date

Ўзбекистонда ўртача ойлик маош бир йилда 19 фоизга ўсди

Ўзбекистонда ўртача ойлик маош бир йилда 19 фоизга ўсди

Ўзбекистонда аҳолининг даромад даражаси сезиларли ўсишни бошдан кечирмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида республика бўйлаб ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6 миллион 166,9 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,2 фоизга кўтарилган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри анъанавий равишда етакчилик қилмоқда — бу ерда ўртача ойлик маош 10 миллион 379,6 минг сўмга етган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 18,7 фоизга юқори.

Шунингдек, иш ҳақининг кескин ўсиши бир қатор вилоятларда ҳам кузатилган. Хусусан, Самарқанд вилоятида ўртача маош 4 миллион 853,3 минг сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 124,8 фоизга етган. Наманганда бу кўрсаткич 4 миллион 543,8 минг сўм (120,9 фоиз), Сирдарёда 4 миллион 930,8 минг сўм (120,7 фоиз), Фарғонада 4 миллион 574,5 минг сўм (119,8 фоиз), Жиззахда эса 4 миллион 589 минг сўм (119,2 фоиз) бўлган.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлилга кўра, энг тез ўсиш кўнгилочар ва дам олиш соҳасида қайд этилди. Бу йўналишдаги иш ҳақи 5 миллион 114,7 минг сўмга етган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 22,8 фоизга кўпайган.

Таълим соҳасида ҳам ижобий динамика кузатилди — бу йўналишда ўртача иш ҳақи 4 миллион 188,5 минг сўмга етди, ўсиш 19,8 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, транспорт ва логистика йўналишида иш ҳақи 9 миллион 382,1 минг сўм бўлиб, 16,7 фоизга ошган. Ахборот ва алоқа соҳаси эса 14 миллион 985,8 минг сўм билан юқори поғонани эгаллади — бу ерда ўсиш 16,6 фоизни ташкил этди. Саноатдаги иш ҳақи 7 миллион 301 минг сўм бўлиб, 16,3 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Қурилиш соҳасида иш ҳақи 6 миллион 342,6 минг сўмга етди (9,2 фоиз ўсиш), савдо соҳасида — 6 миллион 875,6 минг сўм (12,1 фоиз), яшаш ва овқатланиш хизматларида — 5 миллион 122,8 минг сўм (10,1 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда — 3 миллион 765,4 минг сўм (14,6 фоиз).

Банк, суғурта ва кредит соҳаларида эса энг юқори кўрсаткич қайд этилган — ўртача иш ҳақи 16 миллион 828,9 минг сўм бўлиб, 15,6 фоизга ошган.

Мутахассислар фикрича, иш ҳақларининг бундай ўсиши мамлакатдаги иқтисодий барқарорлик, ишлаб чиқариш фаоллиги ва янги иш ўринлари яратилаётганининг белгиси ҳисобланади. Шу билан бирга, соҳа кесимидаги фарқлар ҳудудий иқтисодий салоҳият ва инвестиция муҳитининг турлича ривожланганини ҳам кўрсатади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда ўртача ойлик маош бир йилда 19 фоизга ўсди