date
views 506

“Қизил парда” ортига беркинаётган ҳокимлар. Очиқлик даври тугадими?

Адлия вазирлигининг e-qaror платформасида ўтган йил охирида пайдо бўлган “қизил парда” шаффофликнинг юзига тортилган тарсаки бўлди. Маҳаллий ҳокимликлар наздида платформада очиқ туриши “хавфли” ҳисобланган қарор ва фармойишлар борки, кейинги вақтларда оммадан яшириб қўйиляпти. Айрим ҳокимлар қабул қилаётган ҳужжатларини яшириш орқали жамоатчиликдан ҳимояланмоқда. Адлия вазирлиги эса гўёки уларга “қалқон” тутиб турибди.

“Қизиллашаётган” e-qaror

E-qaror электрон платформасида ҳокимларнинг қарор ва фармойишлари, кенгаш қарорлари бериб борилади. 2022 йил сўнгига келиб, мазкур платформада айрим ҳужжатлар ёпиқ шаклда акс эта бошлади. Оммадан яширилган ҳужжатларга қизил ёзувда “ушбу ҳужжат шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширинган”лиги ҳақидаги изоҳ ёзилмоқда.

Барча ҳужжат шаффоф ва очиқ тарзда бериб келинаётган платформада шу тариқа “қизил парда” пайдо бўлди. Бу ҳокимликларга ана шу “парда” ортига беркиниш имконини яратди. Аввалига айрим ҳужжатлар оммадан яширилган бўлса, бугунга келиб платформанинг саҳифалари тобора “қизиллашиб” бормоқда.

Ушбу мавзу ўтган йил якунида ҳам кўтарилган, ўшанда Адлия вазирлиги ҳолатга тушунтириш бериб, қонунчиликка мувофиқ ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинишини билдирганди.

Бироқ яширилаётган ҳужжатларнинг барчасида ҳам фойдаланилиши чекланган ахборот мавжудми? Беркитилган ҳужжатлар бўйича айрим таҳлилларга тўхталиб ўтсак.

Ҳужжат яширишда қайси ҳудуд “етакчи”?

E-qaror платформасида ҳужжатларни беркитиб қўйиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги “байроқдор” ҳисобланади. Йил бошидан 17 апрель кунига қадар платформага пойтахт ҳокимлигининг 417 та ҳужжати жойлаштирилган. Шундан бошқалар кўра олмаслиги учун 125 та ҳужжатнинг (30 фоиз) “юзига қизил парда” тортиб қўйилган.

Бу борада кейинги поғонани 28,7 фоиз ҳужжатни яширган Сирдарё вилояти ҳокимлиги эгаллаган. Мазкур ҳокимлик 271 та ҳужжатдан 78 тасини беркитиб қўйган. 

“Юқори учлик”ни 26 фоизлик “натижа” билан Фарғона вилояти якунлаган. Водий вилояти 315 та ҳужжатдан 82 тасини беркитган. 

Навоий вилояти ҳокимлигини бу борада жамоатчиликка энг очиқ ҳокимлик дейиш мумкин. Сабаби мазкур вилоят ҳокимлиги платформага йил бошидан буён 140 та ҳужжат жойлаштирган ва унинг атиги 10 таси беркитилган. Бу жами ҳужжатнинг 7,1 фоизини ташкил этади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 259 та ҳужжатдан 24 тасини (9,2 фоиз) ва Наманган вилояти ҳокимлиги 242 та ҳужжатдан 23 тасини (9,5 фоиз) беркитган. Бу бошқа ҳудудларга нисбатан анча яхши натижа. 

Бу ҳолат қолган ҳудудларда қуйидагича:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши – 201 та ҳужжатдан 49 таси беркитилган (24,3 фоиз);
  • Сурхондарё вилояти – 342 та ҳужжатдан 76 таси беркитилган (22,2 фоиз);
  • Хоразм вилояти – 265 та ҳужжатдан 52 таси беркитилган (19,6 фоиз);
  • Бухоро вилояти – 237 та ҳужжатдан 46 таси беркитилган (19,4 фоиз);
  • Самарқанд вилояти – 217 та ҳужжатдан 41 таси беркитилган (18,8 фоиз);
  • Жиззах вилояти – 360 та ҳужжатдан 67 таси беркитилган (18,6 фоиз);
  • Андижон вилояти – 195 та ҳужжатдан 31 таси беркитилган (15,8 фоиз);
  • Тошкент вилояти – 301 та ҳужжатдан 37 таси беркитилган (12,2 фоиз).

“Сандиқ” ичида нима бор?

Беркитилган ҳужжатларда нима акс этгани жамоатчиликка қизиқ. Уларнинг бу шаклда “ёпиб” қўйилиши кўпчиликда шубҳа уйғота бошлади. Негаки “қизил парда” ортидаги ҳужжатларнинг барчаси ҳам изоҳда ёзиб қўйилгани каби шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширилгани шубҳали эди.

Юқорида жамоатчиликка энг очиқ ҳокимлик, дея эътироф этилган Навоий вилояти ҳокимлиги мисолида олиб кўрсак.

Ҳокимликнинг беркитган 10 та ҳужжатидан бири 2023 йил 25 март куни қабул қилинган 36-5-0-Q/23 – сонли ҳоким қарори ҳисобланади.

 Аммо мазкур қарорда ҳеч қандай шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжуд эмас. Навоий вилояти ҳокимининг ушбу қарори вилоятда янги таҳрирдаги Конституция бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида. 

Қарорда конституциявий қонун лойиҳасини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш бўйича вилоят тарғибот гуруҳи таркиби тасдиқланган ҳамда вилоят, шаҳар ва туман таянч тарғибот гуруҳларига бир қатор вазифалар белгилаб берилган холос.

Мазкур қарорнинг нега оммадан яширилгани бизга қоронғи.

Энг шаффоф ҳокимликнинг яширган ҳужжати яширилиш изоҳига мос келмаган бир пайтда, “байроқдор” ҳокимликлар нималарни халқ кўзидан нари тутаётганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Яширилган ҳужжатлардан жиноят “иси” келади

Беркитиб қўйилган қарорларнинг аксарияти молиявий характерга эга. Шу сабабли оммадан яширилган.

Масалан, халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгашининг 2022 йил 22 декабрдаги VI-52-203-5-79-K/22 – сонли қарори платформада беркитиб қўйилган.

Аслида мазкур кенгаш қарорида Навоий шаҳрида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида махсус ҳисоб рақамида йиғилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш тўғрисида гап боради. Бошқа ҳокимликларнинг мазкур турдаги қарори омма эътиборидан яширилмаган.

Юқоридаги қарорда 225 нафар кўмакка муҳтож фуқарони молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг пластик карталарига 532,7 млн сўм маблағни моддий ёрдам сифатида кўчириб бериш кўзда тутилган.

Бироқ шубҳали кўринган мазкур қарор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганиб кўрилган. Жумладан, вилоят ИИБ томонидан ўрганиш ўтказилаётган бир пайтда фуқаро Ж.Савриддинов ўзи учун ажратилган 22 млн сўм моддий ёрдам маблағини банк орқали Навоий шаҳар “Саховат ва кўмак” жамғармасига қайтарган.

Тегишли орган текширув ўтказаётган бир пайтда бундай ҳаракат бироз шубҳа туғдиради: агар эҳтиёжмандлар рўйхати адолатли тузилган бўлса, нега олинган 22 млн сўм пул ортга қайтарилди, деган савол ўртага чиқади.

Навоий шаҳри ҳокимлиги масъуллари бундай “услублар”га анча уста кўринади. Сабаби олдинроқ ҳокимликнинг мансабдор шахслари шаҳардаги МЧЖлардан бирининг раҳбари билан ўзаро тил бириктириб, катта миқдорда “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағларини талон-торож қилганлик ҳолати юзасидан суд иши кўриб чиқилганди. Суд ҳукмида келтирилишича, бу талон-торожлик ҳам маҳаллий кенгаш қарори билан “ҳужжатлаштирилган”.

Мазкур ҳолатлар ҳокимликлар ҳужжатларни беркитиш орқали ўз қилмишларини жамоатчиликдан яширяпти, деган ҳақли фикрни юзага келтиради.

Бу каби яширилган шубҳали қарорлар бошқа ҳудудларда ҳам йўқ эмас.

“Қизил парда” кўтарилиши керак

Қарорларни асоссиз тарзда яширгани учун ҳокимларга ҳеч қандай жазо оқибати йўқ. Балки шунинг учун яширилган мақомдаги қарорлар сони ва улуши яна ортишни бошлагандир”, деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ҳокимликларнинг E-qaror платформасида халқ нигоҳидан “девор ортига” беркиниши шаффофлик, ошкоралик ҳақида кўп гапирилаётган бир пайтда ортга қадам ташлашдир. Адлия вазирлиги томонидан “қизил парда” кўтарилиши ҳамда айнан қандай турдаги ҳужжат “яширинган” мақомига эга бўлиши аниқ белгилаб қўйилиши керак. Йўқса, тобора “қизариб” бораётган платформа ўз “бағрига” коррупцион, талон-торожлик ҳолатларига асос бўлган ҳужжатларни ҳам сингдириб бораверади.

Руслан Сабуров

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Қизил парда” ортига беркинаётган ҳокимлар. Очиқлик даври тугадими?