“Мустақиллик (араб. – тобе ва қарам бўлмаган ҳолат, ихтиёри ўзидалик). Мустақиллик барча жабҳалардаги ҳар қандай камситиш, тобеликни инкор этади, ўзаро ҳурмат, бир-бирини қадрлаш, миллий ва умумбашарий қадриятларга таяниб иш кўриш, кенг дунёқараш ва эркин тафаккур асосида яшаш, фикрлаш, ўз ҳаётини эмин-эркин ўзи ташкил этиш имконияти ва амалиётини билдиради.”
ЭНЦИКЛОПЕДИЯдан.
Бу кунни ҳар бир миллат ўзгача нишонлашга интилади. Истанбулда бутун шаҳар давлат байроғига бурканади, Ҳиндистонда ҳар бир фуқарога шахсан Президент номидан SMS табрикнома юборилади, Индонезияда ўша куни миллий ўйинлар фестивали ўтказилади, Бирлашган Араб Амирлигида мамлакат фуқаролари ўртасида миллат руҳини ифода этадиган расмлар танлови ташкил этилади, Юнонистонда барча кўнгилочар масканлар, савдо марказлари ёпилиб, аксинча тарихдан сўзловчи музейлар очилади, кириш барча учун бепул қилинади ва ҳоказо…
Болалигимда бу сўзнинг маъносини тушунмасдим, мағзига етмасдим. Шундай бўлсада, 1-сентябрь келишини орзиқиб кутардим. Оҳ, ажойиб байрам бўларди-да шаҳарчамизда. Каттаю-кичик бисотидаги энг янги, чиройли кийимини кийиб сайилга чиқар, кимдир болаларига қийма кабоб олиб беряпти, кичкинтойларнинг қўлида эса қизил-сариқ хўрозқанд… Жуда файзли, қувноқ, ноз-неъматга бой манзарадан роҳатланардим, яйрардим. Мана шундай ўтарди байрам, мана шундай энтикиш билан эслайман, хотирлайман Уни!
Мактабга бордим. Дарсларимиз мустақиллик билан бошланиб, мустақиллик билан тугарди. Ўқитувчиларимиз, “мустақиллик – нақадар тотли сўз” эканлигини тушунтиришга уринишарди. Китоб варақлаб, ундаги — “Мустақиллик эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг бош омилидир…” деган сўзларни ўқиб беришарди, ёздиришарди…
Аммо кейинроқ мустақиллик тўғрисидаги фикрларим тўзғиб кетди. Чунки кечагина “Мустақиллик — бу, энг аввало, ҳуқуқ демакдир”, “Инсон манфаати — ҳар нарсадан улуғ”, “Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари — энг олий қадрият” деган баландпарвоз жумлалар билан дарс ўтган устозларим, эртасига “бир юмалаб” эгат оралайдиган мардикорга айланарди. Кўз ўнгимда ўқитувчиларимнинг ҳуқуқлари поймол этиларди. Мустақиллиги оёқости қилинарди. Албатта, мустақил давлатда бепул таълим олиш ҳуқуқига эга биз ўқувчиларнинг ҳам…
Шундан бўлса керак, ёш қалбим билан дарсликлар, китоблар, газеталардаги мустақиллик билан ҳаётдаги, ўзим гувоҳ бўлаётган “мустақиллик” ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини сезиб турардим.
Улғайдим. Университетга кирдим. Айни шу даврда “мустақиллик” деган сўздан безиб қолдим. Тўғрироғи, бездиришди. Қандай қилиб дейсизми? Масалан, сиз меҳмонни нон билан сийламоқчисиз. Ўз-ўзидан аввал ушатиб, кейин узатасиз, тўғрими? Нонни бутунича, мажбурлаб оғзига тиқмайсиз-ку! Аммо, бизда иккинчи йўлни маъқул кўришди, масалан оммавий ахборот воситалари кимнингдир эшаги эгиз туғиб қўйса ҳам буни — “Мустақиллик шарофати, Истиқлол берган неъмат”га йўя бошлади, уялмади! Натижада одамлар нондек азиз неъмат — “Мустақиллик”, “Истиқлол” деган сўзлардан зада бўлди.
(Умуман, бизнинг матбуот сўнгги 20 йилликда шаблонга айланиб қолди. Назаримда, бугунги матбуотнинг луғатидан айрим сўзларни бутунлай олиб ташлаш лозим. Нега ҳануз ҳар учинчи жумламиз “мустақиллик ё истиқлол” деб бошланади? Ахир чорак асрдан ошди мустақил бўлганимизга! Энди етар! Ўзини мустақил яшашга ҳақлиман деган одам, “мен мустақилман” демайди).
Хуллас, ўқишни битирдим. Орзуларим катта эди. Тошкентда қолиб ишлашни, Ватанга, халққа нафи тегадиган журналист бўлишни мақсад қилган эдим. Тақдир экан, насиб этмади. “Прописканг қани?” деб ҳоли-жонимга қўйишмади, ҳар қадамда мени жиноятчидек турткилашлари, ўз Ватанимда, ўз тупроғимда эмин-эркин юрганим учун жарима солишлари оғир ботди. Хўрлигим келди. Қани энди газетаю телевидениеда айтилган баландпарвоз гапларнинг исботи? Нега энди менга “ҳур Ватанимда эркин яшаш” имконини беришмайди?
Йўқ, юқоридаги мулоҳазалар — мустақилликни ёмон кўрганимдан эмас. Аксинча, ҳозир ҳам совет даврини қўмсайдиган манқуртларни жиним суймайди. Ҳозир ҳам халқаро майдонларда, илм-фан, спорт, санъат кечаларида мустақил Ўзбекистон шарафини муносиб қилаётган ёшлар, истеъдодли фарзандларимизнинг ютуқларидан йиғлагудек қувонаман. Ич-ичимдан ғурурланаман.
Фақат бир нарсани, мен ёки мен бўлмасам фарзандларим — “Мустақиллик эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг бош омилидир” деган тамойил Мустақил Ватанимизда ҳақиқатда қоидага айланган, улуғланган жамиятда яшашимизни истайман, холос.
Барчангизга Мустақилликнинг 26 йиллиги муборак бўлсин, азиз юртдошлар!
Манба: Fayzbog.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади