
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе ўзининг Instagram саҳифаси орқали самимий хайрлашув мурожаати билан чиқди. У миллий жамоадаги фаолияти расман якунланганини маълум қилиб, бу йиллар давомида орттирган ҳиссиётлар, ғалабалар ва тажрибаларни ёдга олди.
«Миллий жамоадаги фаолиятим ўз ниҳоясига етди. Бу йиллар туйғулар, унутилмас лаҳзалар ва муҳим ғалабалар билан тўла бўлди. Футболчилар, жамоа штаби ва федерация раҳбариятига ишонч ҳамда яқин ҳамкорлик учун чуқур миннатдорчилик билдираман», — деб ёзди мутахассис.
Кападзе, айниқса, ўз сўзларида мухлисларни алоҳида таъкидлаб ўтди:
«Жамоани ҳар бир дақиқада руҳлантириб турган, меҳри ва ишончи билан қувват берган мухлисларимга катта раҳмат! Сизларсиз бу йўл шунчалик ёрқин бўлмасди».
Унинг таъкидлашича, миллий жамоа таркибида меҳнат қилиш нафақат масъулият, балки фахр масаласи ҳам бўлган. «Бу жамоанинг бир бўлаги бўлганимдан ғурурланаман. Терма жамоага келгусидаги барча мусобақаларда омад ва янги ютуқлар тилайман», — дея сўзини якунлади Кападзе.
Эслатиб ўтамиз, Тимур Кападзе 2022 йилда миллий жамоа мураббийи сифатида фаолият бошлаб, бир неча муҳим халқаро учрашувларда жамоани бошқарган эди. Унинг даврида терма жамоа кўплаб ёш футболчиларни асосий таркибга жалб этди ва янги авлод шаклланишининг асосини қўйди.
Миллий жамоа энди янги бош мураббий Фабио Каннаваро қўл остида ўз тарихининг навбатдаги босқичини бошламоқда. Кападзе эса ўз навбатида, Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси билан хотираларда қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!