23:41 / 12.01.2017
62 416

Алишер Усмонов: талабалик, қора кунлар ва илк миллиард…

Алишер Усмонов: талабалик, қора кунлар ва илк миллиард…

Усмонов Алишер Бурхонович 1953 йилнинг 9 сентябрь санасида Ўзбекистоннинг Чуст шаҳрида дунёга келган. У оиладаги тўрт нафар фарзандларнинг тўнғичи эди. Унинг отаси Бурхон Усмонов Тошкент шаҳри прокурори бўлган.

Алишер Усмонов туғилган жойига кўра ўзбек, паспортига кўра россиялик ва британияликдир. У 2012 йилда Россиянинг энг бой одами деб тан олинган. Forbes журнали унинг бойлигини 18,1 млрд доллар деб баҳолаган. 2013 йилда у Bloomberg Markets Magazine” журнали рўйхатига кўра “50 нафар энг обрўли одамлар” қаторига қўшилган. Forbes журналида келтирилган рўйхатга кўра эса у 2016 йилдаги Россиянинг энг бой одамлари қаторида 3-ўринни эгаллаган.

Усмоновнинг ишдаям, шахсий ҳаётдаям омади калити, унинг учун қилиб бўлмас ишнинг ўзи йўқлигида. Бугун у жуда кўп активларга эгалик қилади. Улар ичида Россиядаги энг йирик темир рудаси ишлаб чиқарувчи Металлинвест холдинги, РФдаги энг катта мобиль телефонлари компанияси саналмиш Мегафон, Англия футбол командаси Арсенал алоҳида ўрин эгаллайди. Шу билан бирга кўплаб интернет-компаниялар, Facebook, ВКонтакте, Одноклассники ижтимоий тармоқлари, ҳамда mail.ru.электрон почтаснинг текин сервисида унинг ўз улуши бор.

«Уч мушкетерлар»га ҳавас

Унинг айтишича, қайта қуриш палласида ўзи севган касби ҳуқуқшунослик билан ўзини тўлиқ таъминлай олмаслигини тушунгани учун ҳам ишбилармонлик билан шуғулланган экан. У милиардлик бойликка эга бўлсада, ўзини оддий инсон санайди. “Мен учун пуллар бу вазифадир,-деди миллиардер, -Улар нимагадир эришиш имконини беради ёки аксинча уларнинг миқдорига қараб сенинг омадсизлигинг ҳақида баҳо бериш мумкин”.

Алишер болалигида, “Уч мушкетерлар”ни ўқиб, қиличбозликка қизиқиб кетади. Икки йилдан сўнг у қиличбозлик бўйича республика терма жамоаси аъзосига айланади. Бироздан кейин у спорт устаси бўлади. Айнан ўша пайтлар у ўзининг бўлғуси турмуш ўртоғи Ирина Винерни кўриб қолади. Ирина у борган Спорт саройида бадиий гимнастика билан шуғулланарди. 1971 йилда у МГИМО (Москва давлат халқаро алоқалар институти)га ўқишга киради. Бироқ 1980 йилда унинг ҳаётидаги “қора палла” бошланади-бўлғуси миллардер яна бир юқори мансабдаги раҳбарнинг ўғли билан бирга ўша пайт авж олган “Пахта иши” билан 8 йилга қамалади. 1986 йилда яхши хулқи туфайли муддатидан олдин озодликка чиқарилади. Эркинликка чиққан Усмонов бой хорижликлар учун Ўзбекистоннинг тоғларида овчилик қилишни ташкиллаштирадиган сайёҳлик компаниясига асос солади. Кейинроқ эса университетдаги дўстлари кўмагида Россияга кўчиб кетади. Усмоновнинг илк бизнес иши полиэтилен пакетлар ишлаб чиқариш ҳамда тамаки савдоси эди. У 1997 йилда РФ ҳукумати қошидаги Молия академиясини “Банк иши” мутахассислиги бўйича тугатади. Унинг Россия иқтисодиёти, маданияти ва спортига қўшаётган ҳиссаси улкандир. 90-йиллар бошида Усмонов давлат банк бизнесига киради-аввал у “Биринчи мустақил банк” директорлар кенгаши таркибига киради. Улар қаторида “Роснефть”, “МиГ”, “Алмазювелирэкспорт” каби йирик компаниялар бўлган. Ушбу паллада бўлғуси миллиардер Россия бизнесида мустаҳкам ўрнига эга бўлиб, ўзининг шахсий инвестиция компанияларини тузиб, кўп ўтмай илк миллиард долларини топади.

1997 йилдан бошлаб Алишер Бурхонович газ тузилмаси билан алоқаларни йўлга қўйиб, Газпроминвестхолдинг»да раҳбарлик лавозимини қўлга киритади. Ўшанда у давлат газ корпорациясининг “хусусий чўнтаклар”га тарқалган активларини қайтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди ва бу ишни аъло даражада уддалайди. Усмонов туфайли “Газпром” ўзининг барча йўқотилган активларини қайтариб, Россиядаги энг йирик давлат монополияси ўрнини эгаллайди.

2004 йилга келиб, бизнесмен “Металлоинвест” темир рудаси холдингига эгалик қилиб, дунёдаги энг бой одамлар рўйхатига киради. 2007 йилдан у ўз фаолиятини кенгайтириб, медия магнатига айланади. Орадан бир йил ўтиб, у миллионлаб долларни интернетга киритади – у DST Global ва Mail.ru Group нинг асосий акционери бўлиб, кейинроқ тўлиқ назоратни ўз қўлига олади. 2006 йилдан бери у Россия саноатчилари ва ишбилармонлари иттифоқи аъзосидир. 2006 йилда у “Коммерсентъ” нашриёт уйи акцияларининг 100 фоизини сотиб олади.

Хайр-саҳоват ва спорт

Ўз бизнесидан ташқари миллиардер яна жамоатчилик ишлари ҳамда Россия спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. 2007 йилда Усмонов 72 млн долларга Ростроповичнинг суратлар коллекциясини унинг хотини Галина Вишневскаядан сотиб олиб, уни Петербурдаги Константин саройига беминнат тарзда топширади ва бу билан рус маданияти ривожига улкан ҳисса қўшади. Ўша йилиёқ у америкаликлардан совет мультфильмлари жамламасини тўлиқ харид қилиб, уни “Бибигон” каналига туҳфа этади.

2014 йилнинг 4 декабрида у Нью-Йоркдаги Christie’s аукционида 4,1 млн долларга Жеймс Уотсоннинг Нобел медалини сотиб олиб, уни яна олимнинг ўзига қайтаради. Бунга жавобан олим шундай дейди: “Мен бу олийжаноб қадамдан чуқур миннатдорман. Бу эса ўз навбатида менинг саратон касалликларини тадқиқ этишдаги ДНК тузилишини кашф этганимдаги улушимга юқори баҳо берганини кўрсатади”.

2008 йилдан бошлаб Усмоновнинг хайрия ишлари расмий йўналишга эга бўлди-миллиардер “Санъат, фан ва спорт” фондига асос солиб, илк йилдаёқ хайрия мақсадида 126млн доллар маблағ сарфланган. 2013 йилда Алишер Бурхонович ўзининг хайрия ишлари учун фахрли давлат мукофотларига сазовор бўлган рус меценатлари орасида етакчи ўринни эгаллади.

Бундан ташқари Усмонов рус спортининг халқаро миқёсда ривожига алоҳида эътибор қаратади. 2008 йилдан бери у Халқаро қиличбозлик федерацияси президентидир.

2015 йилда у Россия спортига ёрдам беришда давом этишини билдириб, Россияда янги бўлган профессионал компьютер спорти- киберспорт Virtus.pro ташкилотини ривожлантириш учун100-миллионли инвест-лойиҳани тарғиб қилди.

Шахсий ҳаёт

Унинг шахсий ҳаёти худди бизнеси каби омадлидир. У рафиқаси Ирина Виннер билан ҳаётнинг барча қийинчилик ва синовларини енгиб ўтиб, ҳамон бирга умргузаронлик қилишмоқда.

Бугунги кунда Усмоновнинг аёли бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоаси тренеридир.

Бойлиги

2016 йилга келиб Алишер Усмоновнинг бойлиги $12500 млн долларни ташкил этган. Унинг онасининг номи билан аталган (“Dilbar”) иккита яхтаси, ҳамда Airbus A320 шахсий самолёти. Винернинг айтишича, эри футболга жуда қизиқиб, бу спорт турига у беғараз равишда миллиардлаб пулларини сарфлайди.

Ўз омади калити сифатида Усмонов бизнесдаги тўғри ва аниқ стратегиясини келтиради. У иш фаолиятида турли низо ва баҳслардан қочишга ҳаракат қилади. Шунинг учунми ҳар қандай баҳсдан ғолиб бўлиб чиқади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алишер Усмонов: талабалик, қора кунлар ва илк миллиард…