
Мубашшир Аҳмад домланинг эфирини кўрдим, бир кишининг фикрларига раддиялари экан. Ўша постни топиб ўқидим. Ундан қилган қисқача хулосам: “қариялар уйи ёмон жой эмас, у ерга боришдан қўрқмаслик керак”.
Бу фикрни қабул қилолмадим.
Ҳар қандай кишилик жамиятининг асоси меҳр ва оқибат. Инсон бир-бирига меҳр кўрсатади, оқибатини кўради. Бу икки жиҳат – энг юксак ахлоқий туйғу, аввало, оилада шаклланади. Оила эса жамиятнинг бир бўлаги, қисми, ҳужайраси.
Оилада меҳр йўқолса парокандалик, бегонасираш, охир-оқибат, ёввойилашув юзага келади. Ихтилоф кучаяди – жамият тўзғийди.
Хулоса шулки, инсон шу меҳр ва оқибатни йўқотса, бир-биридан нафратланадиган, бир-бирига тоқат қилолмайдиган, муроса-мадорани унутган, ҳар сонияда портлашга тайёр кишилар жамиятини пайдо қилади.
Бундай жамиятлар ҳар қанча куч-қудратга эга бўлмасин, дунё сиёсатини белгиламасин ҳалокатга, таназзулга маҳкум бўлади.
Қариялар уйида ҳар қанча шароитлар яратилган бўлсада одам у ерда меҳрни топа олмайди. Бундан ташқари, бир парча этдан вояга етган инсонни тарбиялаган кишига нисбатан ғирромликдир (нонкўрлик, аблаҳлик, пасткашлик... демадим). Бу ўзига хос конвейер, занжир реакцияси. Бу конвейерда меҳр қурбонликка берилади, унинг маҳсулоти эса меҳр, диёнат, соф инсоний туйғулардан айрилган жамият.
Одам, табиийки, ўз қаричи, дунёқараши бўйича фикр юритади, лекин уни оммага тақдим этишда ҳаё ва фаросат лозим.
Ҳозирги замонда, асрлар давомида инсоният қадрлаб, эъзозлаб келаётган қадриятларни аста-секин емириш жараёни давом этади. Оила, никоҳ, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳаё, фаросат, истиҳола... деган қадрият ва тушунчаларни инсон зеҳниятидан ўчиришга ҳаракатлар авж олган. Ҳайвоний майлларга эрк беришга ундаш тарғиботи авжида. Аввал ёмон нарса оммага тақдим этилади, шов-шув кўтарилади, баҳслар авж олади; кейин ўша нарса яна ўртага ташланади, лекин бу сафар реакция олдингидек бўлмайди. Онг ости ҳар қандай нарсани оддий қабул қила бошлайди. Яхши ва ёмон ўртасида чегара қолмайди.
Буларнинг ҳаммаси инсонни биологик тур сифатида йўқ қилишга қаратилганини илғаш қийин эмас (бу ҳақда ҳозир мақола ёзмоқдаман, манбаларни ўрганмоқдаман).
Биз маънавият деган сўзни роса масхара қилдик, кулдик. Лекин эсимиздан чиқмасин, маънавий иммунитети мавжуд бўлганларгина ўзлигини, Homo sapiens сифатида биологик барқарорлигини сақлаб қола олади. Бу, жараёнларнинг шу кетиши бўлса, вақт масаласи.
Бахтиёр Абдуғафур
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар