Чирчиқда вагон устига чиққан болаларни ток урди

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида содир бўлган хавфли ҳодиса жамоатчиликни яна бир бор ҳушёрликка чақирмоқда. 27 апрель куни темир йўл бекатида икки нафар вояга етмаган бола юк вагони устига чиқиб, юқори кучланишли электр токи таъсирига тушган.
Маълумотларга кўра, воқеа Чирчиқ темир йўл бекатининг Нурҳаёт—Қодирия йўналишида юз берган. 2011 ва 2014 йилларда туғилган мактаб ўқувчилари темир йўлда тўхтаб турган юк вагонлари устига чиққан пайтда кучли ток зарбасини олган.
Ҳодисадан сўнг жабрланувчилар зудлик билан шифохонага етказилди. Улар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент шаҳридаги 16-сонли филиали жонлантириш бўлимига жойлаштирилган. Шифокорлар маълумотига кўра, болаларнинг аҳволи ўрта оғир деб баҳоланмоқда ва ҳозирда уларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Тиббий хулосага кўра, жабрланувчилар танасининг 25–30 фоизида иккинчи ва учинчи даражали куйиш жароҳатлари аниқланган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлаш идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этиш жоиз, бундай ҳолат аввал ҳам кузатилган. Жорий йил 1 апрель куни ҳам Чирчиқда 17 ёшли ўсмир поезд вагони устига чиққан вақтида ток уриши оқибатида оғир тан жароҳати олган эди. Ўшанда унинг танасининг 80–85 фоизи куйгани маълум қилинганди.
Мутахассислар темир йўл атрофидаги хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини яна бир бор эслатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!