06:02 / 23.02.2019
6 728

Ким нима билан ўзини бахтли, деб ҳисоблайди?

Ким нима билан ўзини бахтли, деб ҳисоблайди?
Олимлар, дунё мамлакатлари аҳолисининг яшаш даражасидан қониқиши, узоқ умр кўрувчилар сони, асосий озуқа маҳсулотлари билан таъминланганлик даражаси каби омиллар асосида қайси ҳудудда «энг бахтли» одамлар яшашини аниқлашади. Бу кўрсаткични аниқлашда, шунингдек жамоатчилик фикри ҳам ўрганилади. Яъни, “Сиз ўз ҳаётингиздан розимисиз?” қабилидаги сўровлар ўтказилади. Ҳозир биз фойдаланувчилардан “Нима деб ўйлайсиз, қайси мамлакат аҳолиси ўзини энг бахтли ҳисоблайди?” деб сўрасак, аксарият Ғарб мамлакатлари АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Франция каби давлатлар номини келтиради. Аммо, таажжубки, бундай эмас экан.

Бир неча йил олдин британиялик мутахассислар “бахт кўрсаткичи”нинг навбатдаги сўровини ўтказишди. Сўров натижаларига кўра, дунёдаги энг бахтли инсонлар Австралиянинг шарқ томонига яқин, Тинч океанидаги кичиккина оролда жойлашган Вануату деган давлатда яшашлари маълум бўлди.

Тахминимизча, кўпчилик бу давлатнинг номини ҳам эшитмаган. Унинг майдони 25 минг кв.м.га яқин бўлиб, тахминан 250 минг аҳоли яшайди. Таъкидлаш жоизки, Вануату каби бахтли инсонлар яшайдиган мамлакатлар сирасига Лотин Америкаси давлатлари Колумбия, Коста-Рика, Доминика ва Панама кабилар ҳам киради. Аммо, энг ажабланарлиси шуки, Америка Қўшма Штатлари каби қудратли давлат, аксинча, рўйхатнинг энг қуйи қисмидан – 150чи ўринни эгаллади. Германия 83-ўрин, Буюк Британия 108-ўрин, Япония эса 97-ўринни эгаллади. Яъни, Европа, Осиё ва Америка қитъасининг энг ривожланган ва аҳолиси тўла таъминланган мамлакатларида яшайдиган инсонлар ўзларини тўлақонли бахтли деб ҳисоблашмайди ва ҳаётдан қониқишни ҳис қилмайди.

Бундай ташвишсиз ва бахтли ҳаётнинг сабабини аниқлаш мақсадида блогерлардан иборат бир гуруҳ ушбу мўъжазгина мамлакатга саёҳат уюштирди. Маълум бўлдики, у ерлик аҳоли энг содда ва камтарин ҳаёт тарзида – океан бўйида, пальма шохлари ёпилган ёғоч чайлаларда яшар эканлар. Иқлим қишин-ёзин деярли бир хил: 25-30 даража атрофида бўлгани учун одамларда иссиқ кийим ва уйларни иситиш муаммоси йўқ. Бошингиз узра ҳар қадамда турли туман мевалар – банан, манго, грейпфрут дейсизми... Демак, камтарона ҳаётда ўзини бахтли ҳис эта оладиганлар учун айни муддао.

Энди асосий масалага ўтсак, инсонни бахтли бўлишига нималар тўсқинлик қилади? Нега фан-техниканинг сўнгги ютуқлари, энг замонавий тиббиёт, қулай ва шинам уй-жойлар, турли кўнгилочар масканларга эга, ҳамма нарса инсонни бахтли қилишга хизмат қиладиган бой ва ривожланган мамлакатлар аҳолиси бахтиёр эмаслар? Ва аксинча, ташқаридан қараганда ҳамма қашшоқ деб билган мамлакатларда яшовчи кишилар ўзларини бахтли деб билмоқдалар? Нима сабаб, Аллоҳ таоло баъзан бизни айрим неъматлардан маҳрум этади ва биз буни кандай қабул қилишимиз керак?

Ҳадиси шарифда ҳақиқий бахтли кишининг ҳолати шундай тасвирланган: “Кимки омонликда, тан сиҳатликда ва бир кунлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса, унга дунёдаги ҳамма яхшилик берилибди” (Имом Термизий ривояти)

Келинг, фикр қилиб кўрамиз. Ростдан ҳам инсон ўзини бахтли ҳис қилиши учун кўп нарса керакми? Мана, тасаввур қилинг, тонгда уйғондингиз, тинч-хотиржамсиз, сизга ёки яқинларингизга ҳеч қандай хавф-хатар таҳдид солаётгани йўқ (душманлар, йиртқич ҳайвонлар, бедаво дардлар, табиий офатлар каби), бошпанангиз бор, кўчада яшаётганингиз йўқ, совуқдан музлаб ёки ёмғирда шалаббо бўлаётганингиз ҳам йўқ. Ўзингизни яхши ҳис қилаяпсиз, ҳеч қаерингиз оғримаяпти, кўраяпсиз, эшитаяпсиз, ногирон ёки оғир дардга мубтало эмассиз, тўрт мучангиз соғ. Сизнинг ва оилангизнинг нонуштага, тушликка ва кечки овқатга ҳам тановул қилишга озуқангиз етарли бўлишидан ташқари, қўйингки, келгуси маошгача ҳам яшашга пулингиз йўқ эмас. Кийишга кийимингиз, дори-дармон, бепул тиббий хизмат, фарзандларингиз учун бепул таълим олишга имкон бор.

Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига мувофиқ бундай керагидан ҳам ортиқ неъматларга эга киши ўзини тўлиқ бахтли ҳис этиши мумкин эмасми? Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ва у зотнинг замондошлари учун биз юқорида санаб ўтган неъматлар – кундалик озуқа, турли балолардан омонда бўлиш ва саломатлик каби неъматлар ҳаммага ҳам насиб этмасди. Қадимда ва ўрта асрлардаги кишилар ҳаёти фавқулодда оғир ва хавфу хатарларга тўла эди. Шунинг учун у даврдаги кишилар ҳар куни бу неъматларга эга бўлган ҳолда шикоят қилишни ва норози бўлишни Аллоҳга нонкўрлик қилиш каби оғир гуноҳ, деб биларди.

Кичиккина оролда яшовчи кишилар ҳам, юқорида айтиб ўтганимиздек, озгина неъмат билан ўзларини бахтиёр ҳис эта оладиган инсонлардир. Уларнинг бошпанаси бор, тропик иқлим туфайли кундалик озуқадан муаммо йўқ, устиларида қандай бўлса ҳам кийим бор, ҳатто алоқа воситалари – телевизор ёки радио, телефон ва интернет ҳам бордир.

Тўғри, уларда катта шаҳарларнинг ажралмас қисми бўлган – қимматбаҳо автомашиналар, замонавий асбоб-ускуналар, кўнгилочар савдо марказлари, ҳамма шароитларга эга қулай уй-жойлар, кенг ва равон йўллар йўқдир. Аммо шуларсиз ҳам инсон бахтли бўлиши мумкин-ку. Замонавий мегаполисларнинг аҳолиси ўзларида бор неъматларга шукр қила олмасалар ҳеч қачон бахт ҳиссини туя олмайди. Уларнинг атрофида дабдабали ҳаётнинг чалғитувчи ва фитналовчи ашёлари шунчалар кўпки, шу сабаб улар доимо ўзларидан кўра бойроқ ва омадлироқ кишиларга етишолмай ҳасад қилади, уларга ҳамиша нимадир етишмаётгандек туюлаверади.
Шойиста НЕЪМАТУЛЛОҲ қизи тайёрлади.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ким нима билан ўзини бахтли, деб ҳисоблайди?