07:32 / 28.04.2017
8 436

Ўзбекистонликлар ажрашиш масаласига қандай муносабатда?

Ўзбекистонликлар ажрашиш масаласига қандай муносабатда?
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили доирасида навбатдаги сўров ўтказилди.

Мазкур сўровда кенг жамоатчилик, ёшлар, отахону онахонлар, турли касб ва миллат вакиллари, шаҳару қишлоқлар аҳолиси қатнашган.

Сўров шуни кўрсатдики, мутлақ кўпчилик учун оила ҳаётнинг барча соҳасида муҳим роль ўйнайди ҳамда ижтимоий ва ахлоқий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда кечаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнида оилавий қадриятлар фуқаролар учун умрнинг устувор мақсади бўлиб қолмоқда. Сўров иштирокчиларининг 90,7 фоизи ажримга салбий муносабатда эканини билдирган.

Таҳлилларга кўра, ўзбекистонликлар учун оила қариндошлик ҳамда никоҳ ришталари билан боғланган кишилар гуруҳи, жамият ва давлатнинг асоси ҳисобланади. Оила мамлакат барқарорлиги ҳамда хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни тарбиялашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу маънода, фуқаролар ўз фарзандлари, умуман, жамият келажаги учун оиланинг масъулиятини теран англаши қайд этилган.

Сўров иштирокчиларнинг фикрича, никоҳга кирувчиларнинг ёши оила қуришга таъсир этувчи муҳим омилдир. Аниқланишича, Ўзбекистон аҳолиси учун йигитларнинг 24-25 ёшда, қизларнинг эса 21 — 23 ёшда бўлиши оила қуришнинг энг мақбул пайти саналади. Оила қуришдан аввал ёшлар маълумот олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари ва энг асосийси, иқтисодий мустақил бўлишлари керак.

Иштирокчиларнинг билдиришича, ёшларнинг турмушга тайёрлиги уларнинг маънавий етуклиги ҳамда оиласи учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр экани билан белгиланади.

Сўров аҳолининг аксарият қисми Оила кодексининг никоҳга кирувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтиши ва бир-бирини ўзининг соғлиғи ҳақида хабардор қилиши шартлиги ҳақидаги қоидаларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Айни пайтда сўров жараёнида фуқароларимиз никоҳга киришда ота-она розилигининг аҳамияти ҳамда заруратини эътироф этишган. Мутлақ кўпчилик, яъни респондентларнинг 99,4 фоизи фикрига қараганда, никоҳга кирувчи ёшлар учун ота-оналарнинг оқ фотиҳаси оилавий бахтнинг, фаровонликнинг муҳим омилидир.

Фуқароларнинг фикрига кўра, оилавий муҳит боланинг комил инсон бўлиб вояга етишига кучли таъсир кўрсатади. Айнан шу сабабли ота-оналар мустаҳкам оила қандай бўлиши, эр-хотин бир-бирига ва фарзандларига қандай муносабат кўрсатиши, никоҳ — оила масаласига тааллуқли ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги масалаларида ўзлари ибрат бўлишлари лозим.

Сўров иштирокчиларининг аксарияти ўз фарзандларини яхши тушунадилар ҳамда улар билан ўзаро ишончга асосланган муносабат ўрнатишга ҳаракат қилишади. Улар ҳозирги ота-оналар ва фарзандларни турли қарашлар ҳамда ҳаётий тамойиллар ажратиб туриши ҳақидаги фикрларга умуман қўшилмайдилар. Оилада муносабатлар катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, азалий қадриятлар руҳида шаклланади.

Респондентлар фарзандига яхши таълим бериш ота-онанинг энг асосий бурчи, деб билади.

Ота-оналар турли сабаблар туфайли ҳамиша ҳам ўз болаларининг тарбиясига етарлича эътибор ва масъулият билан ёндаша олмаётгани сўров натижасида аён бўлди. Респондентларнинг чорак қисми фарзандлари мактабга қатнамаётганини тан олишган. Улар буни ўқишга қизиқишнинг йўқлиги ёки мураккаб оилавий аҳвол билан изоҳлашмоқда. Ҳар ўнинчи ота-она фарзанди бўш вақтини қандай ўтказиши, мобиль телефонидан қайси мақсадларда фойдаланиши билан қизиқмайди. Улар ушбу масалаларда фарзандларига тўла ишонишларини билдиришган.

Сўров натижалари мактабларда қизиқишлар бўйича тўгараклар тузиш, спорт ҳамда бошқа секциялар, ўқув заллари ва кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, ўқув муассасаларида ўсмирларни “кўча” ҳамда интернетнинг салбий таъсиридан асраш, ёш авлоднинг мазмунли дам олишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини кўрсатди.

Ўтказилган мониторинг аҳолининг катта қисми оилаларнинг ажралишига салбий муносабатда эканини яна бир карра намоён қилди. Фуқаролар оила бузилишига, асосан, ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, уларда ҳаётий тажриба етишмаслиги, бир-бири билан муроса қила билмаслиги, келишмовчиликларнинг олди олинмаётгани, вақтинчалик моддий қийинчиликлар, эр-хотиннинг феъл-автори бир-бирига мос келмаслиги сабаб бўлаётганини қайд этган.

Умуман олганда, тадқиқот юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларнинг ҳаётида маҳалланинг роли ҳамда аҳамиятини кучайтириш, жамиятда никоҳ — оила муносабатларини мус¬таҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаётгани бу борада олиб бори¬лаётган давлат сиёсатининг самарадорлигидан, Ўзбе¬кистонда оилалар бахтли эканидан далолат беради.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонликлар ажрашиш масаласига қандай муносабатда?