09:47 / 30.01.2019
7 378

Сиз билмайсиз...

Сиз билмайсиз...
“Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз”
("Бақара" сураси, 216-оят).

Маҳалламизда тили аччиқ бир аёл бўларди. (Аллоҳ тириклигидаги гуноҳларини авф этиб, раҳматига мастаҳғиқ қилган бўлсин!) Бир маҳалладошимиз билан тортишганида “Худо бермаса, уриб оласанми?!” дея маломат қилган эди. У кезлари бола эдик. Бундай гапларнинг маънисини англамасдик, табиийки. Аммо катталарнинг аттанг билан лаб тишлаганини кўриб, янга қаттиқ гапирганини чамалагандик бола ақли билан. Бугун ҳар лаҳзаси имтиҳон дунёда яшаётганимизни англаб борар эканман, ўша янганинг аччиқ аммо мулоҳаза қилганда маъниси бошингга гурзидек тегадиган иборасини тез-тез эслайман:

“Худо бермаса, уриб оласанми?!”
Бандамиз. Машаққатларга дош бермаслик, осон, осуда ва ҳаловатли ҳаёт истаймиз. Истаймизу, бизнинг истагимиз эмас, Аллоҳнинг истаги биз учун яхшилигини тафаккур қилмаймиз. Зотан, Аллоҳ бандасига гўдагини эмизаётган онадан кўра меҳрибон ва шафқатлироқдир.

Уларнинг уч ўғли бор эди. Гўзал, муҳаббат тўла турмушлари тўкин ва сокин кечаётганди. Эр-хотин бир-бирига яқин соҳада ишлар, ҳам оилада, ҳам ишда бир-бирларига ҳамфикр, ҳамаслак эдилар. Аммо муҳаббатли оилавий турмуш, тўкин ҳаёт, қучоғини тўлдидарган уч алпомиш ўғил жуфтликнинг бахтини бутун қилмади, гўё. Қиз фарзанд кўриши керак экан тўла-тўкис бахтиёр бўлиши учун. Негадир учинчи фарзандидан кейин ҳомиладор бўлмади. Боз кетма-кет фарзанд кўргани учун камқонлик ёпишган эди аёлга. Ёши ҳам ўттиздан ошган эди.

— Ўзингни уринтирма,- деди эр. - Аллоҳга шукр, уч полвон ўғлимиз бор-ку! Худди фарзанди йўқ одамлардай қайғуриб, изтироб чекиб шифокору табибларга югураётганингни қара. Худонинг қаҳри келмасин, бу ишингга. Беш-ўн йилдан кейин ўғилларимизни уйлантирамиз, келин келади қиз бўлиб, иншааАллоҳ. Қиз невараларимиз меҳрибонимиз, бўйнимиздаги марваридимиз бўлади...

— Йўқ,- деди аёл йиғламсираб. - Келин қиз бўлмайди! Бировнинг боласидан бола чиқармиди? Ўзимизга берсин!..

Узоқ давом этган муолажалардан кейин аёл юкли бўлди. “Ҳомилангиз қиз” деди шифокор экрандаги тасвирга қараб. Эр-хотин жуда хурсанд эди. Шифокорнинг ташвишли юзи, ҳомиланинг аҳволи ҳақидаги огоҳлантириши қулоғи кирмади уларнинг. Ҳомиладорлик оғир кечди. Ўн кун уйида, йигирма кун касалхонада ётиш билан ўтди фарзанд кутиш даври. Еттинчи ойда муддатига етмай чақалоқ туғилди. Қизалоқ. Аммо қувончли бўлмади туғилиши. Она туғруқдан кейин анча пайт ўзига келолмай ётди. Чақалоқ йиғламай туғилган эди. Бунинг устига касалманд, нуқсонли...

Бугун у ўн беш ёшда ўша қизалоқ. Аммо... ота-она олиб бормаган шифокору табиби қолмади. Ҳатто хорижларга ҳам олиб бордилар. Шифокорлар чорасиз бош чайқайди: “Туғма бу хасталик. Даволашнинг имкони йўқ. Қизингизнинг бош мияси ривожланмай қолган...” Ўғлини уйлантиришди. Келин келди. Қайнота-қайнонага меҳрибон, бемор қайнсингилга дугона. Аллоҳнинг марҳамати билан тўнғич невараси қиз туғилди.

Уларнинг ўзига яхши деб билгани ёмон, ёмон санагани яхши бўлиб чиқди. Бироқ буни англаш жуда қимматга тушди...

Олти қизи бор эди. Ўғил истадилар. “Олти қизингизни муносибига қўшсангиз, олти ўғилли бўласиз. Қизларингизнинг ўғил фарзандлари уйингизни тўлдиради” деганлар кўзларига душман кўринди. Еттинчи фарзанди — ўғли дунёга келди. Чиройли, полвон, юзидан нур тараладиган гўдак улғайгани сари ҳамманинг эътиборига тушиб бораверди. Эркаладилар. Ўғилнинг айтгани айтган, дегани деган бўлди. Катта бўлиб на отага ва на онага бўйсунди. Афсуски, бебошлиги оқибатида ажал топди. Фарзанд доғида куйган ота-онанинг дардига олти куёв ва набиралар малҳам бўлдилар.

Уларнинг ўзига яхши деб билгани ёмон, ёмон санагани яхши бўлиб чиқди. Бироқ буни англаш жуда қимматга тушди...

Ҳикмати Ўзига аён
Ҳаётда бу каби мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Аммо бандалик хусусиятига бориб, ношукрлик қиламиз. Гўёки биз яхшисига муносибмизу, Аллоҳ бизга раво кўрмаяпти. Аслида турмуш қуришга кечикаётганимиз, фарзанд кўрмаётганимиз, фақат ўғил ёхуд фақат қиз фарзандларга ота-она эканимиз, яна нималаргадир эришмаётганимиз аслида биз учун яхшисидир. Зотан, ҳар ненинг ҳикмати бор. Ва бу ҳикматни Ҳикматли Зотнинг ўзи, фурсати келганда очиқлайди. Бизнинг вазифамиз эса: “Ҳар нарсанинг ҳикмати ва хайрини билгувчи Зот Ўзингсан, мен учун яхшисини тақдир қилгин ва Сенинг розилингга эришадиган амалларда собит қилгин!” дея дуо қилишдир.
Умида АЗИЗ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Сиз билмайсиз...