Эпиграф. Битта Она менга ўғлининг қулоқсиз бўлиб қолаётганидан эзилиб гапирди. Мен ушбу муштипар Онани узоқ тинглаб ушбу мақолани тайёрлашга жазм қилдим. Бундан ёш оналар ва оталар ўзларига хулоса чиқариб олишар, деган умиддаман.
Она – улуғ зот! Она ўз кўзига тик қараб ўдағайлаётган ўғлининг кўзларига хатто меҳр ила боқади. Оналарни ҳеч бир давлат аскар сифатида армияга олмаган. Чунки қўлида милтиқ ушлаган Она рўпарасида келаётган душманга ўқ уза олмайди: “Ўша душман йигитнинг ҳам онаси бор, ахир она фарзанд доғида ёниб адо бўладику!”
Бу жумлаларни Сиз лирик чекинишлар деб ўйламанг. Ҳақиқатан ҳам шундай! Сиз ҳарбий психологияга оид махсус адабиётларни ўқиб кўринг. Бунга ўзингиз амин бўласиз. У ҳолда Тўмарис ва Жанна Д´арк ҳақида нима дейсиз, деган савол туғилади? Тўғри улар фарзандларини ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олишган, Ватанни ҳимоя қилиш учун шундай қилишган.
Нима учун барча давлатларда “Она Ватан” ибораси қўлланилади. Нега Ота Ватан дейилмайди? Ватанни бошқараётган Оталар эмасми? Нега “Она тили” дейилади? Бу тилда Оталар ҳам гаплашадику? Пайғамбарларимиз эркак киши бўлишган ва оналарни жуда улуғлашган. Муқаддас китобларнинг барчасида “Жаннат оналар оёғи остидадур” дейилган. Ҳамма жаннатга тушишни орзу қилиб яшайди. Демак, барчамиз оналар оёғи остида паёндоз бўлсак арзийди. Она улуғ ва қудратли зот!
Она меҳридарё инсон! Бироқ ушбу майин дарёда чўмилиб роҳатланиш ўрнига, унда чўкиб кетаётган ўғил болалар кўпайгандек назаримда. Улар қаттиқ ерга нега мослаша олишмаяпти? Келинг, ҳозир она пинжида улғаяётган ўғил бола ва унинг асоратлари ҳақида фикр юргизамиз.
Ўғил бола Онаси пинжида улғайса нима бўлади?
1. Онаси пинжида ўсаётган ўғил юмшоқ, меҳрталаб, аёлсифат бўлиб боради ва ўғил болаларга қўшилиб кета олмайди.
2. Онаси пинжида улғайган ўғил ҳохлайдими, ҳоҳламайдими “Эркаклар дунёси” га тушишга мажбур. Чунки у эркак! Эркаклар дунёси бешавқат бўлиб, у ерда “Аёллар қонуни” ўтмайди.
3. Онаси пинжида улғайган ўғил оила қургач уни бошқаришда жуда қийналади ва хотинига қул бўлиб қолиш ҳавфи ҳар доим сақланиб туради. Оилани бошқаришда боши қотган бундай ўғил Ота эмас, Онаси олдига маслаҳатга чопади. Бироқ энди онанинг “Эркак бўл, ахир” деган ўгитлари ўтмайди. Чунки унинг қулоқлари аёл киши товушига мослашиб бўлган ва эркакча сўзларга у ерда жой қолмаган. Энди эса кеч!
4. Она пинжида улғайган ўғилда важоҳат, дадиллик, қатъият, қаттиққўллик бўлмайди, у нафақат эркакларга, балки аёлларга ҳам сўзини ўтказа олмайди. Чунки аёлсифат ўғил болани нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам ҳурмат қилмайди.
5. Она пинжида улғайган ўғил ўзи Ота бўлгач ўғлининг тарбиясини ўзи англаб етмаган ҳолда хотини қўлига топшириб қўяди. Натижада ўғил учун Ота иккинчи даражали инсонга айланади ва маслаҳат учун у ҳам Она олдига чопади. Охир-оқибат “Она пинжида улғайиш” синдроми унинг ўғлида ҳам давом этади ва бу одат авлоддан-авлодга ўтиб бораверади.
6. Она пинжида улғайган ўғил Отасини ҳурмат қилмай ўсади, ундан қочадиган бўлади, Ота важоҳатини кўтара олмайди. Натижада ўғил эркаклик ҳислатларидан бебаҳра бўлиб улғаяди ва бунинг оқибатларини катта бўлганда англаб етади.
7. Она пинжида улғайган ўғил кейинчалик оила қурса, удан “Оила сардори” чиқмайди, у хотинига қарам бўлганини ўзи сезмай қолади. Унинг аёлсифат характерини пайқаган зийрак хотин, оилани бошқаришни секин-аста ўз қўлига тортиб олади. Оқибатда Она – оила сардорига айланади.
8. Она пинжида улғайган ўғилдан яхши мутахассис чиқиши мумкин, бироқ раҳбар етишиб чиқмайди. Жамоани бошқариш у ёқда турсин, у хатто ўзини-ўзи бошқара олмайди. Бу дунёнинг ярми эркаклар бўлганлиги боис, уларнинг дунёсига киришиб кета олмайди.
9. Она пинжида улғайган ўғил, катта бўлгач “Йўқ” дейишни билмайди, у деярли ҳар доим “Ҳўп бўлади” дейди холос. Чунки илк болалик давридан унинг қулоқлари тагида “Хўп бўлади, ўғлим” деган аёл кишининг товуши янграган. Табиийки, бундай йигит “Йўқ” сўзи ҳукмрон бўлган замонда ўз ўрнини топиб кета олиши даргумон.
10. Она пинжида улғайган ўғил билан эркаклар ҳисоб-китоб қилмай қўяди, уларнинг ўз фикри бўлмайди, майда гап бўлишади, уларнинг фикри эркаклар жамоасида кўпинча эътиборсиз қолади, бошқа бировлар у ёқда турсин, улар хатто ўз ўғлига сўзини ўтказа олишмайди (чунки бу ўғил ҳам Она пинжида катта бўляпти).
11. Она пинжида улғайган ўғил аламзада ва тажовузкор бўлади, оилани билим билан эмас, билак билан бошқаришга интилади. Мабодо “Сени оилангда хотин ҳукмдор” деган гап қулоғига чалинса, турмуш ўртоғини қўлга олиш учун уни урадиган одат чиқаради. Натижада хотини ва фарзандлари кўзига ёмон кўриниб қолади ва баттар обрўси тушади.
12. Ота важохатини кўрмай, она меҳрига суйкалиб катта бўлган ўғил армияга чақирилиб десантчилар армиясига тушиб қолса ва мабодо командирдан бир шаполоқ еса, “Ойижон мени командир урди” деб йиғлаб онасига қўнғироқ қилади. Отасига телефон қилмайди, чунки Отадан қандай жавоб олишни билади.
13. Меҳр наркотикка ўхшайди, фарзанд уни олган сайин олгиси келаверади. Улғайиб бораётган фарзанд меҳрни ҳам каттасини ҳоҳлаб бораверади. Она меҳрга кўмиб катта қилган ўғлини лоақал бир маротаба койиб берса, у ўз муштипари билан гаплашмай қўяди. “Сиз Онасиз, менга меҳр беришингиз керак, ахир гўдаклигимдан Сиз мени шунга ўргатмаганмисиз” деган ақида ўғилнинг миясига қаттиқ ўтириб қолади.
14. Барча ўғил болалар Она пинжида катта бўлаверса, бутун бир жамият издан чиқади, ҳар бир йўналишга сардор керак ва ундайларни топиб бўлмай қолади, юртимизда сўзи ва лабзида турадиган, қатъиятли, собитқадам, шерюрак, ҳам оиласини, ҳам Ватанини ҳимоя қила оладиган эркаклар йўқолиб боради. Охир-оқибат мамлакатни субутсиз эркаклар босиб кетади ва “Аёллар юрти” га айланамиз. Бундай юртда иқтисод ҳам, сиёсат ҳам таназзулга юз тутади.
Қандай оналар ўз фарзандига керагидан ортиқ меҳр беришади?
Биринчи сабаб. Қаттиққўл оилада отаси ёки онасидан меҳр кўрмай ўсган қиз оила қургач, кўнглига тугиб қўяди: “Болалигим оғир ўтди, меҳр кўрмадим, Худо ҳохласа фарзандларимни меҳрга кўмиб катта қиламан!”. Ҳақиқатан ҳам янги оила қурган Она бунга қатъиян амал қилиб бошлайди ва фарзандларини ҳатто эридан ҳам ҳимоя қилади. Агар эр хотинга ён босса, унинг ўғли юқорида тилга олинган аёлсифат ҳислатлар билан улғайиб бошлайди.
Иккинчи сабаб: Отанинг бефарқлиги: “Хотиним ўғлимни ҳам, қизимни ҳам эплаяптику, болага меҳр берса нима қипти, она бўлганидан кейин меҳр беради-да”. Ўзаро ҳурматга асосланмаган ортиқча меҳр бора-бора болани бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келтириб ҳар қандай фарзандни худбин қилиб қўйишини муштипар она кўз олдига келтирмайди.
Учинчи сабаб: Ота ўғилни койиса, Она дарров болани ўз ҳимоясига олиши ва фарзандини ҳимоя қилиб эри билан айтишиб кетиши. Бу ҳолат ўғил болада Онага чексиз меҳр, Отага эса қаҳрни шакллантириб келади. Оқибатда Отанинг гапи бир тийинга қиммат бўлиб бораверади, фарзандлар, айниқса ўғил бола Отанинг фикри билан ҳисоблашмай қўяди, унинг айтганларини қилмайди.
Тўртинчи сабаб. Бу – болага фақат меҳр бериш керак ақидаси. Меҳр қуёш нурига ўхшайди ва мурғак қалбга ёқиб тушади. Бола кимдан меҳр олаверса, табиийки унга интилади. Энг кучли меҳр эса онада бўлади. Бу ҳолат бола эсини таниганидан бери давом этаверса, Ота иккинчи даражали инсонга айланиб қолади. Аёл эрини чин дилдан ҳурмат қилиши ва унинг ўзи эрини асраб-авайлаши мумкин, бироқ ўзи билмаган ҳолда эрини болаларидан бездириб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.
Нима қилиш керак?
1. Ота ўғилни койиса, Она ўғилни эмас, эрининг ёнини олиши керак. “Отангни нега ҳафа қилдинг, иккинчи бунақа қила кўрма”, деб ўғлидан 1-2 кун аразлагандек бўлиб юриши керак. Бу ўғил болага қаттиқ таъсир қилади ва у отадан ҳам, онадан ҳам ҳайиқиб турадиган бўлади. Бола ота-онадан қўрқиши эмас, ҳайиқиб туриши лозим. Ҳайиқиш – бу қўрқиш, дегани эмас. Ҳайиқиш – психологик иммунитетни шакллантирувчи омил. Албатта қўрқитиш билан ҳайиқиш ўртасида катта фарқ бор. Бу нозик масалада жуда эҳтиёткорлик талаб этилади. Болани асло қўрқитиб катта қилиш керак эмас!
2. Она олдига ўғил ниманидир сўраб кирса, “Шошма, Отанг нима дер экан” дейиши керак. Бу ҳолат ҳадеб такрорланаверса, Онам барибир Отамга юборади, деб у дастлаб Отага мурожаат қиладиган бўлади. Ота ўғил болага эркакча маслаҳат беради. Масалан, ўғил бола кўчадан таёқ еб келса, Она кўчага чопиб ҳимояга отланса, Ота уйда қолиб “Ўзингни ҳимоя қилишни ўрган, ахир ўғил боласан” дейди.
3. Ўғилга бўлган Она меҳри чиройли гул қоғозга ўралган бўлиши ва бу меҳр фарзандга кўз-кўз қилинавермаслиги керак. Меҳр ва ҳурмат ёнма-ён туриши лозим. Фарзандга ота-онани бир хил ҳурмат қилишни албатта ўргатиб бориш керак. Ўғилнинг Отага бўлган ҳурматини Онанинг ўғилга бўлган меҳри билан асло алишмаслик керак. Бола тарбиясида “Меҳр, ҳурмат ва меҳнат” ҳар доим ҳамроҳ бўлса, ўзингиз орзу қилган мукаммал фарзандни тарбиялаган бўласиз.
Профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширилганда Бизнес-омбудсман хабардор этилади
Қидирувдаги машинага бошқа авторақам тақиб юрилгани маълум бўлди
Олимлар қаҳванинг ичакдаги бактериялар таркибига таъсирини аниқлади
Филиппин пойтахтида бошланган ёнғинда мингга яқин уйлар ёниб кетди
Финландияда омон қолиш курсларига ёзилаётган аёллар сони кескин ошди