Йўқол бу ердан! Бу ерда сенга жой йўқ! Кет!
Мен ялиниб ёлвордим. Бир бурчакдан бўлса-да, жой беришларини сўрадим. Ҳеч ким қулоқ тутишни истамади. Аламим келиб ташқари деворга суяндим-у, кўзларимни юмдим. Чарчоқми, очликми, изтиробларми енгиб тез орада уйқуга кетдим.
(давоми бор)
ЮЛИЯ ВОЗНЕСЕНСКАЯ
Русчадан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ўлимдан кейинги ҳаёт… (6-қисм. Мистика)