
Янги йил байрамлари арафасида аҳоли харидлари кескин ошиши кутилар экан, Рақобат қўмитаси Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқларига расмий мурожаат билан чиқди. Қўмита байрам кунлари ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини сунъий равишда оширмаслик ва бозорда барқарорликни сақлаш зарурлигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, расмий билдиришномалар Корзинка, Макро, Ҳавас, Барака, Магнум, Ассорти, B1 ҳамда Магнит савдо тармоқларига юборилган.
Қўмита мурожаатида байрамлар олдидан талаб юқори бўладиган озиқ-овқат ва биринчи навбатда зарур маҳсулотлар нархи доимий назоратда бўлиши шартлиги эслатилган. Шунингдек, савдо тармоқлари етказиб берувчилар томонидан нархлар ўзгариши, логистика харажатлари ёки бошқа омиллар сабаб қиймат ошиши кузатилса, бу ҳақда Қўмитага зудлик билан ахборот тақдим этишлари лозим.
Алоҳида таъкидланишича, чакана савдо тармоқлари ўз етказиб берувчиларига нисбатан ҳам профилактик иш олиб бориши, асоссиз ва сунъий нарх ошириш ҳолатларининг олдини олиш бўйича расмий огоҳлантиришлар беришлари талаб этилади.
Масъул идора фикрича, бундай чоралар Янги йил арафасида аҳоли учун маҳсулотлар нархини барқарор сақлаш, ижтимоий кескинликнинг олдини олиш ва соғлом рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.