19:50 / 03.03.2019
5 553

Кечиккан йўқлов...

Кечиккан йўқлов...
Бир ҳафтадан бери касалхонада даволанаётганини ва жарроҳлик амалиётидан чиққанини эшитиб хаёлимдан шундай ўй ўтди: “Кўрган-кечиргани шу бўлсин, иншаАллоҳ соғайиб кетади”...

Болалигимиздан бери у билан дўст эдик. Беморлигини эшитиб хафа бўлдим. Аммо кейинги пайтларда у билан тузук муомала қилмасдик. Йўлда учрашиб қолсак, кўрмаганга олардим. Аммо бу ишимни нотўғри деб билмасдим ҳам. Бошқа – бошқа дунё одамлари эдик. Ўқийдиган китобларимиз, дўстларимиз, ҳатто сиёсий тушунчаларимиз ҳам фарқли эди. Дарди зўрайганини эшитиб “Ҳозир оғримаган жоннинг ўзи йўқ. Ёстиққа боши тегса, ақли киради” деб ўйладим.

Тўсатдан лицейни битираётганимда жарроҳлик амалиётига ётганим эсимга тушди. Оғриқ азоби оғир бўлса-да, йўқлаб келаётганларнинг ғамхўрлигида севинардим. Эътибор ва меҳр инсонни хушнуд қилади.

Аммо ҳозир касалхонада ётган дўстим ўшанда мени кўргани келганини қандай унутибман а? Бошимнинг устида бир неча соат дуо қилиб ўтирган, оғриқдан чалғитиш учун ҳикоялар ўқиб берган дўстимни шунчалик осон унутдимми? Касалхонадан чиққанимдан кейин ҳам дарслардан орқада қолганим учун ёнимда туриб ёрдам берган эди.

Дўстим билан боғлиқ хотиралар кўз ўнгимдан кечар экан, ўша кунларга қайтгандек бўлдим. Болалигимнинг гўзал лаҳзалари айни пайтда касалхонада ётган ўша ўртоғим билан лиммо лим тўла эди. Ажабо, бизга нима бўлди? Нега бир-биримизга бунчалик душман бўлиб қолдик? Иккимиз ҳам Аллоҳнинг бандаси, бир пайғамбарнинг умматимиз-ку? Тилимиз, қибламиз, дуойимиз ва байроғимиз бир. Шу кин ва нафратни нега ҳақиқий душманларимизга қўлламай бир-биримизга туйдик?

Саволлар пешма пеш оқиб келаверар экан, хатоларимни тушуна бошладим. Ва Аллоҳдан авф сўраб, бемор дўстимни зиёрат қилишга аҳд қилдим. Дардига малҳам бўлолмасам-да, ҳеч бўлмаса юзига табассум қўндиришга, кўнглини шод қилишга ҳаракат қиламан деб ният қилдим. Бир ҳафтадан кейин Ҳайит нишонланади. Болаликдаги дўстимни йўқлаш учун ҳайит арафаси айни муддао эди.

Собиқ синфдош ўртоғим билан ярашиш учун нима учун узоқ йиллар кечикканимни ва Ҳайит кунини нега кутганимни билмайман. Лекин ўша Ҳайитдан бери уни зиёрат қилишга албатта вақт топаман. Ва мени кечирганини умид қилиб қабрининг бошида Қуръон тиловат қиламан.
Жунайд Суави

Турк тилидан Умида Адизова таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Кечиккан йўқлов...