21:28 / 15.03.2019
11 396

Совчилик: «Қизнинг ҳаққида эҳтиёт бўлинг»

Совчилик: «Қизнинг ҳаққида эҳтиёт бўлинг»
-­ Совчиликка фаросатли, уқувли, тилини тишлаброқ гапирадиган, кўнгли тоза инсонлар юргани маъқул, деб гап бошлади ҳамкасб қиз суҳбат мавзу унинг турмуш қуришига тақалганида.
-­ Уйга совчилар келишибди. Йигит шифокор экан. Илмий иш қилаётганмиш. Тагли-зотли инсонларнинг фарзанди экан. Ёшлик қилибми, бир пайтлари бир татар қизни севиб қолиб унга уйланмоқчи бўлган. Ота-онаси рози бўлмаганига қиз билан турмуш қуриб яшаган. Турмушлари олти йилча давом этган. Ўрталарида фарзанд бўлмагани учун ажрашишган. Йигитнинг ота-онаси: “Ўғлимизни орзу-ҳавас, чимилдиқ, тўй кўрмаган, яхши бир қизга уйлантирайлик”, деб қиз қидиришган. Кимдир бизни кўрсатишган. Йигитнинг ўзи совчиларини машинасида олиб келди.

Совчиликка қўшни қишлоқдан йигитнинг онасига яхши таниш бўлган, бир пайтлари онам билан бирга ишлаган аёл овсини билан келган. Гап орасида йигитнинг турмуши бузилганини қистириб ўтишган экан онам, “қизи борнинг нози бор” қабилида: “Аввал уйланган экан-да, қизимизни турмуши бузилган эркакка узатсак қандоқ бўларкан” деганлар. Бу гапга жавобан совчиликка келган бефаросат аёл юзингда кўзинг борми демай: «Ҳа, энди опа, қизингиз ҳам ёш эмас-ку! Қизингиз ҳам ўттизга кириб қўйган-ку! Нимасига турмуши бузилган эркакка узатмас экансиз?», дейди. Ўттизга кирадими, элликка кирадими, она учун фарзанди, қизи жону жигаридан бунёд бўлган боласи-ку! Совчилик қилишга ақли етган одам шунга фаросати етмабдими? Онамнинг жаҳллари чиқиб, ғазаб билан юзларига фотиҳа тортиб меҳмонларнинг олдидаги пиёлаларни йиғиштириб:

- Қани, тез чиқинглар уйдан, жуда жонинглар ачиётган бўлса ўзларингни ўн олти яшар қизларингни беринглар ўша йигитга! - деб совчиларни ҳайдаб юборибдилар...

Совчилик элимизнинг қадимий удумларидан. Ўғил уйлаш ниятида бўлганлар совчилик асосида фарзандларига жуфт излайди. Совчиларнинг асосий вазифаси бир-бирига муносиб ёшларнинг бошини қовуштириш. Кексалар совчилик қиладиганлар ҳаётий тажрибага эга, кўпни кўрган, оқилу доно ва албатта, оилавий ҳаётда бахтли бўлган кишилар бўлишини таъкидлайди. Совчилардан, икки ёшнинг бошини қовуштиришга киришган кишилардан ўта эҳтиёткор, оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзни ўйлаб қўллаш, маҳорат, нуктадонлик ва пухталик талаб этилади. Зотан икки ёшнинг тақдири, келгусидаги ҳаёти совчиларнинг борган жойида ўзини тутиши, гап-сўзига боғлиқ бўлади. Юртимизнинг ҳар гўшасида совчилик билан боғлиқ ўзига хос урф-одатлар мавжуд. Кўпгина ҳудудларда совчилик ишларини аввал аёллар битириб, эркаклар унаштирув масаласига боришади.

Замонавий совчилик

Бошқа урфларимиз каби совчиликни ҳам замонага мослаштириб олдик. Бир пайтлари маҳалланинг обрў-эътиборли, кўпни кўрган кайвонилари совчиликка чиқарди. Совчиликка борган хонадонларидаги уй тутуми, қиз тарбиялаётган аёлнинг рафторидан бу оила харидор томонга муносиб ёки муносиб эмаслигини дарров уқиб олишган. Давримизга келиб эса расм-русумлар ҳам анча “сайқалланди”. Ўғил уйлантирадиганлар энг аввал қизнинг ота-онасининг молиявий аҳволини суриштиришга тушади: “Ота-онаси нима иш қилишар экан?”, “Уй-жойи қанақа экан?”, “Сарпо-суруғи қандай экан?”... Келин қилмоқчи бўлган қизининг маҳалласию кўчасидан тортиб, ошхонаю, ҳаммомигача чиройли бўлиши керак. Бирор жойдан “таъбига мос” қизнинг дараги чиқса, йигитнинг онасига келин бўлганига уч-тўрт йил бўлган келинойиси ёки ҳали турмушга чиқмаган опа ё синглиси ҳамроҳлик қилади.

Қизимизга бир жойдан совчилар чиқди, дейди таниш аёл. - Қизлик уй карвонсарой, дейдилар. Бош устига кўриб кутиб олдик. Бироздан кейин мақсадларини аён қилгач, жағи-жағига тегмай қизимизнинг маълумоти, қўлидан келадиган-келмайдиган юмушларни сўраётган аёл диққатимни тортди. Йигитнинг опаси билан онаси совчиликка келган экан, серсавол аёл опа эканлар. Уйдаги ҳамма рўзғор анжомларига ошкора разм солиб чиқди. Кейин билсак, йигитнинг совчиликка келган опаси турмуши бўлмаган, икки бола билан ота уйига қайтган экан. Кейинги гал келганларида, “Бошқа жойлардан қиз қидира қолинглар” деб кузатиб юбордим. Дадаси “турмушни ўйин билиб оиласини асраб қололмаган аёл, бировларнинг бошини қовуштириб, бахтли бўлишига қандай аралашади? Ўз ҳаётини ислоҳ қилолмаган аёлдан қандай совчи чиқади?” деб роса мени койидилар. Ўғил уйлантирадиган ота-оналар совчиликка юрадиган аёлларнинг одоб-ахлоқи, ҳаётдаги ўрнига эътибор берсалар бўларди...

“Қизнинг ҳаққида эҳтиёт бўлиш аҳамиятлидир. У никоҳ билан қул бўлиб қолади ва ундан халос бўлолмайди. (Яъни, ўзи хоҳлаганини қилолмайди, деган маънода) Эр ўзи хоҳлаган пайтда талоқ беришга қодир. Агар киши мусулмон бўлатуриб ўз қизини золимга ё фосиққа ёки бидъатчига ёинки ароқхўрга берса, у ўз динига хиёнат қилибди. Бунинг билан Аллоҳнинг ғазабига рўбарў бўлади, оилада раҳм-шафқатни узиб, қизига ёмонликни танлабди” (Имом Ғаззолий)

Насл-насаб ҳоллари, нафақа, мерос ва бошқа эр-хотинлик ҳаётига тааллуқли бўлган роҳат-фароғат ўзаро ҳамжиҳатлик билан турмуш қуришнинг муҳим ва жиддий ишларидан ҳисобланади. Шунинг учун никоҳдан олдин «хитба» – совчилик қилиш зарурдирки, никоҳ боғлашдан олдин эр аёли ҳақида ва аёл эри ҳақида таниш-билишлар, қўни-қўшнилар орқали маълумотга эга бўлиши керак. «Хитба»дан мурод – совчилик, яъни қизни, унинг аҳлидан ўз никоҳига сўрашдир.

Чунки никоҳ аниқ маълумотлар асосида бўлса, жуфтлар орасидаги ҳаёт гўзал бўлади. Ислом шариати, турмуш қуриш мавзусида жиддий ўйлашга, совчилик қилишдан олдин фикр юритишга ундайди. Аёл киши ҳам оила аъзоларини бехабар қолдириб, ўзи эрга тегиб олиши тўғри эмас. Ислом аёлнинг хитбасини, жавобгарлигини аҳли оиласига топширди. Ғарб қизларига ўхшаб ўзи хоҳлаганига тегиб кетавериши мумкин эмас. Ота ва оила аҳллари, қизлари учун яхши хулқли, тақводор куёв қидиришлари шарт. Унинг бойлиги ва молини кўзлашлари керак эмас.

Агар совчи қўювчи хулқи яхши, тақволи, шарафли, мурувватли, илмли ва кўркам бўлса, қандай яхши. Бу йигит турмуш қуриш неъматига ва қиз унга ҳадя қилинишига арзийди. Улар турмуш қурса, яхшилик билан қуради ва агар баъзи ишларини ёқтирмай қолса, унга чиройли муомалада бўлаверади. Шариатимизнинг гўзал тарафларидан бири, куёв уйланадиган аёлини кўриб турмуш қуришга чақирганлигидир. Бу нарса, улар орасида улфат, яқинлик ва муҳаббат давомийлигини таъминлайди. Бўлажак турмуш ўртоғининг чиройи никоҳ тўйидан аввал куёвга маълум бўлиши керак. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганлар. Шунда, йигит ҳам, қиз ҳам никоҳга кўнгли хотиржам боради.

Йигит тўйдан олдин қизни кўрган ва унинг кўриниши хотирасида қолган бўлади, қиз никоҳ куни кўриб ажабланмайди. Ўртада ҳар хил қийинчилик ва мушкулотлар бошланмайди. Худди шундай қиз ҳам куёвини кўриши ва унга нисбатан нуқтаи назарни белгилаб олиши керак. Айрим йигитлар табиатан хунук бўлиши натижасида қизнинг қалбида унга нисбатан муҳаббат бўлмай қолади. Чунки қиз йигитга ёқмай қолиши мумкин бўлганидек, йигит ҳам қизга ёқмай қолиши мумкин.

Совчилик фақат йигит томонга эмас

Қиз бола кишининг номуси ва шарафи, уни муҳофаза қилиш ва сақлаш лозим. Инсон молига қанчалик сергак посбон бўлса, қизининг шарафи, иззатига молидан кўра сергакроқ бўлиши керак. Оқил одам қизини ўзига муносиб, номусини сақлайдиган, у билан қариндошлари қаноатланадиган ва қизини бахтли қила оладиган эрга никоҳлайди. Аммо баъзи инсонлар қизини келинликка таклиф қилишни қиз тарафнинг шаънига тўғри келмайди деб, ҳисоблашади. Бироқ бу нуқтаи назар салафи солиҳларнинг одатларига зиддир. Чунки бу манманлик ва жоҳилиятнинг бир кўриниши. Муносиб жуфт ва бошқаларга ўрнак бўладиган йигитни қидириш, қизни ўзи хоҳлаган йигит билан турмуш қуришга қўйиб беришдан кўра яхшироқдир. Оилага номуносиб бўлган эр қизнинг аҳлига ор ва иснод келтириши мумкин.

Кейинги пайтларда “Фалончи, писмадончининг ўғлига қизини тиқиштирибди”, “Писмадончи, фалончи йигитга қизига уйланишни шаъма қилибди” деган гапларни эшитяпмиз. Бизнингча, бундай нарсаларга ҳайратланиш ва қизининг бахтини ўйлаганларни уят қилишдан маъно йўқ. Ўғил фарзанд бўлса, қиз ҳам фарзанд. Шошма-шошарликни қоралайдиган динимиз ҳам қиз болани тезроқ узатиб, тенги билан қовуштиришга даъват этади. Қизига қандай йигит муносиблигини ота-она яхши билади. Қанчадан қанча яхши қизлар ҳеч кимнинг назарига тушмай, бахти очилмай юрибди. Шу билан бирга, қанча қизлар ўзига номуносиб оилага келин бўлиб, ҳаёти текис кечмаяпти. Оилавий бахт ҳаммага бирдек зарур, нега энди ўғил фарзандга яхши жуфт излаш керагу, қиз болага совчи кутиб ётиш ёки дуч келган одамга узатиб юбориш керак экан? Ўғилдир, қиздир фарзандини уйли-жойли қилиш ота-онанинг бўйнидаги қарз. Шунинг учун ҳам қизига солиҳ куёв қидираётганларнинг иши хато эмас.

Мулоҳазадан муддао

Турмуш қуришдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор бериш шарт. Бу борада икки ёшни қовуштириш вазифасини олган совчиларнинг ҳам масъулияти катта. Ўзаро ҳурмат, муҳаббат, ишонч ва самимият билангина оиланинг пойдевори мустаҳкамланади. Оила қураётган икки инсон бир-бирига ҳар томонлама муносиб бўлсагина, оила қуришдан кўзланган софлик, бахт-саодат ва хотиржамликка эришиш эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда эса, унинг сифатлари ичида аҳли солиҳлик, одоб-ахлоқ ва илмлилик, маънавиятга биринчи ўринда эътибор берилиши керак. Чунки никоҳ ва оила қуриш умр савдоси. Маънавий олам, фасоҳат ва назокат умр ўтиши билан қувватланиб боради. Одоб-ахлоқ, аҳли солиҳлик ҳам йиллар давомида сайқалланиб, зиёдалашаверади. Албатта, икки ёшнинг бундай сифатларини тўйдан аввал катталарга оби-тобида етказувчи шахслар совчилар бўлади. Хайрли амал сари тугунини кўтариб отланган совчижонлар ана шу ҳақиқатларни унутмасалар, бўлгани...
Умида АДИЗОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Совчилик: «Қизнинг ҳаққида эҳтиёт бўлинг»