18:44 / 19.06.2022
1 158

Ҳаётий ҳикоя: гиёҳванд модда учун отасини ўлдирган йигитнинг надоматлари

Ҳаётий ҳикоя: гиёҳванд модда учун отасини ўлдирган йигитнинг надоматлари
Дунёда ота ва онадан азиз инсон йўқ. Аммо гиёҳвандлик балосига йўлиқиб, уларни хорлаётганлар ва азоб бераётганлар, афсуски, топилади. Хумори тутганда ота-онасини ўлдириш даражасигача бораётган нашавандлар ҳам бор. Қуйида ана шундай аянчли ҳодиса ҳақида ҳикоя қилинади.

Тоғли узоқ туманга тўйга айтишди. Наҳор ошида келди-кетдини кузатиб, бемалол ўтирдик. Тўй охирлаётганда даврага ёши қирқарга борган, сочлари оқариб кетган бир киши кириб келди. Тўй соҳиблари негадир унга илтифот кўрсатишмади. У бўш столлардан бирига бориб ўтирди ва олдига қўйилган ошни индамай еб, даврадан чиқиб кетди. Йигитга ҳеч илтифот кўрсатмагани мени ҳайрон қолдирди.

Таажжубимни кўриб, ёнимизда ўтирган мезбонлардан бири гап очди:

— Ҳайрон қоляпсизми? У шунга лойиқ.

Мезбоннинг айтишича, бир пайтлар йигит гиёҳванд моддаларга муккасидан кетган. Оқибатда отасини ўлдириб, узоқ йил «ўтириб» келган. Қамоқдан чиқиб келгандан буён қишлоқ аҳли уни ёқтирмас, маъракаларига чақирмас, йигитнинг ўзи бир четдан келиб қатнашиб кетаркан.

Тўй тугагач, мезбонлардан йигитнинг манзилини сўрасам, улар ажабланишди. Йигит билан суҳбатлашмоқчи эканимни айтгандим, истар-истамас манзилни беришди. Маълум бўлишича, у қамоқдан чиқиб келгач, қишлоқ четидаги ташландиқ ҳовлида яшаётган экан.

Ҳовлини топиб борганимда томи лойсувоқ, деворлари сомонсувоқ ҳолда қолиб кетган уй қаршисидан чиқдим. Чақирганимда ҳеч ким жавоб бермагач дарчани очиб ичкарига кирдим.

Ҳовлига анча тартиб берилган, бир томонда турли экинлар, яна бир томонда сўритокка кўтарилган узум бор эди. Бироздан сўнг йигит чиқиб келди ва мени кўриб ҳайрон бўлди.

Йигитни гапиртириш осон бўлмади. Аммо кимлардир ўзи учун тўғри хулоса чиқариши ва гиёҳвандлик балосининг домига илинмаслиги унинг учун бошидан ўтказганлари ҳақида ёзишим кераклигини тушунтирганимдан сўнг у гап бошлади:

«Оилада икки ўғил эдик. Ўқувчилигимда тўполончироқ бола эдим. 7–8-синфларга ўтганда сигарет чекишни бошладим. Отам унча қаттиққўл эмасди, шундай бўлса-да, чекишимни ундан яшириб юрганман. Акам сезиб қолиб мени чекишдан қайтармоқчи бўлди, аммо ундан бир неча марта калтак есам ҳам чекишни ташламадим.

Отамнинг бозорда кийим-кечак билан савдо қилувчи дўкони бор эди. Акам билан унга ёрдам берардик. Оиламизнинг даромади яхши эди.

Мактабни битирганимдан кейин отамнинг ёрдами билан алоҳида дўкон қилдим. Оиламизда ҳар кимнинг фойдаси ўзига деган ёзилмаган қоида амал қиларди. Мен ўзим ишлаб топган пулдан оила бюджетига бермасдим. Кейинчалик ёмон йўлга кириб кетишимга қисман шу ҳолат сабаб бўлганмикан, деб ўйлаб қоламан.

Бозорда савдо яхши эди. Чўнтагимда доим дасталаб пул билан юрардим. Дўстлар билан чойхоналарда йиғилишиб қолганимизда харажатнинг катта қисмини сахийлик билан кўтарардим. Ўшанда онам нимагадир пул сўраганда «ана, отамдан олинг, менинг кассам алоҳида» деб жавоб берган ноқобил ўғил, дўстлар билан йиғилганда пулларни аямасдан ишлатардим.

Дўстлар билан йиғилишлардан бирида улардан бири қоғозга қандайдир ўтни ўрай бошлади. Хаёлимдан бу гиёҳванд модда деган ўй ўтди. Сўнг уни чека бошлашди. Навбат менга келганда «ол, сигаретдан сал фарқ қилади», дейишди. Бир-икки марта тортдим.

Орадан бироз ўтиб ташқи олам кўзимга бошқача кўрина бошлади. Чанқаб салқин ичимлик ичмоқчи бўлиб дастурхонга қарасам олдимда стакан эмас, катта шиша бочка турганди. Қолгани эсимда йўқ...

Шу-шу, дўстлар билан йиғилишимиз «дори»сиз ўтмайдиган бўлди. Кейингилари кучли эмас эканми ёки чекавериб анча «тажриба» орттирдимми, биринчи чекканимда содир бўлган ҳолат қайта такрорланмади. Фақат кайфиятни бироз кўтарарди холос.

Бу ҳақда дўстларимга гапиргандим, агар пулидан қочмасам «дори»нинг бошқачаси борлигини айтиб қолишди. Кейинги гал ўтиришимизда ўшандан топиб келишларини айтишди.

Шу тариқа аввал қорадори, кейин у ҳам хуморни босмай қўйгач героин истеъмол қилишга ўтдим.

«Гера» қорадоридан анча қиммат эди. Гиёҳванд бўлиб қолганимдан сўнг дўкондаги савдога ҳам унча қизиқмай қўйдим ва фойда кундан кун камайиб кетаверди. Шу сабабли «таъминотчи»дан қарз бўла бошладим.

Уйдагилар аввалига ҳеч нарсани сезишмади. Сезишганда мен ашаддий гиёҳвандга айланиб бўлган эдим. Отам ва акам насиҳат қилишди, уришишди, нафи бўлмади. «Ломка» қўзиб қолганида кўзимга ҳеч нарса кўринмас ва бундай пайтда бир неча грамм героин учун мен ҳар нарсага тайёр эдим.

Шу тариқа, оиламдагилар учун ҳақиқий бошоғриққа айландим. Отам ва акам бир неча марта мени даволатмоқчи бўлишди. У ёқда дўхтирлар «дори» бермаслигини ўйлаб мен кўнмасдим.

Бора-бора «таъминотчи»дан бўлган қарзим ошиб бораверди. Шундан сўнг дўконимни ҳам сотиб «чекиб» юбордим. Отам ва акам ҳолимни кўриб чидай олишмади. Бир куни улар хонамга кириб келишди ва ўзимни ўнглашга улгурмасимдан қўл-оёғимни чандиб боғлаб ташлашди.

Отамга кимдир «маълум бир вақт чидаса, кейин қонидан гиёҳванд модданинг таъсири чиқиб кетади ва шунда тузалади», дебди. Отам мени боғлаб қўйиб даволамоқчи бўлди.

Қўл-оёғим боғланган ҳолда, чорасиз ётар эканман, «ломка» қўзиганда аъзойи баданим қақшаб оғрир, бунга чидай олмай додлаб бақирар эдим. Шундай пайтларда нолишларимга чидай олмаган онам келиб олдимда ўтириб йиғлар эди.

Онам олдимда ўтирганида мени арқондан бўшатишини сўраб йиғлардим. У бир марта мени арқондан бўшатиб юбормоқчи бўлганида отам қаттиқ уришиб берди. «Ўғлингни йўқотмоқчи бўлсанг, уни бўшатиб юбор. Тирик қолишини ва соғайишини хоҳласанг, тегма», дегани эсимда.

Ўша машъум кунда танамдаги қақшоқ туфайли овозим чиқмай ётар эканман, олдимга отам кирди. У ҳаётимни асраб қолиш учун шу ишга мажбур бўлганини айтиб, ҳатто узр сўради.

«Бошқа иложим йўқ. Эртага ўзинг ҳам оила қуриб, бола-чақали бўлсанг ана ўшанда ота-она фарзанди учун ҳар қандай ишга тайёр бўлишини тушуниб етасан», деди отам.

Отам менга умид билан насиҳат қилар экан, ўша тобда унга ўзимни тузалгандай тутсам балки арқонни ечар деган ўй келди. Шундан сўнг отамга анча ўзимга келганимни, танамдаги оғриқлар йўқолганини айтдим ва мени арқондан бўшатишини сўрадим. У менга ишонмай турганини кўриб, тузалганим тўғрисида ёлғондан қасам ичиб юбордим.

«Алдаётган бўлсам Худо урсин» деган гапимга отам бечора ишонди. У қўлимни ечиб қўйди. Оёғимдаги арқонни ечдим ва эшикка қараб мўлжал ола бошладим. Мақсадим нима бўлса ҳам уйдан қочиб чиқиш ва «дори» топиш эди. Отам кўзимга қаради ва алдаганимни билди.

Хонадан қочиб чиқиб ўзимни ҳовлига урдим. Заифлашиб қолганим учун узоққа қоча олмадим, отам етиб олди. У ортимдан қуваётганида арқонни олишга ҳам улгурган экан.

Отам бир қўлда мени маҳкам ушлаб, иккинчи қўли билан қайта боғлашга уринарди. Тинимсиз типирчиласам ҳам отамнинг қўлидан чиқиб кета олмасдим.

Шу пайт дераза токчасида турган пичоққа кўзим тушди ва у менга нажот бўлиб кўринди. Жон-жаҳдим билан ўзимни дераза томонга отдим ва пичоқни олиб отамнинг дуч келган жойларига бир неча бор санчдим. Оёқ ости қип-қизил қон бўлди. Отам йиқилди ва гапиришга ҳам улгурмай жон берди.

Даҳшатли иш қилганимни англаб турган бўлсам ҳам, ўша пайтда менда тезроқ героин топиб истеъмол қилиш ваҳми кучли эди. Аммо отамнинг жасадини шундоқ ташлаб кетсам мени осонгина топиб олишлари ва яна «дори»дан айиришлари мумкин эди. Шу учун ҳамма ёқни тозалаб кейин чиқиб кетишни хоҳладим.

Ўша куни уйимизда ҳеч ким йўқ эди. Аввал ҳовлининг кўздан панароқ жойидан чуқур қазиб отамни кўмдим. Сўнг оёқ остидаги қонни ювиб ташладим. Ундан кейин уйга кириб бор пулларни олдим ва кўчага чиқиб кетдим.

Уйдан чиққач тўғри «таъминотчи»нинг олдига бордим ва ундан «дори» олиб хуморим босилгунча чекдим. Кейин ёнимдаги пулнинг ҳаммасига героин сотиб олдим.

Чекилган героин таъсирида кўчада кетиб борар эканман, ёнимга бир машина келиб тўхтади ва ундан ИИБ ходимлари тушиб келишди. Шу пайт хаёлимдан отамни ўлдирганимни шунча тез аниқлашдими, деган ўй ўтди.

ИИБ ходимлари мендан исм-шарифим ва қаерда туришимни сўрашгач, шунчаки уларнинг кўзига шубҳали шахс бўлиб кўринганимни билдим. Озиб қилдай бўлиб қолганим ва бежо боқаётган кўзларим уларни баттар шубҳалантирди. Улар шахсимни аниқлаш учун бўлимга боришимиз кераклигини айтишди.

Бўлимга олиб бориб текширишганда чўнтагимдан бироз аввал сотиб олганим, героин чиқди. Шундан сўнг ҳибсга олиндим. Дастлабки терговда «гера»ни кимдан олганимни айтдим, «таъминотчи»ни олиб келиб юзлаштиришди.

Ҳибсда турганимда танам қақшаб оғриганига чидаб туролмасдим. Аммо чидашга мажбур эдим. Тергов бошлангандан кейин бир неча кун ўтса ҳам мендан отам ҳақида сўрашмади. Демак, отамни ўлдирганимни ҳеч ким билмайди.

Мени ушлашганига 20 кун бўлгач, терговчи мени сўраб туман ИИБга барча келганини, аммо отам келмаганини айтди. Унинг «отангизни охирги марта қачон кўргандингиз?» деган саволига жўяли жавоб бера олмадим.

Шундан сўнг у отам йўқолганини ва бир кун аввал акамнинг аризасига мувофиқ унга қидирув эълон қилинганини айтди. Шу пайт бехосдан отамни ўлдирганимни айтиб юбордим.

Шундан сўнг терговчига ўша куни содир бўлган ҳодисаларни айтиб бердим. Қўлимда кишан билан уйимизга олиб боришди. Терговчиларга отам кўмилган жойни кўрсатдим. Отамни ўлдирганимни билиб, онамнинг мазаси қочиб қолди.

Ўзим эса ўша ҳолатда героин чекиш хумори билан юрганим учун, қилган ишимнинг даҳшатли жиноят эканини, бунинг жазосини нафақат бу дунёда, охиратда ҳам олишимни ҳали англаб етганим йўқ эди.

Шу тариқа, менга Жиноят кодексининг иккита моддаси билан айб қўйилди ва узоқ муддатга қамалдим. Қамоқда бошқа маҳкумлар мени отамнинг қотили эканимни билиб ёмон муносабатда бўлишгани – бу алоҳида тарих.

Қамоқда қарийб 15 йил ўтирдим. 22 ёшимда қамалиб, 37 ёшимда озодликка чиқдим. Борадиган бошқа жойим йўқлиги учун қишлоққа қайтиб келдим. Ота ҳовлимда, муштипар онамнинг ва бошқа яқинларимнинг кўзига тик қараб яшай олмасдим. Шу учун мана шу ташландиқ ҳовлига келиб жойлашдим.

Қишлоқдошларимнинг муомаласини кўрдингиз, мен улардан хафа эмасман. Ўшандай муносабатга лойиқман. Қамоқда ўтирганимдаёқ тавба қилганман, аммо тавбам қабул бўладими йўқми, билмайман.

Ёшлардан мен қилган хатони такрорламасликларини сўрайман. Гиёҳвандлик балоси инсонни энг тубан даражага тушириб, ҳаётини барбод қилади. «У ёқ»ни кўриб келдим, не-не йигитлар менга ўхшаб бу заҳри қотилни истеъмол қилишга ружу қўйиб, гулдай умрини панжара ортида ўтказяпти.

Мен ота-онамнинг хизматини қилиб, кексайганида уларга тиргак бўлиш ўрнига бирининг қотили, иккинчисига оқ бўлдим. Менинг гуноҳимни ҳеч нарса билан ювиб бўлмайди.

Инсонга умр бир марта берилади. Шундай экан, ҳаётнинг қадрига етиб, умрни фақат ва фақат савоб ишларга ҳамда яхшиликларга сарфлаб ўтказиш керак. Акс ҳолда ҳаётларини мендай барбод қилиб қўйишлари мумкин. Шу гапларимни ёшларга етказинг».

Суҳбатимиз охирида йигит йиғлаб юборди. Уни ўз ҳолига қўйиб, ўрнимдан қўзғалдим.

Ғайрат Йўлдош.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳаётий ҳикоя: гиёҳванд модда учун отасини ўлдирган йигитнинг надоматлари