17:12 / 09.03.2018
7 732

Парижни лол қолдирган бахши

Парижни лол қолдирган бахши
Қадимий анъаналаримиз, унутилмас қадриятларимиз, ота-боболаримизнинг ижод маҳсулларини ўзида жамлаган достонларни ўрганиш ва бахшиликни давом эттириш келажак авлодни Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, дўстга садоқат, мард ва оқил қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Бахшиликнинг яна бир жозибаси шундаки, у фақат жонли ижро қилинади. У кўзбўямачиликлардан йироқ бўлган соф ижод маҳсулидир.

Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Сурхондарё вилоятидаги «Амударё» болалар соғломлаштириш оромгоҳида бахшилар мактаби ўз фаолиятини бошлади. Бу ерда ўқувчиларга Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Илҳом Норов, Шодмон Эгамбердиев каби таниқли бахшилар сабоқ бермоқда, деб ёзади ЎзА.

«Алпомиш» достонининг янги, сурхондарёча вариантини яратишни ният қилган Шоберди Болтаев шу кунга қадар «Малла савдогар», «Сулувхон», «Авазхон», «Ойпарча», «Чўпон чертиш», «Охувон» сингари 25 дан ортиқ достон ва термаларни куйлади. У «Ўзбекистон халқ бахшиси» фахрий унвонига биринчилардан бўлиб сазовор бўлган. Беш қиз, икки ўғилни тарбиялаб вояга етказган, 30 дан ортиқ шогирднинг севимли устози. Кўплаб миллий ва халқаро фестиваллар, анжуманларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган. Етти ёшидан достонлардан парча ёдлаб, дўмбира чертиб ижод қила бошлаган бахшиларимиздан.

– Бойсун туманидаги Кофирун қишлоғида катта бўлганман, – дейди Шоберди бахши. – Мактабда 4 соатлик дарснинг охирида уйга қараб қочардим. Сабаби отам ишдан келгунча дўмбирасини чертиб қолиш эди. Бир куни отам ишдан қайтгач, дўмбиранинг жойида йўқлигини кўрди-да, «ким тегинди», деб бақирди. Шунда энам "беш улингиз бор, биттаси чиқсин-да сизга ўхшаб", деди. Шу-шу менинг жоним ҳам, қоним ҳам, ҳаёт-мамотим ҳам шу бахшилик бўлиб келяпти. Отамнинг тоғалари, отам, мен, эндиликда тўртинчи авлод бўлиб ўғлим Рўзиқул ҳам бизнинг йўлимиздан кетяпти.

Мамлакатимизда асосан Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида бахшилик ривожланган. Хусусан, Сурхон воҳасида элликка яқин бахши ижод қилмоқда. Қадимий қишлоқларнинг тўю тантаналари, Наврўз, ҳайит байрамлари ҳали-ҳануз лапар, бахши, кўпкариларсиз ўтмайди. Истиқлол йилларида бахшиликка юксак эътибор бу санъатнинг ихлосмандлари учун айни муддао бўлди.

– Шунчалар бахтли инсон эканманки, икки Президентимиз билан учрашиш насиб қилди, – дейди Шоберди бахши. – 1999 йил 25 декабрда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Сурхондарёга ташриф буюрди. Сайловолди учрашув эди. "Ислом Абдуғаниевич, ташрифингизни эшитиб, дўмбирам билан етиб келдим, рухсат берсангиз, тўртта терма айтиб берсам", дедим.

Яхши отни қанча чопсанг ҳоримас,
Ватан ичра Соҳибқирон қаримас,
Сиз томонда – ал-Бухорий, Аҳмад Яссавий,
Биз томонда – Сўфи Оллоёр, ат-Термизий.

Буни эшитиб, залдагилар қарсак чалиб юборди. Шунда Биринчи Президентимиз «қурувчи унвони бор, шифокор унвони бор, хизмат кўрсатган артист унвони бор, нимага халқ бахшиси унвони йўқ» деди. Кейин бирданига унвон таъсис этиш хусусида таклиф киритди. 2000 йил 14 март куни “Ўзбекистон халқ бахшиси” фахрий унвони таъсис этилиб, бирданига 3 кишига топширилди.

Худога шукрки, Президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам кўришиш бахти менга насиб қилди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 19-20 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Амударё соҳилидаги мактабимизга келди. Анча вақт бахшилик ҳақида суҳбатлашдик. Шавкат Миромонович бахшиликнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида сўзлаб, бу санъатнинг қадрига етиб, уни ривожлантириб, шогирдларни кўпроқ тайёрлаш кераклигини таъкидлади. Бахшиликни "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали номинациясига қўшиш кераклигини айтди.

Президентимиз бахшилар мактабига асос солди. 125 ўринга мўлжалланган бу муассасага ўқувчилар 2-синфдан қабул қилинади.

– Бугун хориж ёшлари ҳам ўқиб-ўргана бошлаган миллий санъатимизни ўзимиз яхши билмасак, ким деган одам бўламиз, – дейди Шоберди ака. – Ижодий фаолиятим орқасидан кўп давлатларда бўлдим. Айниқса, 1998 йилда рўй берган бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қирғиз, қозоқ, туркман бахшилари билан бирга Парижга бордик. Шунда Суратбек исмли эронлик мухлис менга қараб, «Ҳамин концерта ту мегузарони, баҳад туба як падарка ҳаст» ("Ўзингиз бош бўлсангиз") деди. "Хўп" дедим. Иштирокчиларга бирма-бир навбат бериб, дастурни олиб бора бошладим. Париж аҳли бизни жуда яхши қабул қилди. Навбат ўзимга келганда дўмбирамни қўлга олиб:

"Дарёдайин тошиб келдим,
Илҳом олиб, жўшиб келдим,
Етти товдан ошиб келдим,
Еллар каби жўшиб келдим", дея куйлай бошладим.

Залдагилардан савол тушди: французчами, немисчами, бирон сўз айтишим керак экан. 1956 йил дарслигидаги немисча бир шеърни айтиб бердим. Шеърнинг маъноси – «Ўз она Ватанимни кўз қорачиғидек асрайман, жойи келса, ҳам қонимни, ҳам жонимни беришга тайёрман». Зални «Бонжур», «О-кей» деган ҳайқириқлар тутиб кетди. Шундан кейин олимлар немис дарсликларига достонларимиз ҳақида маълумот киритди. Улар ўзбек халқ оғзаки ижодини ўқиб-ўрганяпти.

Ёшларимизни миллий кадриятларимиз, азалий одатларимиз руҳида тарбиялаш лозим. Уларни достонлар, мақом ва лапарларни тинглашга ўргатиш керак. Шундагина Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан ҳамда Ислом шоир Назар ўғли сингари халқимиз эъзозлайдиган янги бахшилар етишиб чиқади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Парижни лол қолдирган бахши