14:03 / 26.01.2019
6 054

“Бу мен учун кучли зарба бўлди...”

“Бу мен учун кучли зарба бўлди...”
Бундан икки ярим йил аввал Рамазон ойи эди ўшанда. Ўзимда илгари ҳеч учратмаган тушкунлик ҳолатини сеза бошладим. Ҳеч нима қилгим келмайди, жуда қийин ҳолат эди. Шундай кунларнинг бирида Пешин намозидан чиқаётган эдим, Нигериялик устозим бўлар эди, ўшани учратиб қолдим. У менга араб-тили грамматикаси бўйича устозлик қилган эди. Мени одатдагидан ўзгача ҳолда кўрган устозим бу юришимнинг сабабини сўради. Мен бир неча кундан буён ўқишимнинг ҳам мазаси йўқлиги, ўзимда ғайри табиий сустлик пайдо бўлганини айтиб, ҳасрат қилгандай бўлдим.

Шайх Исҳақ (ўша устозимнинг исми Исҳоқ) – Бугун Ҳуфтон намозидан кейин бир ерга бориб келамиз, вақтинг бўладими? – дея сўради. Мен вақтим бемалол эканини айтдим. Шундай қилиб, ўша куни ифтор вақти ҳам бўлди, ифтордан ҳеч қанча ўтмай ҳуфтон ҳам бўлди. Тайёргарлик кўриб, Устозим билан кўришишга келишган масжидга бордим. Намоздан сўнг йўлга тушдик. Йўл қуюн гапириб кетдилар, «Ҳозир мени 10 йил ўқитган инсонни олдига кетяпмиз.
У инсон бизни "Усулул-фиқҳ" фанидан ўқитган. Ҳозирда кексайиб қолгани боис нафақага чиқиб, ибодат билан машғул бўлиб қолган. Ўша инсон билан кўриштирмоқчиман сени. У инсон бизга ҳар тарафлама устозлик қилган. Талабаларига намозхонликни машқ қилдирар эди. Сен бу ҳафта 100 ракат нафл намоз ўқийсан, каби топшириқлар берар эди. Биз бу топшириқларни бажонидил бажарар эдик. Айрим ўқувчилари бир ҳафтада минг ракат ҳам ўқиганини биламан», деганча мошинанинг ички томонидан ён ойнага боқиб жимиб қолди шайх Исҳақ.

Мен эса, ўша талабаларига намоз ўқишни вазифа қилиб берадиган инсоннинг кўриниши ҳақида тасаввур қилиб кетар эдим. Биз учрашган ердан тахминан бир соатлик масофани босиб ўтдик. Мисрда салкам ўн йил яшаган бўлсам-да, илгари бу кўчаларга кирмаган эканман. Тор-тор маҳаллалар. Аҳоли зич, асосан ўрта ҳол инсонлар истиқомат қиладиган камтарона минтақа экан. Мошинадан тушгач чамаси 15 дақиқа пиёда юрдик. Шайх Исҳақ талабаларни ўқитиб ўрганиб қолган, пиёда юриш мобайнида менга грамматикага алоқадор айрим саволларни бериб кетди. Мен жавоб бераман, улар жавобим тўғри бўлса мақтаб қўяди, нотўғри бўлса тўғрилайди. Шундай савол-жавоб билан қандайдир кўринишидан ўта содда бир имора олдига келиб тўхтадик. Негадир бу кўча менга XVIII асрларни эслатар эди.

Хуллас, унча ҳам баланд бўлмаган ёғочлик зина поядан кўтарилиб нураган тахта дарвоза орқали бир катта хонага кирдик. Эни 7-8 метр, узунаси 10 метр атрофида, баландлиги тахминан 6-7 метр келадиган бу хона гўёки мени ўрта асрларга қайтариб қўйгандек эди. Бошқа масжидлар каби гиламлар тўшалган эмас, ҳайвон терилари солиб қўйилган. Атрофда ёши кексалар ва ёшлар бор. Кимдир ёнбошлаб мизғиётган, яна кимдир чўкка тушиб олиб Қуръон тиловат қилаётган эди. Ичимда шундай сокинлик ва хотиржамлик пайдо бўлдики, ҳаётим бўйи бунақасини ҳис этмаганман!

Ҳали тинмай Қуръон тиловат қилаётган кишиларга, ҳали ёнбошлаб ором олаётганларга, ҳали ерга солинган териларга термулиб танирқираб турсам, бир инсон қўлида қандайдир кўк рангдаги матони кўтариб келиб, менга узатди ва секин паст овозда «Манабуни белдан пасига ўраб олсангиз, бу ерда шимда юрилмайди», деди. Чиндан ҳам атрофга боқсам жилбаб (арабларнинг узун либоси) киймаган фақат мен эканман. Матони олдим-да, дархол ўраб олдим. Одатда бундай ҳолатни мусулмон бўлмаган юртлардан келган сайёҳлар масжидларга кириб кўрмоқчи бўлса, эшик олдида калта кийган эркак-аёлларга берилганини кўрар эдим.

Бу вақт мени олиб келган шайх Исҳақ таҳорат олаётган эди. Орадан бир соат вақт ўтди. Мен эса таажжубланиб чарчамас эдим. Чунки, у ердаги кўрганларимни мен илгари ҳеч қаерда кўрмаганман. Қандайдир ёқимли ва сокин эди. Ҳудди саҳобийлар даврига тушиб қолгандек ҳис қилади одам ўзини. Тахминан тунги соат 22:30гача кутдик. Ўша интизорлик билан кутилган инсон масжидга келди. Юзи шу қадар нурлики, инсон тик қараб туришга ботина олмайди у юзга, худди кўз қамашиб кетадигандек. Оппоқ соқоллик, қўлида ҳассаси билан ёшлари чамаси 70 билан 80 оралиғидаги нуроний кириб келди. Юз тубан қарши олдик. Камтаргина шайх Исҳақ устозига эҳтироман мени шогирдим деб эмас, дўстим дея таништирди – «Бу йигит менинг дўстим, исми Маъмур. Ўзбек миллатидан. У билан сизни зиёрат қилгани келдик».

Талабалар орасида машҳур бир одат бор. Устозларга эҳтироман улар билан кўришганда қўлидан ўпиб қўйилади. Кўришганда қўлидан ўпиб қўймоқчи бўлдим, аммо бунга ижозат бермади. Менга «Ҳуш келибсан ўғлим! Бухорий юртидан келибсанда», дея жилмайди. Қандайдир кучли ҳаяжон босди шекилли мени, гапларим бир-бирига алмашиб салом-алик қилдим. Соат тунги 23:00 бўлганида намозга қомат айтилди. Биз ҳуфтон намозини ўқиган бўлсакда, яна ўша масжид аҳли билан ўқиш учун сафга турдик. Имом келишини бир оз кутиб турдик. Не кўз билан кўрмай, ўша ҳассада секин юриб келган нуроний инсон меҳробга ўтиб, ҳассасини ерга қўйдида, намоз бошлади. Ўйлабманки, у инсон курсида ўтириб намоз ўқиса керак, деб.

Намоз бошланди. "Фотиҳа" сураси ўқилиб, зам сура учун "Бақара" сурасини бошлади. Ичимдан «Бақаранинг бошидан тўрт-беш қатор ўқиса керак» деган ўй ўтди. Аммо, тўрт-беш қатор эмас, тўрт-беш бет ўқиб юборди. Аммо рукуга кетай демас эди. Бақаранинг биринчи жузъини ҳам ўқиб бўлди. Худди ўзимни эси оғиб қолгандай ҳис эта бошладим. 70-80 ёшдаги ҳассада юрадиган оқсоқол оёқларида тик туриб зам сурага Бақара сурасининг ярмини ўқиб юборди! Энг қизиғи, ҳамон ўқишда давом этмоқда. Иккинчи жузъи ҳам тугади. Мен тик тураверганимдан товоним қизиб, гўё ўт чақнаётгандек эди. Намозда бўлсамда хаёлим паришон, ишониб бўлмас ҳолат юз бераётган эди. У Бақара сурасини тугатиб, рукуга кетди. Узоқ руку-саждадан сўнг иккинчи ракатга турдик. Мен «биринчи ракат узун бўлди. Энди иккинчисида зам сура қилиб бирор кичикроқ сўра ўқиса керак», деб ўйладим. Бироқ ундай қилмади. Иккинчи ракатда ҳам "Фотиҳа" сурасидан кейин "Оли Имрон" сурасини бошлади. Чамамда иккинчи ракат биринчисидан ярим соатга узунроқ бўлди. Шу тариқа тўрт ракатлик ҳуфтон намозини 23:00 да бошлаб, 02:30 да якунладик. Ишониш қийин, ҳатто ақлдан озиш мумкин! Таажжубланавериб, охири рамазонда шундай қилар эканда, дея ўй ўтказдим ичимдан. Намоз тугагач уйга қайтдик. Чунки, саҳарлик вақтига улгуриб боришимиз керак эди.

Йўлда шайх Исҳақ билан савол жавоб қилиб кетдик, У сўради:
– Қандай фикрдасан?
– Очиғи, қаттиқ таажжубдаман!
– Кутмаганлигинг аниқ.
– Ҳа, асло кутмаган эдим. Аввало масжиддаги муҳит ажаблантирган эди. Шайхнинг намоздаги матонати ундан ҳам ўтиб тушди.
– Ҳа, Шайх ибодатга жуда чанқоқда.
– Ҳар рамазонда шундай қилишадими?
– Йил бўйи!
– Наҳотки?! Қандай қилиб?!
– Ҳар ҳафтада икки марта Қуръонни хатм қилади.
– Намоздами?!
– Ҳа, намозда!
– Бир ўзи имомлик қиладими?! Худди шу тарзда-я..?!
– Ҳа!
– Қачондан буён?
– Мен 10 йилдан буён деб эшитганман. Шогирдлари неча бора хатм қилганини ҳисоблаб боришади. Охирги марта эшитганимда хатм сони 2000 мартадан ошгани, 3000 мартага яқинлаб қолганини айтишган эди.

Негадир йиғлагим келиб кетди ўша вақт. Шошиб-пишиб ўқийдиган намозларимни кўп кўрар эканман. Куч-қувватим бўла туриб беш дақиқалик намозга ҳам эриниб қолар эканман гоҳида. Бу мен учун кучли зарба бўлди. Ўша ибодатгўй нуронийни шайх Усома дейишар экан. Куни кеча бир яқиним жуда таъсирли туш кўрганини айтиб, бирор устозимдан таъбирини сўраб беришимни сўраб туриб олди. Мени хаёлимга ўша инсон биринчи бўлиб келди. Чамаси бир ҳафта илгари ўша масжидга иккинчи бора яқиним тушининг таъбирини билиш мақсадида бордим. Ушбу сиз суратда кўриб турган ўрин, 80 ёшлар атрофидаги нуроний, ибодатгўй олимнинг 3000 мартага яқин оёқларида тик туриб Қуръонни хатм қилган ўрни бўлади.
Байтул Маъмур саҳифасидан

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » “Бу мен учун кучли зарба бўлди...”