Навбатдаги ҳаётий ҳикоя қаҳрамони бўлган отахон билан тасодифан танишиб қолдик. У анча киришимли одам экан, дарров суҳбатимиз қизиди. Суҳбат асносида отахон яқингача бу ҳаётда нега яшаб юрганимни ўзим ҳам билмаганман», деб қолди.
Синчковлигимга бориб, унинг бошидан кўп гаплар ўтганини дарров сездим. Ундан энди тафсилотларни сўрамоқчи бўлиб тургандим, ўзи «агар вақтингиз бемалол бўлса, мени тўғри йўлга қайтарган бир машъум воқеани айтиб бераман», деб қолди. Рози бўлиб бош ирғадим. Отахон ҳикоясини бошлади.
«Қишлоғимиз тоғли туманлардан бирида жойлашган. Биз томонларда каклик ва бедана жуда кўп бўлади. Ёшликдан уларни овлаб катта бўлдик.
Каклик ҳамда беданаларни боқишга ва уриштиришга қизиқишим ўша пайтда бошланган. Кейин бу иш ҳаёт тарзимга айланди ва уйланиб бола-чақали бўлганимда ҳам давом эттирдим.
Дала ишларини хотиним ҳамда болаларим қилишарди ва менинг каклик ҳамда бедана уриштириб юришим ортидан рўзғор ташвишлари уларнинг гарданига тушиб қолганди.
Ўша пайтларда бедана ва какликларни уриштиришга тайёрлаш учун жуда кўп вақтим кетарди. Эрта тонгда туриб, уриштириш учун тайёрлаётган какликни соатлаб югуртирардим. Бунда қафасга макиённи солиб, жангчи какликни қўйиб юборардим. У макиёнга етишиш учун ўзини қафасга ураверади.
Сўнг қафасни олиб югурардим, жангчи каклик макиёнга етишиш учун ортимдан чопарди. Шу тарзда ҳар куни соатлаб машқ қилардик. Бу машқ жангчи каклик рақиби билан уришаётанда тез чарчаб қолмаслиги учун қилинарди.
Бундан ташқари, жангчи какликка ўзим ҳам емайдиган, болаларим бир йилда бир марта кўрмайдиган писта, бодом, ерёнғоқ, ўрик мағиз каби қуруқ меваларни майдалаб едирардим. Беданалар ҳам жангга шундай тайёрланарди.
Бундай нарсалар алоҳида жойда турарди ва болаларим унга қўл теккизиши мумкин эмасди. Бир марта ҳали мактаб ёшига етмаган ўғлим каклик ва беданага деб олиб қўйилган қуруқ мевалардан бир ҳовуч олганда кўриб қолиб уни ургандим.
Жангга тайёр бўлган каклик ёки беданани яширинча «арена»да уриштирардик. Ҳафтада бир кун ўтказиладиган жангларда катта пуллар тикиларди.
Бир-иккита жангни ютган каклик ёки бедананинг нархи кўтарилиб кетар ва унга харидор кўп бўларди. Шунда баъзиларини сотиб юборардим ва пулларни бошқа ёш каклик ва беданаларни тарбиялашга сарфлардим
Айрим пайтларда икки-учта жангни ютган каклигим кейинги жангда ютқазар, шунда уни катта пулга сўраб турганлар олмасди. Шундай пайтларда кайфият бузилиб, бор аламни уйдагилардан олардим.
Энди ўтган ҳаётимни эсласам ўзимдан нафратланиб кетаман. Чунки оила бошлиғи сифатида каклик ва беданадан бошқа нарса ҳақида умуман ўйламаганман.
Рўзғор ташвишлари, дала ишлари, бола тарбияси барчаси хотинимнинг зиммасида бўлган. Ўша пайтда қанчалик оғир бўлмасин, бечора хотиним азобларнинг барчасига чидаган. Ҳар доим Худодан менга инсоф беришини сўраган ва шуни кутган эди.
Лекин ёшим 50 дан ошганида ҳам каклик ҳамда бедана боқишни ва уриштиришни давом эттирардим. Кунларнинг бирида аянчли ҳодиса содир бўлди ва мен бу ишни мутлақо йиғиштириб юбордим.
Туман марказида бизнинг алоҳида чойхонамиз бўларди, ўша ерда йиғилиб турардик. Ҳаммамизнинг қўлимизда кичик халтачага солинган бедана ёки каклик бўларди, бир-биримизга мақтаниб ўтирардик.
Чойхонамизга туманнинг барча ҳудудларидан каклик ва бедана уруштирувчилар келар, анча одам йиғилардик. Тушликка ош дамлаб еб, кейин тарқалардик. Овқатланаётганимизда кимдир ароқ ичар, кимдир бир чеккага ўтиб намозини ўқир, айримлар «ўт» чекишар, орамизда барча тоифа бор эди.
Биз битта қишлоқдан уч киши борардик. Учаламизнинг ёшимиз қарийб тенг, ёшликдан бедана ёки каклик овига бирга чиқиб юрган ошналар эдик. Чойхонада икки ошнам фақат ароқ билан кифояланишарди. Мен эса ароқдан ҳам қайтмасдим, «ўт»дан ҳам. Аксарият ҳолларда «ўт»ни мен топиб борардим.
Кунларнинг бирида тушда ошни едик, ортидан «ўт» чекдик. Ароқдан сўнг бироз сархуш бўлдик. Шунда мени мақтанчоқлигим тутди ва беданамни мақтай бошладим. Гапирар эканман, туман марказидаги маҳалладан келган бойвачча йигит каклигимни ерга уриб нимадир деди.
Бизнинг даврадагилар учун энг ёмон гап кимнидир каклигини ёки беданасини ерга уриш. Бойваччанинг гапидан мени ҳам жаҳлим чиқди. У билан орамизда гап қочди ва ёқама-ёқа бўлдим.
Аввалига бизни ажратмоқчи бўлишди. Бироқ мен рақибимнинг маҳалласига нисбатан ҳақорат сўз айтгач унинг ёнига шериклари ҳам қўшилди ва даҳанаки жанг муштлашувга айланди.
Шунда икки ошнам мени ҳимоя қилиш учун муштлашувга қўшилди. Биз уч киши, улар олти-етти нафар бор, бошқалар томошабин бўлди. Муштлашувда кучимиз етмаслиги аниқ бўлгач, биринчи бўлиб мен қочдим.
Чойхонанинг эшигидан чиқаётганимда, ошналаримдан бири ортимдан эргашганини кўрдим. Учинчимизни гуруҳ бўлиб тепкилашарди. Ўша куни уйга келдим ва икки кун ҳеч қаерга чиқмадим. Шерикларимга нима бўлди, хабарим бўлмади.
Орадан икки кун ўтгач, эрталаб жарчи жанозага чақира бошлади. Қулоқ солсам учинчи ошнамникига айтяпти. Отаси ўтган, онаси кексайиб қолганди. Онаси ўтибди-да, деб ўйладим.
Жарчи яқинлашганда ошнамнинг кими ўлганини сўрасам, ўзи, деди. Шу пайт юрагим шув этиб кетди. Демак, ўша куни мен ва яна бир ошнам чиқиб қочганмиз, уни тепкилаб ўлдиришган.
Жанозага борганда тахминим аниқ чиқди, ошнамни ўша куни тепкилаб чалажон қилишибди. Эртаси куни касалхонда вафот этибди.
Буни эшитиб ошнамнинг ўғлининг кўзига қарай олмадим. У ўзи билан ўзи бўлиб қолгани учун менга унча эътибор бермади. Ўша куни жанжални мен бошлаганимни балки эшитгандир, балки билмас.
Жанозага икки кун бўлганда мени туман ИИБга чақиришди. Ошнамнинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилган экан. «Мелисахона» олдида бойвачча ва унинг шерикларига дуч келдим.
Уларнинг ёнидан ўтаётганимда бойвачча мени тўхтатди ва гап бошлади:
«Ака, ўша куни тушунмовчилик бўлди, сиздан узр сўрайман. Сиз чиқиб кетганингиздан кейин жанжални тўхтатдик. Ошнангиз билан ярашиб олдик. У ҳам чиқиб кетди. Ташқарида бир алкаш билан гап талашиб қолишибди. Алкаш уриб ўлдириб қўйибди. Қотилни ўзимиз ушлаб бердик. Охиригача борамиз ва у қонуний жазосини олади».
Ҳодиса аслида нима бўлганини билганим учун бойваччанинг гапларини эшитиб, унга ташландим. Бироқ муштим етиб бормади. Шериклари дарров ажратиб қўйишди. Ўша ерда бойваччага нима десам дедим. Охирида у менга ошкора таҳдид қилди:
«Агар ҳозирги ишингни «мелисахона» олдида эмас, бошқа жойда қилганингда сен ҳам ошнангнинг ортидан жўнардинг. Жим юрмасанг ва гапни кўпайтирсанг, нашафуруш сифатида қолган умринг қамоқда чирийди. Шу учун қадамингни ўйлаб бос».
Терговчи ўша куни нима бўлганини сўради. Жанжални мен бошладим десам ёки ҳодисага гувоҳ бўлганман десам гап кўпайиб кетади. Қолаверса бойвачча бекорга таҳдид қилмади, қаматиб юбориши ҳам мумкин. Шундан қўрқдим ва терговчига жанжал пайтида мен йўқ эдим, деб қўя қолдим.
Суҳбатнинг охирида терговчи «Ҳамма гапни айтдингиз-у, бир нарсани бекитдингиз» деб қолди. Ҳеч нарсани яширмаганимни айтгандим, «Ўтни анчадан буён чекасизми?» деб сўради. Каловланиб қолдим. Мени ким сотган бўлса?
Терговчи хаёлимдан ўтган гапларни уққандай гапини давом эттирди:
«Сизни ҳеч ким сотмади. Ўт чекишингизни, кимлардир илтимос қилса топиб беришингизни маҳалла участковойи ҳам, туман ИИБдагилар ҳам яхши билади. Ёшингиз кексайиб қопти, сизга зарилми шу иш? Ундан кўра маҳаллага қўшилиб, мазза қилиб яшамайсизми?»
Ошнамнинг «Худойи»си ўтгунча унинг уйига ҳар кун бориб, маъракаларида бел боғлаб турдим. Кейин ўғлига ёрдам керак бўлса тортинмай айтишини тайинлаб, уйга қайтдим. Ошнамнинг ўлими, бойваччанинг таҳдиди, терговчининг гаплари, барчаси менга ёмон таъсир қилди. Уйдан умуман чиқмай қўйдим.
Орадан бир ҳафта ўтгач кимдир чақириб келди. Чиқсам, ошнамнинг ўғли. Уни кўриб хаёлимдан нималар ўтмади. Ўша куни жанжални мен бошлаганимни эшитган бўлса балки мени айблаш учун келгандир. «Отамнинг ўлимига сен сабабчисан» деса нима деб жавоб бераман?
Ошнамнинг ўғли гап бошлади:
«Амаки, олдингизга бир илтимос билан келдим. Отамни бир гуруҳ бўлиб, тепкилаб ўлдиришган. Уни ювишга мен ҳам киргандим, танасида соғ жой қолмаган, ҳамма ёғи кўкариб кетганди. Тепкилаб ички аъзоларини ишдан чиқаришган. Отамнинг ўлдирилиши бўйича жиноий иш очилган. Лекин уни ўлдирганлар бир алкаш йигитни рўпара қилиб, қотил шу, мастликда ўлдириб қўйган, деб туришибди. Ўша алкашни анча пул бериб, қамалишга кўндиришибди. Эшитишимга қараганда чойхонада ўша куни сиз ҳам бўлгансиз. Отамни кўплашиб урганларини кўргандирсиз. Терговчининг олдига бирга борсак ва гувоҳлик берсангиз. Акс ҳолда жиноятчилар қутулиб кетишади».
Ўша пайтда хаёлимдан минг бир фикр ўтди. Хўп деб гувоҳликка борсам, биринчи кун терговчига берган кўрсатмам билан икки хил чиқиб қолади. Қолаверса, у банги эканимни билади.
Бундан ташқари, бойвачча шериклари билан ошнамни ўлдирдими, унга қарши гувоҳлик берсам менга ҳам ҳар қандай ёмонликни қилиши, айтганидай қаматиб юбориши ҳам мумкин.
Ошнамнинг ўғлига ҳодисадан бироз олдин мен чойхонадан чиқиб кетганимни, отасини кимлар урганини кўрмаганимни, терговчи чақирганда ҳам шундай деб ёзиб берганимни айтдим.
Шу гапларни гапираётганимда чамамда ошнамнинг ўғли ёлғон гапираётганимни билиб турарди. Тахминимча ўша куни жанжални мен бошлаганимни ва бунинг касрига отаси қолганини эшитиб бўлганди. Акс ҳолда менинг олдимга умид билан келмасди.
У гапларимни индамай эшитди ва бир сўз демай бошини чайқаганча ортига бурилиб кетди. Кейин билсам йигит шундай илтимос билан иккинчи ошнамнинг олдига ҳам борган ва ундан ҳам шундай ёлғон баҳонани эшитиб, рад жавобини олган экан.
Кўп ўтмай тергов тугади ва суд бўлиб ўтди. Унда гувоҳлар сифатида мен билан иккинчи ошнам ҳам қатнашдик.
Бойвачча пулни аямаган шекилли, суд жараёнида чойхонада жанжал бўлгани ҳақида лом-лим дейилмади. Қотилликни бўйнига олган йигит эса барча айбни ошнамнинг ўзига юклади.
У ўша куни қаттиқ маст бўлганини, ошнам уни сўкканини айтди. «Кейин жанжаллашиб қолдик ва марҳум мени урмоқчи бўлди. Ўзимни ҳимоя қилиш учун қўл кўтарганимда у йиқилиб жароҳат олди. Кейин шифохонада ўлибди», деди.
Алкашга бу ёлғонни ким ўргатган бўлса деб қарасам уни туманимизда номи кетган, пул учун ҳар қандай қабиҳликка тайёр бўлган адвокат ҳимоя қилаётган экан.
Алкаш ўз ёлғонларини гапираётганда бойвачча менга қараб, худди мазах қилгандай кулиб турарди. Уни кўриб қоним қайнар, лекин чорасиз эдим.
Ўшанда бор гапни айтиб берсам «ўтфурушлигим» туфайли ўзимни қамаб юборишларидан қўрқдим. Судя алкашни жиноятни ўзи билмаган ҳолда содир этган деб топди ва унга бор-йўғи 5 йил қамоқ жазоси берди.
Шу тариқа ошнамни ўлдирганлар очиқда қолди ва уларнинг ўрнига пулга ёлланган алкаш қамалди.
Суддан чиқиб уйга қандай етиб келганимни билмайман. Ўтган ҳаётимни тарозига қўйиб, яхшилаб ўйлаб кўрдим. Нега яшаб юрибман? Бу ҳаётда яшашдан мақсадим нима? Ўша куни кўзим мошдай очилди. Бўлди, одамга ўхшаб яшайман.
Шундан сўнг уйдаги барча каклик ва беданаларни қўйиб юбордим. Қафасларни эса ёқдим. Бу ишларимдан хотиним, болаларим ҳайрон, лекин биронтаси ҳадди сиғиб сўрамади. «Ўт» чекишни ҳам йиғиштирдим.
Ўша ҳодисалардан кейин мана ўн йилча вақт ўтди. Ҳозир барча ёмон иллатлардан қутулганман. Бироқ ўшанда худбинлик ва қўрқоқлик қилганим учун ҳанузгача виждоним қийналади. Шундай пайтларда ошнамнинг ўғлини олдига бориб барчасини тан олишни, ундан кечирим сўрашни ўйлайман. Бироқ бунга журъатим етмайди».
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг