date

“Мелисса” довули: электр узилди, уй томлари учиб кетди

“Мелисса” довули: электр узилди, уй томлари учиб кетди
Кариб денгизи минтақасида “Мелисса” номли кучли довул катта талафот келтирди. Довул Ямайка, Гаити ва Куба ҳудудларида вайронагарчиликлар, сув тошқинлари ҳамда электр узилишларига сабаб бўлди. Оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, минглаб аҳоли бошпанасиз қолди.

Энг оғир зарар Ямайкада қайд этилди. Бош вазир Эндрю Холнеснинг сўзларига кўра, оролнинг катта қисмида уйлар, касалхоналар ва жамоат бинолари бутунлай вайрон бўлган. “Томларнинг 80 фоиздан ортиғи учиб кетган, электр энергияси тўлиқ узилган”, деди у.

Довул кейинчалик Гаити ва Куба томон силжиди. Гаитида кучли ёмғир ва сув тошқинлари натижасида камида 20 киши, жумладан болалар ҳам ҳалок бўлган. Кубада эса шамол тезлиги соатига 115 милга етиб, жануби-шарқий ҳудудларда оғир талафот келтирди.

Буюк Британия қироли Чарлз Ямайкада юз берган фожиадан чуқур қайғуда эканини билдирди. АҚШ эса довулдан зарар кўрган ҳудудларга ёрдам кўрсатиш учун махсус гуруҳ юборишни режалаштирмоқда. Мутахассислар тозалаш ва тиклаш ишлари бир неча ой давом этишини айтмоқда.




Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Мелисса” довули: электр узилди, уй томлари учиб кетди