15:22 / 14.07.2017
14 673

Юзсизликнинг янги кўриниши: Қайнотаси билан вальс тушаётган келинлар

Юзсизликнинг янги кўриниши: Қайнотаси билан вальс тушаётган келинлар
Ҳар бир ота-она фарзанди улғайгач, унинг бахтини кўришни ният қилади. Фарзандим мен кўрмаган кунларни кўрсин, деб бир кунлик тўйга бор-будини сарфлайди. Аммо ўша дабдабали шодиёнадан сўнг икки ёшнинг турмуши бузилса-чи? Афсуски, бугун ажрашиб кетаётган ёшлар орасида айнан дабдабага ружу қўйганлар кўпчиликни ташкил этади. Келинг, яхшиси, фикрларимизни ушбу мисоллар билан давом эттирсак.

ДАБДАБА «МЕВА»СИ АЖРАЛИШМИ?
— Маҳалламизда ниҳоятда дабдабали тўй бўлди, — дейди Тошкент шаҳридаги Яшнобод тумани «Тонг» маҳалласи маслаҳатчиси Шоҳиста АЛИМОВА. — Очиғи, тўйда қатнашмаган санъаткорнинг ўзи қолмади. Тўй икки ёшнинг бирга тушган суратлари ва «Муҳаббат ҳикояси» намойиши билан бошланиб, то охиригача худди эртаклардагидек шоҳона ўтди. Лекин…

Орадан уч ой ўтар-ўтмас, икки ёш ўртасига совуқчилик тушган. Сабаби, куёв томон дабдабали тўй қилиш оқибатида катта қарзга ботиб қолган. Шу боис қайнона келинга кун бермаган. Уч ой давомида фақат дакки-дашном эшитган келин сабр-бардоши етмай, ҳомиладор бўлишига қарамай, уйига аразлаб кетибди. Ҳозир икки ёш катталарнинг қилган дабдабабозлиги туфайли ажрашиш арафасида.
Маҳалла маслаҳатчисининг айтишича, ёшларни яраштиришга кўп уринишган. Лекин фойдаси бўлмабди. Қайнона «Шу қиз хонадонимга келин бўлиб келди-ю, дастурхонимдан файз-барака ариди», дея туриб олибди.

Энди ўйлаб кўринг: тўйда қилинган дабдаба бахт бера олдими? Муҳаббат тарихию, истироҳат боғларида бирга тушган расмлари бирор корга ярадими? Нега ота-она ва фарзандлар масаланинг бу жиҳатларига эътибор қаратмайди? Балки, муҳаббат ҳикоясининг ёмон томони йўқдир. Бироқ…

Кўпчилик оила қураётганлар бунинг аксини қилади. Севги-муҳаббати тарихини ҳаммага кўз-кўз қилади-да, беш ойга бормасдан «Бу қиз менга ёқмади ёки бу йигитнинг оиласи менга тўғри келмади», деб осонгина ажрашиб кетади. Қолаверса, келин-куёв бир-бирини яқиндан билмасдан туриб, тўйига келган меҳмонларга «Муҳаббат тарихи»ни намо­йиш этиши бизнинг менталитетга тўғри келмайди. Айнан шунга ўхшаш ҳолатлар ёшлар ўртасида ибо-ҳаё, андиша каби юксак фазилатларнинг йўқолиб боришига сабаб бўляпти.

МАСЪУЛИЯТСИЗ ҚИЗ, БЕФАРОСАТ КУЁВ
— Интернет сайтларидаги бир хабарга кўзим тушди: тўйи бўлаётган қиз куёв томон «Лимузин» юбормагани учун тўйни тўхтатибди. Буни қандай изоҳлашни ҳам билмайсан киши. Наҳотки ҳозирги айрим ёшлар шу қадар енгилтак бўлса? Улар бахтни шу бир парча темир билан ўлчаса? Назаримизда, улар оила деган муқаддас тушунчани сира фаҳмламайди. Масъулият ҳисси нима эканини умуман билмайди.
Ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган яна бир воқеа хусусида. Келиннинг маҳалласига иккита юк машинаси келиб тўхтади. Улардан созандаларнинг карнай-сурнай садолари ҳамроҳлигида, тўртта хорижий русумдаги машинада куёвнавкарлар тушиб келди. Тўйхона. Безатилган столларда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Урф-одатга кўра, бошловчи тантанани очиқ деб эълон қилгач, миллий чолғу созларига навбат берилди. Ундан кейин ҳақиқий томоша бошланди. Дастлаб келин-куёвнинг икки ой давомида бирга тушган расмлари намойиш этилди. Суратларда икки ёш бир-бирига ёпишиб турибди.

Фотоальбомдан сўнг «Love story»га нав­бат берилди. Унда машҳур «Тўйлар муборак» фильмидаги эпизодлардан таъсирланган келин-куёв айнан шу йўсинда ўзларича фильм суратга олишган. Табиийки, бош қаҳрамонлар — келин ва куёв. Тўйнинг авжида келин куёвга, куёв келинга, қайнона-келин куёвга бағишлаб, ўзлари ёзган қўшиқни ижро этишди.

Очиғи, тўйни кўриб, жаҳлим чиқди. Айтмоқчиманки, ўзини ҳурмат қилган инсон, аввало, шахсий ҳаётини бошқаларга ошкор қилиб, турли ижтимоий тармоқларда тарқатмайди. Никоҳ тўйи бўлмасдан туриб, икки ёшнинг бир-бирига суйкаланиб тушиши эса шармандаликдан ўзга нарса эмас. Ота-она қаёққа қараяпти? Бу каби тўйларни кўрган ёшлар ҳам шулар кетидан эргашмаслигига ким кафолат беради? Ҳеч ким!
«Ўргимчак тўри»дан дабдабали тўйларни бир излаб кўринг. Тўйида ҳар бир дўстининг табригидан сўнг бўлажак турмуш ўртоғидан ҳамманинг кўз ўнгида бўса олаётган бефаросат куёвдан тортиб, куёвнавкарга ўндан ортиқ кранли юк машинасида келган олифта йигитларгача учратиш мумкин. Бу ҳам майли, лекин айрим куёвларнинг қайнонаси билан, айрим келинларнинг қайнотаси билан вальсга тушаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Бу каби хунук ҳолатлар, минг афсуски, ота-боболаримиз қадрлаган урф-одатларимиз юзига оёқ босиб, маънавиятимизга путур етказмоқда. Шундай экан, бебаҳо маданиятимизга амал қилмасак ҳам, уларни оз бўлса-да ҳурмат қилайлик.
Шуҳрат ҒОЙИМОВ, Тошкент шаҳридаги «Ҳасанбой» жоме масжиди имом-хатиби:— Моддий фаровонлигимиз бизни маънавий тубанликка элтмаслиги зарур. Афсуски, бугун жамиятда катта муаммо тусини олаётган айрим «урф-одатлар» айни ўша моддий фаровонлигимиз орқасидан келиб чиқяпти. Бу маънавий захирамиздан кўра чўнтагимиз олдинроқ тўлганидан дарак беради.

Бугун айтилаётган гапларнинг таъсири анча камайган. Одамларга бир нарсани сўзлагандан шахсий ўрнак кўрсатиб етказган кўпроқ самара беради. Асли шу дабдабани ким қиляпти? Албатта, ўзимиз! Ортиқча исрофгарчиликларни ундай қилиб йўқотиш керак, бундай қилиб олдини олиш керак, деб соатлаб ваъз ўқиш ўрнига, ислоҳни ўзимиздан, ўз оиламиздан бошласак, айни муддао бўларди. Аҳамият берсангиз, тўй дастурхонларимиз қанчалик тўкис бўлса, барака шунчалик камайиб кетади. Нега? Чунки кўра-била туриб, беҳудага исрофга йўл қўйиляпти. Ҳар бир исроф эса катта гуноҳдир.

ХУЛОСА ЎРНИДА…

Ёши катталардан сўрасангиз, аксарияти турмуш ўртоғини чимилдиқда кўрган. Шундай бўлишига қарамай ҳаётнинг оғир дамларида бир-бирига елкадош бўлиб, бахтли яшаб кетган. Ҳозирги ёшларга бу гаплар худди эртакдек туюлади. Арзимаган сабабларни рўкач қилиб, оила номли муқаддас номга доғ тушираётганлар бу жиҳатларга эътибор қаратса, фойдадан холи бўлмайди.

Охирги пайтларда бундай кунлар инсон ҳаётида бир марта бўлади, дея калта ўйлаб, қилинган дабдабабозликнинг охири вой бўлаётганини кўп эшитяпмиз. Ортиқча сарф-харажат, танимаган-билмаган одамларни едириб-ичириб, камига совға-саломлар улашишнинг кимга кераги бор? Дабдабага сарфланадиган пуллар, яхшиси, бирор савобли ишга сарфланса, қандоқ яхши. Ўша ота-она ва ёшлар шу ҳақда мулоҳаза юритса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Қарз-ҳавола эвазига кўз-кўзга қилинган тўйнинг ҳосили эса фақат жабр. Ахир халқимизда «Етти ўлчаб бир кес», «Кўрпага қараб оёқ узат» деган мақоллар бежизга айтилмаган.

Ғолиб МИРЗО

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Юзсизликнинг янги кўриниши: Қайнотаси билан вальс тушаётган келинлар