Сирдарёда боғча мудираси пора олаётганда қўлга тушди

Сирдарё вилоятида давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси фуқарони ишга жойлаштириш эвазига 2,5 миллион сўм пора талаб қилганликда айбланиб қўлга олинди. Мансабдор шахс пулнинг бир қисмини олдиндан пластик картасига ўтказиб олган, қолган маблағни олаётган вақтида эса ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланган. Мазкур тезкор тадбир ИИБ, ДХХ ва Департамент ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Сирдарё вилоятида мактабгача таълим тизимида фаолият юритган мансабдор шахс пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, 1986 йилда туғилган аёл Сирдарё тумани Мактабгача ва мактаб таълим бўлимига қарашли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси лавозимида ишлаб келган. У фуқаронинг фарзандини келгусида ўзи раҳбарлик қилаётган боғчага ишга жойлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 2 миллион 500 минг сўм миқдорида пул талаб қилган.
Мазкур келишув жараёнида мудира сўралган пулнинг 200 минг сўмини олдиндан, яъни аванс сифатида ўзининг пластик картасига ўтказиб олган. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тезкор тадбир ташкил этилган.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган операция давомида мансабдор шахс қолган 2 миллион 300 минг сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Мутасаддилар томонидан воқеанинг барча тафсилотлари чуқур ўрганилаётгани билдирилган.






























Изоҳлар 0
…