Тарбия ниқоби ортида: директорнинг қилмиши фош этилди

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида мактаб раҳбари билан боғлиқ жиддий ҳолат фош этилди. Вояга етмаган ўқувчи қизга ижтимоий тармоқ орқали ноўрин ва одоб-ахлоққа зид мазмундаги хабарлар юборган 39 ёшли директорга нисбатан суд қарори чиқарилди. Бу ҳақда Қалампир нашри суд ҳужжатлари билан танишиб, хабар берди.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, 1987 йилда туғилган Ж.И. жорий йилнинг 16–17 апрель кунлари давомида “Телеграм” орқали ўқувчи қизга шахсий ёзишмаларда номақбул мазмундаги хабарлар юборган. Ушбу ҳолат фош этилгач, иш судга оширилган.
22 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман судида мазкур иш кўриб чиқилди. Суд жараёнида айбланувчи ўз қилмишини тан олган. Бироқ у юборилган хабарларни “тарбиявий мақсадда” амалга оширганини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган.
Жабрланувчи томон — ўқувчи қизнинг онаси эса бу ҳаракатни кескин қоралаб, бундай шахс таълим муассасасида ишлашга мутлақо муносиб эмаслигини таъкидлаган. У суддан қаттиқроқ жазо тайинлашни талаб қилган.
Суд қарорига кўра, Ж.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шахвоний шилқимлик) бўйича айбдор деб топилди. Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Мазкур ҳолат таълим муассасаларида одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиш, айниқса, педагог ва раҳбар кадрларнинг масъулиятини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Мутахассислар бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун назоратни кучайтириш ва таълим тизимидаги маънавий муҳитни янада соғломлаштириш зарурлигини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!