18:30 / 16.12.2017
6 292

Ўрис келиннинг зуғуми...

Ўрис келиннинг зуғуми...
Ҳавонинг авзойи энди айний бошлаган кунлари қишлоқда гап тарқалди. «Мамаражабнинг ўғли Тошкандан Анжелика олиб келяпти экан. Невестаси эмиш… Анжелика дегани исм экан, невеста дегани келин дегани экан».
Эшитганлар эшитмаганларга етказди, билганлар билмаганларнинг қулоғига шивирлади. Бутун қишлоқнинг кўзи битта нуқтага — муюлишга қаратилди. Раҳматли Мамаражабнинг уйи олдидаги тупроқ йўлга — Анжелика келадиган йўлга.
Мамарайим Анжеликани трактор ботиб кетадиган ўйдим-чуқур йўллардан қоп қора «BМW» билан олиб келди. Қишлоқнинг бошидан тизилиб олган болакайларни, дўконча олдида йиғилиб турган бир неча қишлоқдошларини, онда-сонда поя, сомон боғлами ушлаб, уйларнинг томида, ҳатто деразасидан мўралаб турган аёлларни кўриб, Мамарайим уятли бўлди. Дарвозаларига етганида қилган иши оғирлигини ҳис этди. Машинадан тушолмай, бир пас ўтирди…
* * *
Муҳаммадга ўхшаган исмлар тақиқлангани учун унга ҳужжат ёзаётган аёл қисқартириб, Муҳаммад Ражабни Мамаражаб дея ёзиб берганди. Мамаражаб қишлоқнинг ори эди, номуси эди. У бор вақтда қишлоқ тинч, ҳамма адолатли, ҳаммаёқ осуда эди. Мамаражаб қаерда адолатсизлик бўлса, ўша ерда пайдо бўлиб, ҳақиқатни қарор топтирадиган одам эди-да ўзиям.
У пайтлари ҳаммаёқда қайта қуриш авж олган бўлишига қарамай, Шолчали қишлоғининг товонига ҳам етиб келмаганди. Шолчалини қайта қуриб бўлганди Мамаражаб. Колхозга садрлик қилиб юрганида ҳукумат билан муштга-мушт уриб, икки йил «ичкари»да ҳам бўлиб келганди. Қари-ёш, касал-соғ ҳамма аёлни, уйида бошқа боқувчиси йўқ ягона эркакларни ҳам ёппасига пахтага олиб чиқишаётганида бирда куйиб, бирда талқон сўриб юрган Мамаражаб «Болалар ҳам мактабдан олинсин, пахтага чиқишсин»» деб буйруқ чиққанида қуюшқондан чиқди, буйруқни олиб келганнинг жағини синдирди.
Айтишларича, қишлоқ аҳли «Бутун совет давлатини ҳимоя қилган», деб эъзозлаб юрадиган уруш қатнашчиси Иброҳим отанинг шахсан ўзи Мамаражабни ўзидан устун қўяркан.
«У фашистлар билан урушмаса-да, бутун қишлоқни асрайди, ҳимоя қилади», деган эмиш…
Мамаражаб фақат битта бола кўрди. Мамарайимнинг ака-укаси, опа-синглиси бўлмади. Мамарайимни Ризвонгулнинг қўлига тутқазганча бева қолдириб кетди Мамаражаб.
Бевалик қийин экан-у, аммо кулфат эмас экан. Кулфати кейин келди. Қаерга борса, аёл боши билан изиллади Ризвонгул эна. Қаерга борса, унинг оналигини унутишар, аёллигини эслашарди айрим эркаклар. Не-не қийинчиликларга, изтиробларга дош бермади. Ягона суянчи, таянчи, илинжию умиди ёлғизгина боласидан эди. Фарзандини деб яшарди, холос. «Яшашга умид беради», деб ўй қиларди Ризвонгул эна.
Умид бермади Мамарайим, азоб берди.
Суянч бўлмади Мамарайим, бошга битган бало бўлди.
Бўладиган бола бошидан маълум эди-ю, аммо Мамарайим бўлмайдиган бола ҳам бошидан маълум бўлишини кўрсатиб қўйди. Ўзига хон, ўзига бек бўлди. Одамларнинг «Етим-ку, кўнглини ўкситманглар», деган гапини бошқача тушунди. Истаганини қилиб, истамаганини қилдириб катта бўлди.
Ризвонгул эна уни яккаю ягона ўғлим, деб азбаройи ялаб-юлқарди. Ўзи берса, бермаганида тортиб олсанг, индамаса, кимга ёқмайди? Айниқса, қайси томонга буксанг, эгилиб кетаверадиган ёшда-я?
Ҳали мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ ичишни, чекишни бошлади.
Оч қолишганида нон берган, қаҳратонда муздек уйида музлаб қолган пайтларида уйидан жой берган қўни-қўшниларни, ота қишлоғини, она юртини ташлаб кетди Мамарайим. Тўрт йил мобайнида тўрт марта қўнғироқ қилишга яради онасига. Биров Мамарайим деса танимай турган одам «Мамарайим интелгент» деса, шартта танийдиган бўлди. Ўқишини тугатиб қайт­гач эса «Қишлоғимизнинг ягона довруғи. Бизнинг олимимиз, бизнинг фахримиз», дея кўксини кериб, кутиб олгани йўлда тизилиб турган қишлоқдошларининг юзини ерга қаратди. Икки кун ўтар-ўтмай, қишлоқ ҳаётини хушламаслигини, фикри тор доира билан келиша олмаслигини айтиб, пойтахтга жўнади. Учинчи марта қолаверди Ризвонгул эна йиғлаб-бўзлаб.
«Ёнингда ўламан, она, йиғлама, қайтиб бораман бир куни, барибир, инжима», дерди Мамарайим онасига ҳар гал телефонда.
Аммо бир куни одатдагидан бошқачароқ тутди ўзини. Одатдагидан бошқачароқ бўлди гаплари ҳам.
«Сенга келин олиб боряпман, она, фақат ўрис, тўғри тушунасан энди, ўртамизда любовь бор, ўртамизда запчаст бор, шундай бўлиб қолди-да энди», деди ўша куни.
«Ўртамизда запчаст бор дегани», бола бор, дегани экан. Мамарайим бўлиб келган жойларда шунақа аталса керак», деб ўйлади умри бино бўлиб қишлоқдан икки чақирим нарини кўрмаган Ризвонгул эна. Келинни «Любовник» дейдиган томонларда бола шунақа дейилса керак, деб ўйлади сўзи ўзидан содда Ризвонгул эна. Аммо элдан истиҳола қилди. Товушини ичига ютиб, қўни-қўшни, қариндош-уруғга ҳеч нарса демади.
Тўй тугул ҳеч қандай удум бўлмади. Ташқарида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. На кимдир бу уйга меҳмонга айтди, на кимдир эшик олдини супурди. Таш­қари ўша-ўша эди. Аммо ичкари дарз кетди. «Ишни чала қилдинг, овқатни кам қилибсан», деб келинидан норизо бўладиган қайноналарга ҳавас қиладиган бўлиб қолди Ризвонгул эна.
Этагини қучоқламагунча ўтиролмайдиган, ўтиргудек бўлса, оёқлари ҳу-ув тепагача кўринадиган калта кўйлак киядиган қизларни туш кўрадиган бўлиб қолди қишлоқ болалари. Кўзига қараёлмай, қараганида ҳам «Сени севаман», деб айта олмай, ҳаяжондан қалтираб турадиган йигитлар яхши кўрган қизларига «Я тебя люблю», дейдиган бўлди. Том Круз, Шоҳруххонларга тақлид қилмай қўйди болалар. Бошқа қаҳрамонлар пайдо бўлди улар учун. Сардорлар Степан, Сарварлар Саша, Воситлар Вася, Алишерлар Алёша бўлди.
Ҳар нарсадан изиллайдиган, оғир-оғир нафас оладиган, оёқ учида ухлайдиган бўлиб қолди Ризвонгул эна. Элу юртга қўшилолмай қолди. Қўшилганидаям бошини кўтариб ўтиролмайдиган бўлиб қолди давраларда. Уйидаги муҳит-ку тубдан ўзгарди. Ўзи нимани пешонасига суртиб, қадрлаб юрган бўлса, шуларни «мусор» дея ирғитди Анжелика. Нуқул эски буюмлар ёки Ризвонгул энага кўзи тушган маҳал:
— Мен бу ерда ақлдан озиб қолсам керак, — дерди.
Ҳар буюм ташлаб юборилганда жони бир узиларди Ризвонгул энанинг. Мамарайимдан эса умид йўқ. Нуқул иккала қўлини кўтариб, нарига кетади. Ахийри ёрилди бир куни:
— Хўп дея қол, она. Ахир вақтинча-ку, бир умр эмас-ку. Қўй, бемалол яйраб-яшнаб яшасин.
— Вақтинча деганинг нимаси, болам?
Мамарайим чуқур уҳ тортиб, тўнғиллади:
— Кетамиз, деяпти. Бу ерлар унинг таъбига ўтирмабди. Яқинда шаҳарга қайтамиз.
— Нега кетасан, болам? — йиғлоқилиги тутди рўмолини ғижимлаётган Ризвонгул энанинг.
— Э-эй, сен ҳечам хавотир олма, сени ҳам олиб кетамиз.
Бир ой шу алфозда ўтди. Уй буткул ўзгариб кетди. Мамаражабнинг исидан, ўтмишнинг хаёлидан, бахтдан эса қиринди ҳам қолмади ҳовлида. «Тановордан зўри йўқ», деб юрадиган Ризвонгул эна ҳар куни «Не бойся», «Не ругай меня, мама», деган ашулаларни эшитиб, ўксинадиган бўлди.
Момиққина пахтага тўла болишларда Анжелика ётди. Ризвонгул энанинг ётгани «ғичир-ғичир»и уйқу бермайдиган тахта каравот бўлди. «Сан ич»ми, «Сендвич»ми, «Патта»ми, «Пицца»ми бўлди Анжеликанинг егани. Ризвонгул эна эса увол қилмаслик учун қотган буханкани охиригача ея олмаслиги инобатга олиниб, тежаб-тергалган ярим коса маставага ботириб ейиш бўлди.
Ғам адо қилди Ризвонгул энани, дард адо қилди.
Ўғли, келини, набираси бор уйда ўзини ёлғиз ҳис эта бошлади.
Кўзлари тўрт бўлиб кутган ўғли Мамарайим ҳамон йўқдек, ҳамон келмагандек эди. Ҳайҳотдек ҳовлисида ўзига ажратиб берилган бурчакдаги хонанинг деразасидан «Қачондир бир куни болажоним кириб келар», дея кўзлари маҳтал бўлиб ўтирадиган бўлди. Тақдирини қар­ғайдиган бўлиб қолди. Бола деса, сарғаядиган бўлиб қолди. Кундузи оғринадиган, кечаси тўлғанадиган бўлди.
Шолчалида дув-дув гап-у, аммо у дунёдан бехабар эди.
— Эҳ, беоқибат бола-я, — кўксига муштларди бир қўшниси. — Биз билмасак экан, нега келганини.
— Нега экан? — ажабланиб сўрайди шериги гарчи ўзи ҳам сезиб турган бўлишига қарамай.
— Нега бўларди, ҳовли керак бўлса керак-да. Сотиб юборади ҳали, мана кўрасизлар…
Ҳамманинг гапи шу қабилида эди. Кўпнинг гапи ҳақ деганлари чин экан. Улар ҳақ бўлиб чиқди.
Шундай кунларнинг бирида айвончадан бақир-чақир эшитилди. Келинининг йиғлаётганини, ўғлининг ўшқираётганини билгач, инқиллаб-синқиллаб деразасидан қаради айвон томонга. Келини нима деяётганини тушунмади. Фақат томоғига кафтини қўйиб бақираётганидан билдики, у «Тўйиб кетдим, ҳиқилдоғимга келди», деяпти. Ана, Мамарайим ҳам алланималарни тушунтириш билан банд хотинининг тилида. Эр-хотин узоқ тортишишди. Уларнинг жанжалига чек қўйишни, уришмаслигини истаётган Ризвонгул эна анча пайт чақирди боласини, аммо эшитмади. Ахийри қўлига қошиқни олиб, иситкич трубасини тақиллата бошлади. Шундагина Мамарайим худди ҳеч нарса бўлмагандек, салом бериб, онасининг олдига кириб келди.
Она-бола эрталабгача суҳбатлашишди. Мамарайим шундаям кўндира олмади Ризвонгул энани шаҳарга кўчиб кетишга.
— Отангнинг чироғи ўчмасин, болам, мен ёқиб ўтираман, — дея битта гапдан қолмади.
Чарчаб, ухлаб қолди Мамарайим. Эртасига эса кеча бўлиб ўтган она-бола суҳбатидан хабар топган, шекилли, Анжелика кириб келди. Бармоғини бигиз қилиб, қайнонасига энгашди.
— Ҳой, мамул, сизда гапим бор, диққат билан эшитинг, — деди қурмағур ўзбек тилида. — Ё шаҳарга кетамиз, ё…
— Ё нима болам?! — кўзларини жавдиратиб, бурчакка янаям тиқилди қалт-қалт титраётган Ризвонгул эна.
— Болангизни яхши кўрасизми? Ундан айрилиб қолсангиз нима қиласиз?
Ризвонгул эна худди Азроилни кўргандек ранг-рўйи ўчиб, докадек оқарди.
— Худо а-асрасин, б-болам, — деди овози қалтираб. — Унақа деманг, Худо хайрингизни берсин.
— Ҳа, ўлманг, мамул. Энди униям ўйлаб кўринг. Боласидан айрилса, нима қилади? Хуллас, гап шу, — Анжелика қаддини кўтариб, қўлларини белига қўйди. — Ё шаҳарга кетасиз биз билан, ё мен болангизни ташлаб кетаман. Уни ўз ўғлидан жудо қиламан…
Юм-юм йиғлаб қолаверди Ризвонгул эна. Энтикиб, букчайиб қолаверди. Полни муштлаб-муштлаб йиғлайверди. Бироқ…
Бироқ ўғли келганида кўз ёшларини ичига ютиб, ҳатто сал-пал жилмайиб, «Мен ҳам сен билан шаҳарга кетаман», деди.
* * *
— Сизни яхши-яхши дўхтирларга кўрсатаман, — деди Мамарайим.
Ҳатто санаторий билан келишиб ҳам келган экан. «Фақат мана буларга қўл қўйсангиз бўлди», деди онасига. Қўл қўйдими, хол қўйдими, билмай қолди Ризвонгул эна. Аслида, нимага қўл қўйганини ҳам билгани йўқ. Санаторияда жами олти кунгина даволанди. Шунисигаям хурсанд бўлиб, ҳаммага мақтаниб юрди Ризвонгул эна. Кейин таътил тугаб, ўғли яна ишга қайтадиган бўлди. Иши ёмон экан. Иши ёмон эмас-у, услуби ёмон экан. Бир кун уйда бўлса, бир ҳафта сафарда, бир ҳафта уйда бўлса, бир ой сафарда бўларкан. Қишлоқнинг қадрига етди Ризвонгул эна келинининг уйида. Қишлоқ одамларининг қадрига етди Ризвонгул эна келининикида. Ҳар куни уришадиган, гап қайтарса, оч қолдирадиган, турткилагани-турткилаган бўлди Анжелика. Ризвонгул эна ўғли келганида миқ этолмасди. Келинининг таҳдидини ўйларди. Эри йўқлигида турли эркаклар билан телефонда қиқирлашадиган, ясан-тусан қилиб, учрашувга чиқиб кетадиган бўлди Анжелика. Ҳар гал ҳар хил йигитлар машинада олиб кетиб, машинада олиб келадиган бўлишди Анжеликани. Ризвонгул эна ўғли келганида миқ этолмасди. Келинининг таҳдидини ўйларди. Агар ўзига нолигудек бўлса, «Яна миқ этсангиз, уриб ўлдираман»» деб дўқ қиладиган бўлди Анжелика.
Аммо урмасдан ҳам ўлдирса бўларкан…
Замоннинг зайли экан, олдинлари қирқ йилда кўринарди қинғир ишнинг бети. Бу гал кўп куттирмади. Маҳалла-кўйда болалаб кетган гап-сўзларни эшитган Мамарайим кела солиб хотинидан жазманлари ҳақида суриштирди. Ёқасидан олди. Аммо Анжелика тушмагур ҳам анойилардан эмас экан. Ўзини роса ҳимоя қилди. Айтдики, улар шунчаки дўстлари, уларнинг маданияти, уларнинг менталитетида дўстлар билан ўпишиб ёки қучоқлашиб кўришиш фожиа саналмас экан. «Ёқсам шу, бўлмаса катта кўча!» деди Анжелика.
Мамарайим анграйиб қолди. Аммо сал ўтмай катта хатони қилганини тушунди. Ваҳоланки, шаҳардан уй олиш учун қишлоқдаги ота ҳовлисини сотганини, энди борадиган бошқа жойи йўқлигини, сабаби шаҳарда доимий рўйхатдан ўтиш учун ҳозир ўзлари яшаб турган уйини хотинининг номига олганини илкис англаб етди. Бир инграб, бир бўкирди-ю, бошини чангаллаганча деворга суяниб қолди.
Ўша оқшом уларнинг гапларини эшитиб ётган шўрлик онаизорнинг касалманд юраги, нозик жуссаси шунча дарду, шунча изтиробни кўтара олмади. Ўғлини узундан-узун дуо қилганча саҳаргача мижжа қоқмади. Саҳарга қараб кўзи илинди-ю, ёшлари қотиб қолган бу кўзлар бошқа очилмади.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўрис келиннинг зуғуми...