Саудия Арабистонининг “Vision-2030” ва Ўзбекистоннинг “Янги Ўзбекистон” ислоҳотлар дастури ўртасида умумий жиҳатлар мавжуд. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов Arab News нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу икки томонлама ҳамкорликнинг чуқурлашуви ва савдонинг ривожланиши учун яхши асос бўлиши мумкин. Дипломат Саудия Арабистонининг Vision 2030 дастурига эришиши учун барча имкониятларга эга эканини таъкидлаган.
“Ҳар икки давлат қалин алоқаларга эга ва ўзаро ҳамкорликда олдинга қараб кетмоқда. Биз подшоҳликнинг Vision 2030 стратегиясини кузатиб боряпмиз ва унинг Expo-2030’ни ўтказиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз”, – деган Сиддиқов.
Вазир ўринбосари Ўзбекистон сўнгги беш йилда бозор муносабатларига ўтишни жадаллаштиришга қаратилган ички тараққиёт стратегиясини амалга оширди. Бу ўз навбатида кичик ва ўрта бизнеснинг ўсишига ҳамда янада диверсификация қилинган иқтисодиёт яратилишига олиб келди.
Унинг фикрича, Saudi Vision 2030 Саудия иқтисодиётининг янги секторлардан фойда олишига ҳамда тадбиркорликнинг рағбатлантиришига ёрдам беради. Шу жиҳатдан икки давлат тараққиёт дастурлари бир-бирига ўхшаб кетади.
Ўзбекистон бир неча ўн йиллар давомида фақат айрим турдаги товарлар, хусусан, нефть, газ, олтин ва пахта экспортига қарам бўлиб келди. Ўз даромад манбаларини кенгайтиришга ҳаракат қилиб, мамлакат ташқи инвестициялар учун очилди.
Чоршанба куни Тошкент ва Ар-Риёз 12 миллиард доллар қийматга тенг 10 та инвестицион келишувга эришди. Улар орасида 1500 мегаватт қувватли шамол электростанцияси ҳам бор. Бу мамлакатга 2030 йилга келиб қайта тикланувчи электр энергияси улушининг 40 фоизга етказишга ёрдам бериши мумкин.
Сиддиқовнинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини янада чуқурлаштириш имконияти мавжуд.
“Рақамлар икки давлат имкониятларини тўлиқ кўрсатиб бера олмайди. Биз Подшоҳлик билан қўшма корхоналар сонини ошириш устида ишлаяпмиз. Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Биз Саудияга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишимиз мумкин”, – деб қайд этган дипломат.
Унинг қўшимча қилишича, Саудия Арабистони орқали ўзбек маҳсулотларини бошқа давлатларга ҳам экспорт қилиш мумкин.
Сиддиқов икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш мақсадида октябрда тўғридан тўғри авиарейслар йўлга қўйилишини айтган. Бундан ташқари, саудияликлар учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилади.
Ташқи ишлар вазири Афғонистон масаласига ҳам тўхталган. Сиддиқов Афғонистоннинг имкониятлар мамлакатига айланиши зарурлигини таъкидлаган. Саудия Арабистони ҳам афғон масаласини ҳал этилишидан манфаатдор. Хусусан, мамлакат ташқи ишлар вазири ўтган йили Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари конференциясида иштирок этган. Бундан ташқари, июнда Афғонистон учун 30 миллион доллар ажратилди.
“Афғонистон қўшниси сифатида бизнинг асосий вазифамиз у ердаги муҳтож одамларга ёрдамни ўз вақтида ва хавфсиз етказиш. Биз дунё ва “Толибон” ўртасидаги воситачи ролини ўйнаяпмиз. Афғон ҳукуматини ўз ваъдаларини бажаришга чақирдик”, – деб қайд этган дипломат. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади