23:44 / 08.08.2022
1 056

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун бизнес кайфияти қандай бўлмоқда?

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун бизнес кайфияти қандай бўлмоқда?
Марказий банк 2022 йилнинг иккинчи чораги учун бизнес кайфияти шарҳини тақдим қилди. Ушбу шарҳ Марказий банк томонидан тадбиркорларнинг бизнес кайфиятини ўрганиш мақсадида 2022 йилнинг июль ойида ўтказилган сўров асосида тайёрланган.

Тадбиркорларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилнинг иккинчи чорагида тадбиркорлик шароитлари ўтган чоракка нисбатан бирмунча яхшиланди.

Бунда, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ҳамда Бухоро вилоятларида бизнес шароитларини яхшиланганини таъкидлаган тадбиркорлар улуши ўртача 53,5 фоизни ташкил этди.

Бу эса аввалги чоракка нисбатан сезиларли даражада юқоридир (биринчи чоракда ушбу кўрсаткич 28 фоизга тенг бўлган).

2022 йил иккинчи чорагида тадбиркорларнинг бизнес шароитлари бўйича ижобий жавобларини аввалги чоракка нисбатан ошганлиги, бир томондан, ташқи шокларнинг иқтисодиётига салбий таъсирлари аста-секин пасайиб бораётгани билан изоҳланади.

Бошқа томондан, ушбу даврда кўплаб соҳалар, жумладан, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, умумий овқатланиш ва ташиш кабиларда мавсумий фаолликнинг жонлангани кузатилди.

2022 йилнинг иккинчи чорагида энергия истеъмоли кўпайганини таъкидлаган тадбиркорлар улуши ортиб, 43 фоизни ташкил этди (I чоракда 37 фоиз).

Юк ташиш ҳажмида ҳам ўсиш кузатилган бўлиб, юк ташиш ҳажми ўсганлигини таъкидлаган бизнес вакиллари улуши 39 фоизга тенг бўлди (I чоракда 30 фоиз).

Чорак давомида тўлиқ фаолият юрита олмаганликларини қайд этган тадбиркорлар улуши бироз қисқарди.

Хусусан, аввалги чоракда сўровда қатнашган жами тадбиркорларнинг 30 фоизи тўлиқ фаолият юрита олмаганликларини таъкидлаган бўлса, иккинчи чоракда ушбу кўрсаткич 24,5 фоизгача камайди.

Бунда, тўлиқ ишламаслик сабаблари сифатида ёқилғи нархларининг қимматлиги ҳамда хом ашё материалларнинг етишмаслиги каби омиллар келтирилган.

Ўрганилаётган даврда тадбиркорларнинг қўшимча ишчи кучига бўлган талабининг жонлангани кузатилди. Бунда қурилиш, умумий овқатланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшимча ишчи кучига бўлган талаб ошган.

Айни пайтда ушбу даврда бизнес вакилларидан иш сўраб келувчилар сонида ҳам ўсиш кузатилган. Хусусан, ишлаб чиқариш, фан-таълим, тиббиёт, қурилиш ва хизмат соҳаларида иш қидирувчилар сони кўпайган.

Тадбиркорларнинг қарз юкламалари (кредит ва фоиз тўловлар) динамикасида мувозанатлашув тенденциялари кузатилмоқда. Жумладан, биринчи чоракда бизнес вакилларининг қарийб ярми чорак давомида қарздорлиги кўпайганлигини таъкидлаган бўлса, иккинчи чоракда ушбу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этди.

Умуман олганда, бизнес вакилларининг яқин истиқболдаги кутилмалари яхшиланиб бормоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда тадбиркорлар учун бизнес кайфияти қандай бўлмоқда?