09:10 / 04.04.2023
430

Йўлларда автоҳалокатларнинг камайиши катта жарималарга боғлиқми?

Йўлларда автоҳалокатларнинг камайиши катта жарималарга боғлиқми?

Расмий маълумотларга қараганда, йўл-транспорт ҳодисалари дунёда бир кунда 3242, йилига эса ўртача 1,2 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Демак, ҳар 26 сонияда бир киши автоҳалокат оқибатида ҳаётдан кўз юмяпти. Бу фалокатларда инсонларнинг нафақат молига, балки жонига ҳам жабр бўлаётгани ачинарли, албатта.

Кўпинча бундай турдаги хабарларда ҳодиса қайсидир ҳайдовчининг айби билан содир бўлгани таъкидланади. Бу эса қайсидир маънода иш ҳақига нисбатан жарималар бир неча баробар юқориқилиб  белгиланганини хаспўшлашга хизмат қилади, десак янглишмаймиз. Чиндан ҳам бизда жарималар юқорилиги ҳақида кўп гапирилади, лекин бунга барҳам берилмаяпти. Аслида “катта жарималар” автоҳалокатларнинг олдини олишга хизмат қиладими? Ҳалокатлар юз бераётгани учун қоидабузар ҳайдовчилар кўпроқ айбдорми ёки инфратузилманинг ёмонлиги? Бу саволларга Туркия ва Ўзбекистондаги вазиятни солиштириш жавоб топиб бериши мумкин.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 март куни “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Мазкур фармонга кўра, шу йил 1 май санасидан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори 330 000 сўм (ҳозир — 300 000) этиб белгиланди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати қоидалари бузганлик учун маъмурий жарималар миқдорининг ошиши борасидаги муҳокамалар бошланди. Янги жарималар миқдори ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар ҳам пайдо бўлди. Шундан сўнг Туркияда қоидабузарлик учун белгиланган жарималар миқдори, “авария”лар ва бу каби бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлганлар сони ҳақида қизиқиб, ўзимиздаги ҳолат билан солиштириб кўрдик.

Туркияда жарималар ҳар йилнинг бошида янги белгиланар экан. Охирги йилларда ушбу мамлакатда инфляция даражаси анча юқори бўлди. Шу сабабли 2023 йилги жарималар миқдори ўтган йилгига нисбатан икки баробарга ортиб кетганини кузатиш мумкин. Шунда ҳам ойлик маошларга солиштирганда...

2022 йилда қизил чироқда ўтганлик учун жарима 427 лира бўлса, 2023 йилда 951 лира бўлади (тахминан 50 доллар). Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб Базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари – 660 минг сўмни ташкил этади (тахминан 58 доллар).

Тезликни оширганлик учун жарима Туркияда:

•  10 фоиздан 30 фоизга 951 лира (тах.50 доллар), 

•  30 фоиздан 50 фоизгача ошиб кетиш 1979 лира (тах.100 доллар), 

•  50 фоиздан ошиб кетиш 4 минг 64 лирага (тах.211 доллар) кўтарилди. 

Ўзбекистонда:

  • тезликни ошириш (20 км/соат) — 330 минг сўм (тах.29 доллар);
  • тезликни ошириш (20−40 км/соат) — 1 млн 650 минг сўм (тах.146 доллар);
  • тезликни ошириш (40 км/соатдан ортиқ) — 2 млн 970 минг сўм (тах.262 доллар);
  • Тезлик чегарасининг 10% дан ошмагани учун жарима йўқ. Жарима бериш учун тезлик чегарасининг 10% дан ортиғи бузилган бўлиши керак.

(Шу ўринда тезликни ҳисоблаш бўйича ҳам солиштириш: Туркияда 100 км/соат юриш белгиланган йўлда 150 км/соатдан юқори тезликда ҳаракатлансангиз, тах. 100 доллар жарима тўлайсиз, Ўзбекистонда эса 262 долларга).

Ҳаракат пайтида мобил телефондан фойдаланганлик учун жарима Туркияда: 951 лира (тах. 50 доллар), Ўзбекистонда: 1 980 минг (тах. 175 доллар).

Нотўғри «парковка» учун жарима Туркияда 436 лира (тах. 22 доллар), Ўзбекистонда: 660 минг (тах. 58 доллар).

Эътиборлиси, Туркияда ижтимоий ҳимоя мақсадида жарималардан воз кечиш амалиёти ҳам тез-тез ўтказилиб турар экан. Масалан, янги йил бошида ҳайдовчиларнинг 2022 йил 31 декабргача 2 минг лирадан ортиқ бўлмаган қарзлари ўчирилди. Бундан ташқари радар жарималарини муддатидан олдин тўлаганлар учун махсус чегирмалар ва бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилган.

Энди ойликлар борасидаги тафовутларга тўхталиб ўтамиз. Статитика агентлиги маълумотларига кўра,  2022 йили Ўзбекистонда таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 2,6 миллион сўм (тахминан 230 доллар), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида эса 2,5 миллион сўмга (тах. 221 доллар) тўғри келган. Юқорида келтирилган Президент фармонига биноан 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 980 000 сўм (тах.86 доллар), ёшга доир энг кам пенсия 677 000 сўм (тах.60 доллар) бўлади. Туркияда кам ойлик янги йилдан бошлаб 10008 лира (тах. 520 доллар), энг кам пенсия эса 7500 тл (тах. 390 доллар).

Агар аниқ мисолларга ўтадиган бўлсак, бирор ўқитувчи ёки шифокор тезлик 70 км/соат этиб белгиланган ҳудудда 110 км/соатдан юқори ҳаракатланиб радарга тушса, жаримани (2 млн 970 минг сўм) тўлашга бир ойлик маоши етмайди. Энг кам пенсия оладиган (677 минг) отахон эса нақд тўрт ойлик нафақасини жаримага бериб ҳам қарзидан қутулолмайди. Тасаввур қиляпсизми?  Ёки қизил чироқдан ўтиб кетган кексароқ киши бир ойлик нафақасини ЙҲХ кассасига шундоққина топшириб қўя қолади. Айни хатога йўл қўйган турк амаки эса пенсиясининг саккиздан бирини бериши кифоя.

Дарвоқе. Турк сайтларидан рухсатсиз «тонировка» учун қанча жазо берилиши ҳақида изладим, аммо тополмадим (йўқ маълумотни қандай топиш ҳам мумкин?!). Ваҳоланки “серқуёш ҳур ўлкам”изда бу каби “жиноят” устида қўлга тушсангиз, нақд 8 млн 750 минг сўмни (тах. 730 доллар) қуртдай санаб беришингизга тўғри келади. Агар ўқитувчи ё шифокор бўлсангиз, уч-тўрт ой текинга ишлаб юраверасиз, пенсионер бўлсангиз, бир йиллик нафақангиздан мосуво бўласиз.

Ижтимоий адолат қани?! Жазодан мақсад йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминлашми ёки аҳолининг терисини шилишми? 

Хўш, осмоний жарималар ва кузатув камераларининг ёмғирдан кейинги қўзиқориндай “болалаб” кетиши автоҳалокатлар сонининг камайишига олиб келди, деб ўйлайсизми? Жарималар миқдори бизга қараганда 4-5 баробар кам бўлган Туркияда автоҳалокатлар ва унда ҳалок бўлганлар сони бизга солиштирганда 4-5 баробар кўпми? Келинг, рақамларни қиёслаш орқали ушбу саволларга ойдинлик киритамиз.

Жорий йилнинг 7 февраль куни Ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Бекмурод Абдуллаевга кўра, 2022 йил давомида республика ҳудудида жами 9902 ЙТҲ содир этилган бўлиб, 2086 та ўлим билан боғлиқ ҳолатларда 2356 нафар фуқаролар вафот этган. Ҳодисаларнинг 7816 таси тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатларни ташкил этди. Уларда 9606 нафар фуқаролар жароҳатланган.

Туркияда 2022 йили ўлим билан тугаган аварияларнинг умумий сони 1919 тани ташкил этган ва бунинг натижасида 2280 нафар киши вафот этган.

Бир қараганда Туркиядаги рақамлар ҳам ўзимиздан кўп фарқ қилмайдиганга  ўхшайди, аммо...

Туркия Статистика Институтининг маълумотларига қараганда, жорий йилнинг январ ойи ҳолатига мамлакатда жами транспорт воситалари сони 26 миллион 640 минг 971 тани ташкил этди. Ўзбекистонда эса бу рақам 4 млн 186 минг 521 та,. Аҳоли сони эса Туркияда қарийб 85 млн, ўзимизда эса энди 36 млндан ошди.

Яъни автотрансорт воситалари Туркияда бизга нисбатан 6,5 баробар, аҳоли сони эса қарийб икки баробар кўп. Шу жиҳатларни инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистондаги автоҳалокатлар ўта кўплигини тасаввур қилиш қийин бўлмайди. Демакки, ойлик маошга нисбатан ўта юқори жарималар фойда бермас эканда, гап бошқа ерда шекилли, деб ўйлаб қолишингиз табиий. Дарҳақиқат, шундай. Бунинг изоҳини ҳам ИИВнинг ўзи келтириб қўйган.

“2022 йилда содир бўлган 7636 та йўл транспорт ҳодисасидан 3 980 таси яъни 52% йўл инфратузилмаси тўғри ташкил этилмагани туфайли юзага келган. Аниқ таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг:

а) 1168 таси яъни (15,5%) пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилмаганидан;

б) 641 таси (8,4%) велойўлаклар ташкил этилмаганидан;

д)  619 таси (8,1%) йўлни иккига ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаган учун;

э) 435 таси  йўллар яхши ёритилмаганидан;

ф) 481 тасида (6,3%) пиёдаларнинг ҳаракатини таъқиқловчи тўсиқларнинг мавжуд эмаслигидан; 

г) 344 та (5%) ЙТҲ йўлларнинг торлиги сабаб келиб чиққан...”, деди Ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Бекмурод Абдуллаев.

Туркия йўлларидаги кўнгилсиз ҳодисаларнинг қанча фоизи инфратузилманинг ёмонлигидан юзага келгани ҳақида маълумот тополмадим. Аммо яқинда зилзила юз берган ҳудудларга автомашинада бориб келишимизга тўғри келди. Ўз кўзимиз билан кўрган ҳолатдан хулоса чиқарадиган бўлсак, қардошларимиз мамлакатнинг ички йўлларини шундай равон ва чиройли ҳолатга келтирганки, машинасига қуйган ҳар бир литр бензинидан (ёки газидан) йўлга солиқ тўлайдиган ўзбекистонлик ҳайдовчилар фақат ва фақат ҳавас қилиши мумкин, холос.

Аниқ кўз олдингизга келтириш учун айтадиган бўлсак, бу ердаги йўллар Тошкент шаҳридаги “Президент трассаси”га ўхшайди. Лозим ерлари ёритилган, йўл ўртаси ва четига ҳимоя тўсиқлари ўрнатилган, ҳар 50 км оралиқда махсус кемпинглар ташкил қилинган. Тезлик кўп жойларда соатига 140 км этиб белгилангани ҳам алоҳида эътиборга молик. Ҳатто шаҳар ичидаги пулли йўлларда ҳам соатига 130 км тезликда ҳайдашга рухсат берилган.

 Демак, аварияларнинг ярмидан кўпига йўлларнинг ёмонлиги учун рўй бермоқда (расман шундай, аслида вазият бундан ҳам ёмон бўлса ажабмас). Давлат корхоналари (ДРСУ каби) ўз вазифасини лозим даражада бажармаяпти. Халқ эса бунга моли-ю жони ила товон тўлашга мажбур бўлмоқда.

Ҳар сафар ойлик маош миқдори ошганида кўтарилиб борадиган, камбағални “урмай-сўкмай, ёқасини йиртиб оладиган” жарималарни ижтимоий адолат юзасидан келиб чиқиб қайта белгилаш вақти келмадими?

Абдулазиз Муборак

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият