16:31 / 01.07.2017
4 072

«Зиёратга» чиққан ўғрилар...

«Зиёратга» чиққан ўғрилар...
Тун алламаҳал бўлганида Сами бобонинг дарвозаси тақиллаб ороми бузилди. Бу пайтда ким бўлди экан, дея отахон ўрнидан туриб эшик томон юрса, ўғли Салимжоннинг овози эшитилди.

- Дада, ухламайсизми, мени сўраб келишган.

Отахон охирги вақтларда ўғлининг кунора уйга кеч келишларидан, баъзида икки кунлаб келмайдиган одат чиқарганлигидан хавотирга тушиб, шундай бўлсада ўғлини сўраб келган одамнинг кимлигини билиш учун кўчага чиқади.

Кўчанинг бошида оқ рангли «Дамас» автомашинаси турибди. Унинг олдида ўғли Салимжон ва уч нафар нотаниш йигитлар, ниманидир режасини тузаётгандек пичир-пичир гаплашиб ўтирибдилар. Отахон улар томон оҳиста қадам ташлаб борар экан, йигитлардан бири дарров машинага ўтириб қолган икки нафар шерикларига ҳам дарҳол машинага ўтиришларини шубҳали имлаб машинани ўт олдириб, учала нотаниш йигитлар кетиб қоладилар.

- Дада нимага чиқдингиз, ахир айтдимку менинг ўртоқларим, эрта тонгда улар билан зиёратга борамиз. Шунга ҳозирдан келишиб олдик.

Ўғлининг зиёратга ҳозирланганини эшитган отахоннинг кўнгли озгина таскин топди-ю лекин шубҳалари тарқалмади.

...Салимжон отахоннинг тилаб олган ёлғиз фарзанди. Ёши ўттиз бешга етибди ҳамки бу йигит уйланиш ҳақида гап очилгудек бўлса, ғазаби қайнаб, аъзойи бузилади. Онаси Муборак ая 68 ёшда. Лекин ҳали ҳам қадди эгилмаган, чаққон, рўзғор ишларида тўрт-беш жувонни ортда қолдиради. Тиним билмайди...
Эрта тонгда ўғли ухлаб ёттан хонага мўралаган Сами ота унинг ётоғи бўм-бўшлигини кўриб, саҳар чоғи ҳеч кимга билдирмай чиқиб кетибди деб ўйлаб бамайлихотир бугунга мўлжаллаган ишларини қилишга киришади.

- Онаси, шу ўғлингни кейинги пайтларда юриш-туриши менга маъқул бўлмаяпти. Кеча тунда уни сўраб келган ўртоқлари билан зиёратга борадиган ниятда эмаслигини пайқадим.

- Қўйинг дадаси, у ҳам ёш бола эмас, ҳа деб тергайверманг. Бир амаллаб уйланишга кўндира олсам, ажаб эмас хотини уни йўлга солса.

- Тунов куни ҳам тонгга яқин қўлида сумка билан кириб кеди. Ухлаб ётганлигидан фойдаланиб хонасига киритиб қўйган сумкани очиб қарасам ичида анчагина пул бор экан.

- Ойлик маошини олгандир-да дадаси.

Эр-хотиннинг ўзаро суҳбати чоғида яна дарвоза тақиллаб қолди.

- Мана ўғлинг келди, туриб дарвозани оч.

Муборак ая дарвозани очса, ташқарида профилактика инспектори ва яна икки нафар ички ишлар идораси ходимини кўриб ранги оқарди.

- Келинг учасковой болам, тинчликми?
- Хола, бизлар ўғлингиз Салимжонни қидириб келдик.
- У бояқиш ўртоқлари билан зиёратга бораман деб чиқиб кетувди. Ҳали замон қайтса керак.
- Қайси зиёратгоҳга боришини айтмадими?
- Йўқ, айтгани йўқ, эсим қурсин ўзим ҳам сўрамабман.
- Майли хола, келганида маҳаллага боришини тайинлаб қўйинг, мен уни хизмат хонамда кутаман.

Ходимларнинг ташрифидан онаизорнинг кўнгли бир оз ғаш бўлди...

...Салимжон бундан 6 йил муқаддам ишлаш мақсадида Россия давлатига борган эди. Яқинда келди. У ерда ўтказган олти йиллик умргузаронлиги давомида бирор хас ҳам орттирган эмас. Орттиргани фақатгина «куним ўтса бўлди» қабилида иш тутадиган ўртоқлари бўлди.

Ботир, Рустам ва Умар мактабда бирга ўқиган синфдош жўралар. Бирор бир тайинли иши бўлмаган бу учала ҳамтовоқ пул ишлаш мақсадида Россия давлатига борадилар. «Ҳар ерни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу тарозу» деганларидек, у ерда ҳам «уч ботир» бирор бир ишни эплолмай қуруқ қўл билан қайтиб келадилар. Салимжон ҳам ўша ердаги қурилишларнинг бирида улар билан танишган. «Лойи бир жойдан олинган» эканки «уч ботир»нинг сафи яна биттага кўпаяди.

Россия давлатидан қайтиб келганларидан сўнг улар тез-тез учрашиб турадиган, пул ишлашнинг турли йўлларини қидириб тонгга қадар «отамлашиб» ўтирадиган одат чиқарадилар. Ана шундай кунларнинг бирида уларнинг ичида ёши каттароқ бўлган Ботир анча вақтдан буён бир режани уйлаб юрганлигини айтади.

Қишлоқ жойларида қаровсиз қолдирилган, томорқа ерларда бир энлик арқонга ишониб ташлаб кетилган қўй-қўзи, қорамолларни тунги вақтда ими-жимида ўғирлаб бошқа узоқроқ, бегона ҳудуддаги мол бозорларига олиб бориб сотиш, тушган даромадни эса тенг бўлиш. Бу шум режа Ботирнинг оғзига қараб турган учала калтафаҳмга ҳам маъқул тушади.

Улар дастлабки тунни Қоракўл туманидаги чекка қишлоқларда изғиб ўтказадилар. Ва ниҳоят, чўл ҳудудида қаровсиз қолдириб кетилган бир тўда чорва моллари уларнинг назаридан четда қолмади. Ботир, Салимжон ва Рустам қўй қўзилар қўрасига кирадиларда уларнинг ҳар бири иккитадан қўйларни етаклаб машинага юклайдилар. «Дамас»нинг орқа ўриндиқларини олиб қўйиб қўйхонадек ҳозирлаб қўйган Умар шофёрликни боплайдиганлардан. Шу туннинг ўзида улар Ромитан туманидаги мол бозорига борадилар ва қўлга киритилган қўйларни тонг отмасдан арзонгина пуллашга ҳам эришадилар.

Дастлабки ови бароридан келган ҳамтовоқлар ўртага тушган пулларни тақсимлаб тум тарақай бўлишади ва кейинги «сафар» олдидан учрашув жойини ҳам белгилаб кетадилар. Орадан 2 кун ўтиб уларни яна текин бойлик орттиришнинг хумори тутади. Бир бири билан қўнғироқлашиб Жондор туманидаги чойхоналарнинг бирида учрашган йигитлар энди шу тумандан ўлжа излашни ихтиёр этадилар.

Чойхонадан тунги соат 23:30 ларда чиққан «овчи»лар Жондорнинг Ромитан тумани билан чегарадош чекка қишлоқлари томон йўл оладилар. Тунги соат 1 лар чамаси. Салимжон пахта экилган ернинг четида боғлаб қўйилган қорамолга кўзи тушиб Умарга машинани тўхтатишни айтади.

Улар машинадан тушиб атрофни кузатадилар ва ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб далада боғлаб қўйилган моллар томон юра бошлайдилар.

Ботир билан Салимжон иккита қорамолни етаклаб автомашина томон олиб келади. Улар ҳарчанд уринишмасин қорамолларни «Дамас»га юклашнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Шунда уларни кузатиб турган Рустамнинг хаёлига бир фикр келади.

- Умар, машинада пичоқ борми?
- Ха бор.
- Олиб кел, сен машинани бирор пана жойга олиб бор, бизлар сенга қўнғироқ қилган заҳоти келасан.

Қорамолларни бўйнидаги арқонини ечиб уларнинг оёғига боғлаб йиқитган Рустам шу жойнинг ўзида қўлидаги пичоқ билан иккала ҳўкизни ҳам сўйишга эришади. Тўртовлон жони узилган ҳўкизларни машинага юклаб Бухоро шаҳри томон йўл оладилар. Эртаси куни улар қорамолларни шаҳардаги калбаса ишлаб чиқарадиган цехга олиб бориб, цех бошлиғини турли ёлғонлар билан алдаб иккала қорамолни ҳам у ерга топширадилар. 356 кг гўшт учун қўлга киритилган 6 миллиондан ортиқроқ пуллар яна тенг тақсимланади.

Эртаси куни яна чойхона, «базму жамшид», топилган ҳаром луқма айш-ишратга сарф этилади. Ҳар доимгидек дастурхон устида кейинги «ов»га ҳозирлик кўрилади.
Рустам Ромитан туманида чекка чўл ҳудудларда қаровсиз қолдириб кетилган бир нечта қўраларни кўз остига олиб қўйган. Тунги вақтда чўпонлар қўйларни шу қўраларга қамаб ўз уйларига келиб ухлайдилар. Эътиборсиз қолдириб кетилган қўй қўзилар ўғриликни ўзлари учун касб қилиб олган бу жиноий гуруҳ учун айни муддао бўлади. Эрта тонг соат тахминан 4:30ларда чўл ҳудудидан ўлжа қидириб юрган ўғрилар одам зоти кўринмайдиган чекка ҳудудда жойлашган қўранинг олдига тўхтайдилар. Атроф синчковлик билан кузатилиб ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилингач «Дамас»нинг орқа эшиги очиладида қўрадан саралаб олиб чиқилган 8 бош қўйлар «қўйхона»га юкланади. Умар ўзига ишонган устаси фаранг ҳайдовчи бўлса ҳамки чўлда автомашинани бошқаришни эплай олмайди. Чунки чўлда қолиб кетиш учун келган йўлдан биргина адашиш кифоя. Ичида 8 бош қўй ва 4 нафар «овчи» билан автомашина қумга ботиб қолади. Йигитлар ҳарчанд уринишмасин автомашинани қумликдан чиқара олмай бошларини чангаллаганча чўлда қолиб кетадилар.

Тонг ёришгач кирдикорлари фош бўлишидан чўчиган «овчи»лар машинага юкланган «ўлжа»ларни қўйиб юборадилар. Бир оз вақт ўтгач ҳамтовоқлар ўртасида келишмовчилик бошланади. Умар автомашинани қумликдан чиқариш учун ёрдам сўраса, Салимжон билан Ботир уларни бу ерга бошлаб калган Рустамни койишга тушиб кетади. Уларнинг бақир чақирларини эшитиб шу ердан ўтиб кетаётган чўпон амаки машинанинг қумга ботиб қолганлигини кўриб уларга ёрдам керак, деб ўйлаб улар томон келади. Уни кўрган учала йигитлар қочиб кетадилар.

Фақатгина Умар автомашинасининг ёнида қолади. Машинанинг давлат рақами ва белгиларини илғаган чўпон амаки бу ердаги ҳолатни кузатиб секингина ортига қайтадида ўзининг қўраси томон боради. Не кўз билан кўрсинки, қўранинг эшиклари очиқ, қўй қўзилар ташқарига чиқиб кетган. Сурувни йиғиб дарҳол санайди. Масала ойдин, 8 бош қўй изсиз йўқолган. Чўпон амаки зудлик билан шу ҳудудда хизмат олиб борадиган профилактика инспекторига хабар беради...

Бу текинтомоқларнинг сўнгги манзили эди. Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув тадбирлари давомида улар томонидан вилоятнинг турли ҳудудларида 21 та мол ўғриликларини содир этилганлиги, нобакорлар фуқароларимизга турли миқдорда зарар етказиб келганликлари аниқланди. «Овчилар» қўлга олиниб, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Қумга ботиб қолган «Дамас» эса жиноят қуроли сифатида мусодара қилинди...

...Салимжон ҳорғин ҳолда уйга кириб келар экан онаси Муборак ая унга пешвоз чиқади.

- Ўғлим зиёратларинг қабул бўлсин!
- Рахмат ойи.
- Ҳали сени сўраб учасковой келганди, унинг ёнига боришингни тайинлади.

Бу хабарни эшитган Салимжон ранги оқариб уйга кирмасдан яна ортига қайтиб чиқади, сўнгра ўзининг шерикларига қўнғироқ қилади. Улар аллақачон ички ишлар идораларига олиб кетилганлигини эшитган Салимжон ҳам ўз айбига иқрор бўлиб шерикларининг ортидан боради.

Бахтиёр Рахматов, капитан

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Зиёратга» чиққан ўғрилар...