Бир танишим бор. Маҳалладошим. Оддий оиланинг оддий фарзанди эди. Бир вақтлар... Ҳозир ўнлаб завод-фабрика эгаси. Тўғри, бунақа бойликка эга кишилар сафи кенгайиб кетди, аммо Ҳабиб ака каби ҳам моддий, ҳам маънавий бойлар, афсуски, унчалик кўп эмас... Қандай қилиб бу даражаларга эришганининг ажойиб тарихи бор. Шуни Сизлар билан ўртоқлашмоқчиман. Услуб осон бўлиши учун ҳикояни қаҳрамоннинг номидан ёзмоқчиман...
“Минг тўққиз юз тўқсонинчи йили дадам оламдан ўтди. Мен эндигина ўн етти ёшга киргандим. Ақлимни таниб қолган бўлсам ҳам, беш йил дард билан курашган падаримнинг вафотидан довдираб қолдим. Чунки ўлимни узоқда деб ўйлардим...
Ота-онам оддий “колхозчи” бўлса ҳам маърифатпарвар, диндор, диний илмлари оз бўлса ҳам, амаллари кўп эди. Онажонимнинг насиҳатлари ортидан беш нафар укаларимнинг уддасидан чиқишга ҳаракат бошладим.
Маҳалламизда Ислом ака деган дўкончи бор эди. Ўша кишининг ёнига бориб: “Мени шогирдликка олинг”, деб қаттиқ илтимос қилдим. Оилавий шароитимни билгани учун рози бўлди. Тошкентга мева ва сабзавотлар обориб сотадиган бўлдик. Қўлим оз-моз пул кўрди. Кейин Россияга юк оборадиган бўлдим. Ишларим жудаям юришиб кетди.
Бир куни поездда жудаям тушкун кайфиятдаги одам билан ҳамроҳ бўлиб қолдим. Исми Муроджон, ўзи қозоғистонлик экан. “Нега кайфиятингиз йўқ, ака?” деб ҳол-аҳвол сўрадим. “Эй ука, нимасини айтасиз, вокзалда пулимни йўлтўсарларга олдириб қўйдим. Поездда фалон жойгача боришим, ундан тушгач, пистон шаҳаргача етиб олишим керак. Ҳозир вагон назоратчиси чиптамни сўраса, нима дейман, бошим қотиб қолди”.
Шу пайт дадам раҳматлининг насиҳатлари ёдимга келди: “Болам, мусофирга, йўлда қолганга, агарчи у кофир бўлса ҳам, ёрдам бер! Аллоҳ ажрини албатта беради...”
Қозоғистонлик аканинг йўл харажатларини чамалаб кўрдим. Поезд ҳақига икки юз, кейин ўз шаҳрига етиб олиши учун яна икки юз, овқатланиши учун юз, жами беш юз доллар бемалол етар экан. Ёнимда тахминан етти юз доллар бор, холос. Чиптам бор, тўғри Москвага бораман ва юкларимни бозоргача олиб бориш учун юз доллар етади. Демак, бу одамга ёрдам бераман, дедим.
Шайтон ва нафсим қанча қаршилик кўрсатмасин, дадамнинг насиҳатига амал қилгим келди. (Эҳтимол падари бузрукворим ҳаёт бўлганларида бунақа қилолмасдим. Янаям билмадим...) Шартта ёнимдан беш юз доллар чиқариб бердим. У киши хижолат бўлди. “Бу пулни мен Сизга қандай қайтарман, қаердан топаман Сизни”, деди чор-ночор пулни олар экан. “Ака, мен Ўзбекистонликман. Аммо мени излаб овора бўлманг. Бу Аллоҳ йўлида эҳсон Сизга. Дадам раҳматли шунақа буюрган бизга. Ўша кишининг ҳақларига дуо қилиб қўйсангиз, кифоя. Агар астойдил қайтаришни хоҳласангиз, ўзингизга ўхшаб мушкул аҳволга тушиб қолган бирор одамга ёрдам беринг, мен розиман. Бу қарзга эмас. Йигитчилик, бунақа вазиятлар бўлиб туради” дедим уни ноқулай вазиятдан чиқариш учун... Йўл-йўлакай гаплашиб кетдик. Москвага етмай қайсидир станцияда тушиб қолди. Кейин қайтиб Мурод акани кўрмадим (ёшлар балки яхши тасаввур қилмас, у пайтлари нафақат қўл, балки уйларда ҳам телефон бўлиши амри маҳол эди).
Икки йиллар чамаси совуқ ўлкаларга бориб юрдим, ошиғим олчи бўлди. Кун сайин пулим кўпайиб, рўзғоримиз бутлашиб борарди. Бир куни кўз тегди. Ўрис ўлкасида йўлтўсарларга дуч келдим. Бор-будимни шилиб, ўзимни ўлдирмоқчи бўлиб турган пайти Худо нажот бериб аранг қочиб қолдим. Нафсимнинг гапига кириб насияга ҳам мол олган эдим. Қишлоққа келгач, деҳқон ва боғбонлар ҳақини талаб қила бошлади. Бергани имконим йўқ, қарздан кечгани уларнинг шароити... Дарвозадан биров чақириб келса, юрагим ўйнайди, ўзим билиб билмай сандалнинг ичига кириб кетаман. Қани ер ёрилса-ю, кириб кетсам... Онам таскин берсалар ҳам, кўзлари тубидаги мунг мени эзиб юборди. Дадамдан қолган участка бор эди, ўшани сотиб аранг қарздан қутилдим. Энди нима қилишга ҳам бошим қотган, чунки ишлагани иш йўқ, ҳамқишлоқларим насияга мол бермайди...
Шундай кунларнинг бирида онажоним ялинчоқ оҳангда гап бошладилар: “Болам, кўпам куюнаверма, бу кунлар ҳам ўтади. Сув ҳам тоғдан тушаётиб, катта-кичик тошларга уриб, пишади – ширин бўлади. Уканг Абдуллатиф пойтахтга ўқишга кирди. Агар хўп десанг, ўша ёққа бор, ўн сўм топсанг, ярмини ўзинг ишлат, ярмини укангга бер. Бизга пулинг керак эмас, пенсиям ва ҳовлидан чиққан экин-тикин билан тирикчилигимизни амаллаб турамиз. Уканг илм олиши керак. Университетга кириш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Мусофир юртларда кун кечириш осон эмас. Қийналиб қолиб, ўқишдан чалғимасин... Жон болам, нариги маҳалладаги Муқим аканг қайсидир бозорда ишлаяпти экан. Ўша билан маслаҳатлаш...”
“Хўп” дедиму пойтахт сари йўл олдим. “Ипподром” бозорига бориб арава судрай бошладим. Ишимиз савдогарларнинг зил-замбил сумкаларини тонг саҳар омбордан бозорга, кечки пайт бозордан омборхонага ташиш, кундузи харидорларнинг юкини машинасига етказиб бериш... Тиқилинчда юк тўла аравани итариш осон эмас. Мижозлар Сизга жуда баланддан қарайди, исмим ҳам “ҳой арава!” бўлиб қолган, ҳамма шундай деб чақиради... “Яқинда Ҳабиб бойвачча бўлиб юрганди, қара, энди бозорда арава тортяпти...”
Ўзимиз томонлик танишларимнинг (ачиниш биланми, маломат биланми, билмадим) айтган мана шунақа гапларини эшитиш ҳар қандай юкни кўтаришдан оғир эди. Аммо барчасига чидашим, онамнинг гапини икки қилмаслигим керак. Ҳаммадан эрта бориб, кеч қайтаман. Айрим савдогарлар билан қадрдонлашиб қолганимдан бозор тугагач, ёйилган товарларини йиғиштириб омборхонага жойлаб қўйишни ҳам менга ишониб кетадиган бўлди. Албатта, икки ё уч баробар кўпроқ ҳақ эвазига. Укамни бошдан оёқ кийинтириб, озиқ-овқатини таъминлашдан орттириб, қишлоққа ҳам пул жўнатиб турдим...
Олти ойлар чамаси вақт ўтди. Бир куни бозор охирлаб, аравакашлар ҳам ижара уйларига равона бўлган, менга каби “ишлашга мажбур”лар қолган, холос. “Орқа томондан биров “ҳой арава!” деб чақирди. Бордиму эгасига ҳам қарамай юкни аравага орта бошладим. Юклаб бўлгач, мижоз “Фалон стаянкага!” деди. Шу пайт унга қарадим, юзи иссиқ кўринди, лекин таний олмадим. “Ҳабиб! Укажон, ўзингмисан?!” деб қолди у. Шунда эсладим, бу ўша – уч-тўрт йиллар аввал поездда учратганим қозоғистонлик Мурод ака эди. У жудаям изтиробга тушиб мени саволларга кўмар, жавобини ҳам кутмай, яна гапирар... Хуллас қандайдир ноқулай ҳолатга тушиб қолгандай эди. “Нима бўлди” деган саволига: “Йигитчилик, ака...” деб жавоб бердим. Шу пайт поездда ўзига тасалли сифатида айтган шу гапимни эслади ва чеҳрасига озгина табассум югурди.
Ёнидаги шогирдларига юкни машинага обориб, кейин аравани ижарага бериладиган жойга топширишни буюрди. Биз гаплашиб кета бошладик. Айтиши бўйича, Мурод ака Туркия ва Эрондан товар олиб келиб, савдогарларга улгуржи нархда тарқатар, бозордаги маҳсулотларнинг ярмидан кўпини у импорт қилар экан. Тошкентдаги уйига бордик. Шундай ҳашаматлики, ҳатто биз каби оддий одамлар юришга ҳам хижолат қиладиган даражада... “Чўмилиб чиқ” деб мени ҳаммомга йўллади. Қанча ювинсам ҳам баданимдан қора нарса юқиб тушаётгандай туюларди. Роса роҳат қилиб чўмилдим, қандайдир кўнглим равшан тортди.
Ҳаммомнинг ечиниш хонасига чиқсам, кийимларим йўқ! Ўрнига бошдан оёқ янги кийим-бош турарди. Мурод ака ташқаридан: “Ҳабиб, кийимларни сенга олдириб келдим. Хижолат бўлмай, ўшаларни кийиб чиқ тезроқ...” деди. Бир пастда бошқа одамга айланиб қолгандай эдим. Мурод ака билан роса дардлашдик, ўтган-кетган гаплардан суҳбатлашдик.
Поезддаги ҳолатни эслади. “Ўшанда, – деди у, – Сенинг жўмардлигингга қойил қолдим. Гарчи қарз эмас, деб берган бўлсанг ҳам, Худодан шу йигитга яна рўбарў қил, яхшиликларини қайтаришни насиб эт, деб кўп сўрадим. Аллоҳга шукур, дуоларим ижобат бўлди. Энди яхшилик қилиш навбати менда...”
Эртаси куни бозордан дўкон сотиб олдик. Менга ҳаммадан арзон ва пулини сотиб бериш эвазига товар бера бошлади. Икки нафар ҳамқишлоғимни ёрдамчиликка олдим. Шу тариқа жудаям катта маблағ топдим. Ҳозирги завод ва фабрикаларимнинг пойдевори ўша машҳур “Ипподром” бозорида қўйилган...”
Ҳикояни шу жойда тугатиб қўйсам ҳам бўлаверарди. Аммо...
Яқинда Абдуллатифнинг Тошкентдаги уйида меҳмон бўлгандим. Тўрт-беш яшар қақажон қизига “Уйларинг роса чиройли экан, а?” дедим. “Ҳа, лекин отамнинг (амакисини ота дер экан) уйи росаям ҳашаматли...” деди қизалоқ. “Йўғ-эй” дедим сўзимга ёлғон ҳайрат қўшиб. У ҳеч нарсага парво қилмай фикрини давом эттирди: “Биласизми, нимага? Чунки отам кўп эҳсон қилади, шунинг учун Аллоҳ пулларини кўпайтириб ташлайверади....”
Ёш гўдакнинг бу гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Сабаби у ҳақ гапни айтаётган эди. Ҳабиб аканинг саҳийлиги, меҳмондўстлиги, қанчадан-қанча камбағалларни моддий қўллаши, талабаларнинг шартнома пулларини беминнат тўлаб беришини, масжидларнинг қурилишига ошкор-яширин пул беришларини таъкидлашим шарт бўлмаса керак. Фақат бир нарсани айтмасам, кўнглим жойига тушмайди. У киши доим бир гапни кўп қайтарадилар: “Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир!”
Яқинда билсам, бу Ҳабиб аканинг сўзи эмас, Аллоҳнинг каломи, аниқроғи ҳақ ваъдаси экан: Ар-Роҳман сураси, 60-оят.
Абдулазиз Муборак
Манба: Azon.uz
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Чарлз III нинг тож кийиши британияликларга 90 млн долларга тушгани маълум бўлди
Россия Буюк Британия дипломатига қарши кескин чора қўллади
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланмоқда
Украина элчиси: “Россия армияси Одесса ва Николаевни босиб олишига Туркия тўсқинлик қилган”
Буюк ишлар 50 ёшдан кейин...