Тадбиркорлар ҳисобварақларидаги маблағлар дахлсизлигини бузганлар 7 йилгача қамалиши мумкин
![](https://storage.kun.uz/source/9/7vVQhewzA41rtF7oQKhF8SIyKM_yRY8B.jpg)
Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун маъқулланди.
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқишди. Мазкур қонун билан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланяпти.
Хусусан, қонунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритилиб, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорлик субъектларининг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пулни ўз вақтида қайтармаслик ҳолати бўйича айбдорга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиниши қайд этилмоқда.
Шунингдек, қонун билан тадбиркорларнинг пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик юзасидан Жиноят кодексига қўшимча модда киритилиб, унга кўра мазкур ҳолатлар маъмурий жазо қўллангандан кейин ҳам содир этиладиган бўлса, содир этилган жиноятнинг тоифасига қараб базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
“Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ноқонуний ўтказиш ёки олиб қўйиш, шунингдек ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари учун қонунчиликда жавобгарлик чоралари аниқ белгиланмаган. Мамлакатимизда 530 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда. Агар уларда меҳнат қилаётганлар сони инобатга олинса, қонунчиликдаги мазкур ўзгартишлар миллионлаб кишиларнинг манфаатларига бевосита ва билвосита дахлдор эканлигини тушуниш қийин эмас. Киритилаётган мазкур нормалар биринчи навбатда, солиқ органлари, банклар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга катта масъулият ва жавобгарлик юклайди”, — дея таъкидлади Сенат раиси Танзила Норбоева.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)