22:28 / 08.02.2017
5 563

Бир йўла 24 та «тил» ёхуд разведкачи ўзбек ўғлонининг бетакрор қаҳрамонлиги

Бир йўла 24 та «тил» ёхуд разведкачи ўзбек ўғлонининг бетакрор қаҳрамонлиги

Каттақўрғон шаҳридаги Форобий кўчаси, 139-уйда Иккинчи жаҳон уруши фахрийси, 94 ёшли Рашид ота Очилов истиқомат қилади. Пиру бадавлат, юз билан юзлашаётган бу отахон ҳамон тетик ва бардам. Хотира ва қадрлаш куни арафасида унинг ҳолидан хабар олиш ҳамда Президентимиз номидан «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали ва бир марталик пул мукофотини тантанали равишда топшириш мақсадида бу хонадонга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчилар ташриф буюришди. Меҳмонларни очиқ чеҳра билан қарши олган Рашид ота бир пиёла чой устидаги илиқ суҳбат чоғида бизга фронт ҳақидаги хотираларидан сўзлаб берди.

– 1942 йилнинг 1 сентябрида урушга чақирилганман, – деди Рашид ота ўйчан. – Унгача Свердловск вилоятининг Нижний Тагил шаҳарчасида жойлашган, фронт учун қирувчи самолётлар ишлаб чиқарадиган заводда меҳнат қилардим. Калинин вилоятининг Новосела қишлоғида илк бор жангга кирдим. Бизга ҳужумга ўтиш ҳақида буйруқ беришди. Қишлоқни фашист газандаларидан тозалаб, мустаҳкам ўрнашиб олдик…

Шу тариқа улкан муҳорабада қатнашаётган ўзбек ўғлони қақшатқич жангларда кўп бор ўзини кўрсатди. 1943 йил уни разведкачиликка ўтказишди. Маълумки, разведкачидан кучли, чаққон, маҳоратли, жасур ва салоҳиятли бўлиш талаб этилади. Буларнинг барчаси ўзида мужассам эканини Рашид Очилов фидойи хизматлари билан амалда бир неча марта исботлади. Муҳорабаларда 4 марта яраланди, тузалиб чиққач, яна урушга қайтди. Айниқса, разведкачи сифатида у келтирган маълумотлар ҳаракатдаги армия қўшинларининг номаълум ҳудудлардан беталафот ва безиён ўтиб олишларида ҳамда зарур тактик усул қўллашда жуда асқотди. Ана шундай кузатув ишларини олиб бораётган кезларидан бирида унинг қаршисидан 25 та фашист чиқиб қолди. Довюрак ўғлон ўзини йўқотиб қўймади, аксинча шердай ваҳшат солиб душманларга ташланди ва барчасини қўлга олди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай эслайди:

– Германия ҳудудига кириб боргач, биз разведкачиларни ҳудудни ўрганиш, жумладан, қалин ўрмон, ботқоқлик, дарё-кўл каби табиий-географик ва миналаштирилган ёки миналаштирилиши мумкин бўлган сунъий тўсиқларни аниқлаш, қайси жойда авиация ва артиллериядан фойдаланиш, қайси жойда зирҳли техникаларни қўллаш маъқул, шунингдек, пиёда қўшинларнинг ҳаракатланиши учун қулай йўналишларни аниқлаш, шу билан бирга «тил» ҳам тутиб келиш учун жўнатарди, – дейди у. – Шундай кунларнинг бирида бизни самолётда фронт чизиғи тепасидан душманнинг ортига олиб ўтишди ва парашютда ҳар 50–60 километр масофага биттадан разведкачини ташлаб чиқишди. Ортга маълумот тўплаб қайтишимиз ва душманга сездирмасдан ўзимиз томонга ўтиб олишимиз керак. Тириклайин қўлга тушиш асло мумкин эмас. Ниҳоят, фронт чизиғига яқинлашганимда кутилмаганда ўрмон ичида бир гала фашист аскарларига дуч келсам денг. Бекинишга сира имконият йўқ, дарҳол позиция эгаллаб жангга шайландим. Душманлар гир атрофимдан қуршаб сиқиб кела бошлади-ю, аммо негадир ўт очмади. Тириклайин қўлга олмоқчи, дея ўйладим. Шунда биттаси алланималар дея сўкинганча қуролини ерга ташлаб, тикка позиция эгаллаб турган жойимга бостириб келаверди. Назаримда, мард бўлсанг майдонга чиқ, очиқчасига курашамиз, деяётгандек эди. Чапанилигим тутиб кетди ва мен ҳам қуролимни ерга қўйиб сакраб чиқдим. Қаранг, қуролсиз одамни отишга истиҳола қилибман. Ҳалиги душман яқинлашди ва пичоқ билан ҳужумга ўтди. Пичоғини қайтариб, бўйнига муштим билан жуда қаттиқ зарба бердим. Фашист йиқилди ва ўрнидан туролмай қолди. Шакар томири узилиб кетган экан чамамда, бир оздан сўнг тинчиди.

– Борми яна мардинг!? – Кўксимга муштлаб ҳайқирдим душманларга қарата. – Чиқ, мана, мен тайёр!

Қарши томон жим, ҳатто овоз чиқармай қолишганди. Уларга яхшигина қўрқув солганимни тушундим. Шу билан бирга сездимки, уларнинг ўқлари тугаган. Акс ҳолда мени аллақачон асфаласофилинга жўнатган бўлишарди. Фурсатни бой бермай қўлимга қуролимни олиб, олға қадам ташладим. Шундай қилиб, бир оздан сўнг тўлиқ қуролсизлантирилган 24 та душман менинг қаршимда тиз чўкиб турарди. Барчасини олдимга солиб ҳайдаб келдим. Буни кўриб ўзимизникилар жуда ҳайрон қолишди. Аммо барчасини ўзлари кўриб, гувоҳ бўлиб туришгани учун ҳайрон қолишга асос ҳам йўқ эди. Командиримиз старшинага дарров мени суратга олишни буюрди. Ўша суратни ҳамон асрайман.

Рашид ота шундай дея сарғайиб кетган бир суратни менга узатди. Уни олиб қарадим. Ростдан ҳам тиз чўкиб турган 24 асирнинг қаршисида қорақош ва қоракўз ёшгина ўзбек ўғлони жилмайиб турарди.

– Биз шахсий таркибга Рашид отанинг жасоратини ҳар доим ўрнак қилиб кўрсатамиз, ана шундай ўзига ишонч ва қатъият юқори бўлса, киши кўп нарсага қодир бўлишини уларга тушунтирамиз. Ҳарбий хизматчилар билан ўтказиладиган учрашув ва тадбирларда ота ҳам ёшларга жуда кўп ибратли насиҳатлар қилади, йўл-йўриқлар кўрсатади. Рашид ота каби фахрийларимиз – бизнинг фахримиз, – дейди ҳарбий қисм командири подполковник Ойбек Бобониёзов.

Рашид отанинг ҳикоясини тинглаб, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур «Тузуклари»даги қуйидаги сатрлар ёдимга келди: «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир. Чунки тажрибали бир киши минглаб кишига иш буюради.

Мен яна тажрибамда кўрдимки, ғаним лашкарларини енгиш қўшиннинг кўплиги билан эмас, мағлуб бўлиш эса сипоҳнинг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик (Тангрининг) мадади ва бандасининг тадбири биландир. Чунончи, мен кенгашиб ва тадбир юритган ҳолда икки юз қирқ уч киши билан Қарши қалъаси устига юрдим. Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлиқ аскар билан қалъа ва унинг атрофини қўриқламоқда эдилар. Лекин Тангри таолонинг ёрдами етиб, ўзим қўллаган тўғри тадбирларим орқали Қарши қалъасини эгалладим».

Зарур вазиятда тўғри тадбир қўллаган, жанг кўрган ва тажрибали Рашид ота ҳам шу тариқа зафарга эришган-да.

Бугун Рашид бобо 5 фарзанднинг отаси, 30 дан ортиқ невара ва чеваранинг севимли бобоси. Маҳалла-кўй ва қўни-қўшнилар билан иноқ. Ҳар тонг дуога қўл очганида юртда тинчлик ва ободлик бардавом бўлишини тилайди. Биз билан хайрлашар экан, «Илоҳим биз кўрганларни сизлар кўрманглар, болаларим, Ватанимиз осойишта ва фаровон бўлсин», дея юзига фотиҳа тортди.

Ёшин Ҳакимов

Манба: Tafsilot.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бир йўла 24 та «тил» ёхуд разведкачи ўзбек ўғлонининг бетакрор қаҳрамонлиги