date

“Destination Karakalpakstan 2026” инфо тури туризм салоҳиятини кенг очди

“Destination Karakalpakstan 2026” инфо тури туризм салоҳиятини кенг очди

Жорий йилнинг 17–23 апрель кунлари “Destination Karakalpakstan 2026” форуми доирасида Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб кенг қамровли ва мазмунли инфо тур ташкил этилди. Ушбу ташаббус мамлакатнинг туристик имкониятларини халқаро майдонда янада фаол тарғиб қилишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Мазкур инфо турда Европа ва Осиёнинг 20 га яқин давлатидан келган етакчи туроператорлар иштирок этди. Жумладан, Франция, Италия, Норвегия, Швейцария, Бельгия, Туркия, Босния ва Герцеговина, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон ва Хитой каби давлатлардан келган мутахассислар Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги имкониятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Инфо турнинг асосий мақсади — юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини жаҳон миқёсида кенг намойиш этиш, янги туристик маршрутларни шакллантириш ҳамда хорижий шериклар билан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Шу жиҳатдан мазкур тадбир нафақат танишув, балки келгуси инвестиция ва ҳамкорликлар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтади.

Саёҳат дастури аввалида иштирокчилар Тошкентнинг замонавий қиёфаси, жадал ривожланаётган инфратузилмаси ва янги қурилаётган туристик объектлари билан танишдилар. Пойтахтдаги янгиланишлар ва қулайликлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг делегация Хоразм вилоятига йўл олди. Бу ерда улар Ичан Қалъа каби ноёб тарихий ёдгорлик, Нуруллабой саройи ва Хива шаҳрининг бошқа қадимий масканларини кўздан кечирдилар. Ушбу ҳудудлар орқали меҳмонлар юртимизнинг асрлар давомида шаклланган меъморий мероси, тарихий шаҳарсозлик анъаналари ва маданий бойликлари билан яқиндан танишдилар.

Инфо турнинг энг таъсирли қисми Қорақалпоғистон Республикасида давом этди. Бу ерда иштирокчилар Аёз қалъа ва Чилпиқ қалъа каби ноёб тарихий обидаларни зиёрат қилишди. Ушбу ёдгорликлар орқали қадимги цивилизация излари, ўзига хос архитектура ва минтақанинг бой тарихи намоён бўлди.

Бундан ташқари, Оролбўйи ҳудудининг бетакрор табиати, ноёб экологик муҳити ва ривожланиб бораётган экотуризм имкониятлари ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, ўтов лагерлари фаолияти билан танишиш давомида чўл ҳудудида яратилган туристик инфратузилма, миллий анъаналарга асосланган яшаш шароитлари ва сайёҳлар учун тақдим этилаётган хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, иштирокчилар миллий таомлардан баҳраманд бўлиб, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва анъанавий турмуш тарзини бевосита ҳис қилиш имконига эга бўлишди. Бу эса Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва табиий, балки маданий жиҳатдан ҳам жуда бой мамлакат эканини яна бир бор намоён қилди.

Умуман олганда, мазкур инфо тур Ўзбекистон туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни янада кучайтириш ва мамлакатни жаҳон сайёҳлик харитасида янада мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қиладиган муҳим ташаббус сифатида аҳамият касб этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » “Destination Karakalpakstan 2026” инфо тури туризм салоҳиятини кенг очди