Олий Мажлис Қонунчилик палатасида халқимизнинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳалари депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилмоқда.
Ана шулардан бири қуйи палатага Президентимиз томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасидир. Айни пайтда ушбу ҳужжат қизғин муҳокамалардан сўнг, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мазкур қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги Фармони асос бўлди.
Бинобарин, Фармонда қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, текшириш ҳамда баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлиги, ушбу ҳолатлар фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани, натижада аҳолининг ҳақли эътирозига, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва суднинг беғаразлигига бўлган ишончи пасайишига олиб келаётгани таъкидланган эди.
Қонун лойиҳаси Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Чунки ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши билан далилларни сохталаштирганлик (қалбакилаштирганлик) учун жиноий жавобгарлик белгиланади. Ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.
Қонунга хилоф усуллар орқали олинган далиллардан, шу жумладан, жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёхуд бошқача тарзда босим ўтказиш, қийноққа солиш, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда ҳамда номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланиш қатъиян тақиқланади.
Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади ҳамда далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокурор ёки суд томонидан зудлик билан зарур экспертизаларни ўтказган ҳолда мажбурий текширилади.
Ушланган шахсларнинг қамоққа олиш тарзидаги сиртдан қабул қилинган эҳтиёт чораси устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқлари, шунингдек, ҳимоячиларнинг далилларни тўплаш ва тақдим этишга бўлган ҳуқуқларининг кенгайтирилиши яна бир муҳим янгилик ҳисобланади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов экспериментини видеоёзув тарзида мажбурий қайд этиш, шунингдек, суд муҳокамаси жараёнида стенография юритиш мажбурийлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, прокурор томонидан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки маъмурий қамоққа олинган шахслардан жиноятлар тўғрисида олинган аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни дарҳол рўйхатга олиш ва ҳал қилишда жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишининг шартлигини белгилаш назарда тутилган.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши жиноят, жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини янада такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Шерзод ТЎХТАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.
Манба: xs.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи