date

Қарорлар нега ёшлар атрофида айланяпти? Чунки...

Қарорлар нега ёшлар атрофида айланяпти? Чунки...

Бугун дунё тез ўзгаряпти. Рақобат кучайяпти. Иқтисодий ресурслар эмас, инсон капитали ҳал қилувчи омилга айланяпти. Ана шундай шароитда ёшлар масаласи ҳар бир давлат учун стратегик танловга айланмоқда. Чунки ёшлар – бу фақат эртанги кун эмас, бугунги қарорларнинг эртанги натижасидир. Шу сабаб мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор узоқни кўзлаб олинаётган қарорларнинг мантиқий давоми.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё ҳақидаги мақоласида ҳам ёшлар масаласига алоҳида тўхталгани ҳам бежиз эмас. Марказий Осиё дунёнинг энг ёш минтақаларидан бири. Аҳоли сони 80 миллиондан ошди ва катта қисми ўттиз ёшдан кичик, яъни ёшлар. Яқин 2050 йилда 100 миллиондан ошиши кутиляпти. Демак, ёшлар сони янада кўпаяди. Бу катта куч, катта имконият, бир вақтнинг ўзида катта масъулият ҳам. Ёшлар кўп бўлган жойда сифатли таълим, замонавий касблар, технологиялар ва ўзини рўёбга чиқариш имкониятларига талаб ҳам юқори бўлади.

Бу йил Президентнинг ёшлар билан икки марта очиқ мулоқот ўтказгани ҳам айнан шу мантиқий занжирнинг давомидир. Айниқса, 2025 йил 14 февралда ўтказилган очиқ мулоқот ёшлар сиёсатида янги босқични бошлаб берди. Ўша куннинг ўзидаёқ ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, битирувчиларнинг ишга жойлашиши ва ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган қарорлар (ПҚ–60, ПҚ–61 ва ПҚ–62-сон) қабул қилинди.

Ёшлар ташаббуслари учун 400 миллион АҚШ доллари ажратилди. Нега бундай кенг кўламли қўллаб-қувватлаш керак? Чунки ишсиз ёш – йўқотилган имконият. Билимсиз ёш – келажакдаги ижтимоий хатар. Шу боис қабул қилинган қарорлар қатъий назорат билан ижрога қаратилди.

Натижада 15 мингга яқин ёш ташаббускорга қарийб 2 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилди ва 20 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас, минглаб оилалар тақдири, минглаб ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топаётганидан далолат.

Ёшлар сиёсатида яна бир муҳим масала бор – билим. Бугун меҳнат бозори фақат дипломни эмас, кўникмани талаб қилади. Айниқса, хорижий тилларни билиш глобал иқтисодга чиқишнинг калитига айланган. Шу сабаб 2025 йил 8 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг 632-сон қарори билан “2+6” форматидаги хорижий тилларни ўрганиш дастури жорий этилди. Унга кўра, ёшлар аввал 2 ойлик ўқиш пулини ўз ҳисобидан тўлайди, кейинги 6 ойлик ўқиш харажатини давлат тўлаб беради. Бу модел интизомни ҳам, рағбатни ҳам уйғунлаштиради.

Дастур орқали 2030 йилга қадар 100 минг нафар ёшнинг хорижий тиллардан сертификат олиши режалаштирилган. Бу рақам мамлакатнинг келажак кадрлар захирасини англатади, халқаро майдонда рақобатбардош бўлиш мақсадига хизмат қилади.

Ёшлар масаласига эътибор иқтисод ва таълим билан чекланмайди. Бу табиий. Бугун дунё иқлим ўзгариши, экологик муаммолар олдида турибди.

Ҳукумат қарори билан Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида “Яшил ташаббуслар”ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма ҳар йили 10 млрд сўмгача маблағ билан ёшларнинг экология, яшил энергия ва табиатни муҳофаза қилишга оид лойиҳаларини молиялаштиришни кўзда тутади.

Ёшлар сиёсатида имкониятлар барча учун бирдек эканига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, паралимпия йўналишида ҳам янги қарор қабул қилиниб, республикадаги 39 та давлат спорт мактаби паралимпия спорт турларига ихтисослаштирилиши белгиланди. Бу билан ногиронлиги бўлган ёшлар спортда чекланган муҳитда эмас, соғлом спорт гуруҳларида, рақобатли жамоалар билан бирга машғулот ўташ имконига эга бўлмоқда. Бундай ёндашув жисмоний тайёргарлик билан бирга, ижтимоий мослашувни ҳам кучайтиради.

Умуман олганда, бу ишлар, ўзгаришлар мамлакат тараққиётининг табиий эҳтиёжи. Чунки ёшлар бугун ҳам, эртага ҳам иқтисодий ўсиш, ижтимоий барқарорлик ва инновацион ривожнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолади. Шу боис ёшлар сиёсати мамлакатимизда алоҳида бир давр ёки кампания билан чекланиб қолмайди. У узоқ муддатли тараққиёт стратегиясининг изчил қисми сифатида ички ислоҳотларда ҳам, ташқи мулоқотларда ҳам доим кун тартибида туради. Ёшларга қаратилаётган эътибор айнан шу изчиллик ва давомийликни таъминлашга қаратилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Қарорлар нега ёшлар атрофида айланяпти? Чунки...