08:30 / 18.04.2018
3 055

Мажбурий меҳнатга қачон чек қўйилади ёхуд Ватан обрўси кимни қизиқтиради?

Мажбурий меҳнатга қачон чек қўйилади ёхуд Ватан обрўси кимни қизиқтиради?
Ўзбекистон мустақил давлат бўлдики, мажбурий меҳнат муаммоси ҳамон долзарблигича қолмоқда. Мамлакатимиз президенти ва ҳукумат вакиллари чет эл инвестициялари ва инновациялар ҳақида кўп гапиришади. Ҳаттоки халқаро муаммолар, жумладан Афғонистон муаммоси ҳам аста-секинлик билан ҳал қилинмоқда. Аммо мажбурий меҳнатчи?

Жаҳонда рейтинг деган тушунча бор. Ўзбекистон яна «мажбурий меҳнат кенг қўлланилаётган» давлатлар қаторида тураверса, инвестиция қаердан келади? Туристларчи? Наҳотки, XXI асрда биз ушбу муаммони ҳал эта олмаймиз?

Биринчи ва асосий муаммо обрўда. Бизга турист, инвестиция ва ривожланиш керак, аммо «Ўзбекистон» деган сўзни бир интернетда инглиз тилида излаб кўринг. Биринчи натижа доимгидек «Wikipedia» сайтида. Сайтга киргандан сўнг, «Инсон ҳуқуқлари» деган қаторга келинг. Жумлаларни ўқинг, «Uzbekistan also maintains the world's second-highest rate of modern slavery, 3.97% of the country's population working as modern slaves. In real terms, this means that there are 1.2 million modern slaves in Uzbekistan». Таржима, «Ўзбекистон замонавий қуллик бўйича жаҳондаги иккинчи ўринни эгаллайди, мамлакат аҳолисининг 3.97 фоизи замонавий қул сифатида фаолият юритади. Бу дегани ҳақиқий вақтда Ўзбекистонда 1.2 миллион замонавий қул мавжуд». Яхшилаб ўқидингизми? Ўзбекистонда 1.2 миллион замонавий қул мавжуд. Бу масала билан курашса бўлади, яъни «Wikipedia» маъмуриятига хат ёзиб, ёки турли йўллар билан ўзимизни оқлаб. Тўғри, Ўзбекистонда умуман қуллик мавжуд эмас, аммо муаммо мажбурий меҳнатда. Минг ўзимизни оқламайлик, минг ўзимизни зўр кўрсатмайлик, аммо бир жойда пахта терими вақтида талаба вафот этса, ёки кўчани тозалаётган ўқитувчи вафот этса, барча қилган яхшилик ва ҳаракатлар, қўпол қилиб айтганда, бефойда бўлиб тураверади.

Жаҳон Меҳнат Ташкилотининг расмий сайтида жорий йилнинг 13 февралида яна Ўзбекистон хақида янги мақола чиқди. Пахта теримларида болалар меҳнатига чек қўйилди, деб таъкидланмоқда вебсайтда, аммо мажбурий меҳнат тизимли равишда кузатилмоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Жаҳон Меҳнат Ташкилоти айтган фикр Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг барча органларига, деярли ҳамма халқаро ташкилотларга, Жаҳон Банки, ривожланган давлатларнинг ҳукумати вакилларига ва халқаро молия институтларнинг барчаларига етиб боради. Бу «занжир реакцияси» дейилади. Улар эса ушбу фикрлар ва маълумотлар асосида кейинги қадамни ўлчаб ва ўйлаб босишади. Бу эса Ўзбекистонга инвестиция ва туристлар кириб келишига салбий таъсир кўрсатади.

Иккинчи муаммо тушунмовчиликда. Афсуски, ҳукуматнинг баъзи вакилларида, айниқса вилоят ва туманларда, бир фикр пайдо бўлган – «бюджетдан ойлик оляптими, ишлайдида!». Кечирасиз, у иш ҳақини ўқитувчилик ва шифокорлик қилаётгани учун оляпти ва керакли солиқни ҳам тўлаб бермоқда. Ўқитувчи ёки шифокор пенсияга чиққанида, унга «кўча тозалагани ва пахта тергани учун» 20 йиллик стаж ёки +50% пенсия миқдори қўшилмайдику? Шунинг учун ҳам тарозининг икки палласини тенг ушлаш керак. Чет элда, айниқса Европа ва АҚШда, «менежмент» ибораси ўта ривожланган. Менежмент бу қобилиятли ва профессионал бошқарувдир. Бошқарувни зўрлаб қўйинг, одамлар ўз соҳасида мазза қилиб ишласин. Оддий бир нарсани, айниқса вилоят ва туман давлат вакиллари, яхши тушиниб олишлари керак. Сизнинг обрўингиз бу бутун бир давлат обрўсидир. Сизнинг хато туфайли кўп миллионлик аҳоли азият чекмаслиги керак. Коммунал ва йўл хизмати ходимларининг маошини вақтида бериб, озгина ошириб қўйинг, улар ўзи ўша жойни тозалаб беради. Пахта пулини ҳам ўз вақтида тўлаб қўйинг, маҳаллий аҳоли керак бўлса, ғўзапояси билан тозалаб беради.

Шу ўринда бир фикрни келтирайлик. Масалан, кўчада 3-4 йигит муштлашиб, бири иккинчисини пичоқлаб қўйса, бунга уларнинг ўзи айбдор бўлиб чиқади. Улар кўчада эди, ота-онаси қаерга қараётган эди ва ҳоказо. Ёки бир аёл уйининг олдидаги кўчани тозалаётганида, ўша кўчадан ўтаётган машинанинг тормози ишламай қолди ва аёл автоҳалокат натижасида вафот этди. Айб ҳайдовчида, тегишли чоралар кўрилди.

Энди пахта тераётган вақтда ёки коллежда икки талаба бир-бирини пичоқласа, айб қисман давлатда ҳам бўлади. Коллежда директор, унинг ўринбосарлари, қолаверса масъул ўқитувчилар бор. Улар нимага тегишли чора кўрмади, нега профилактика қилинмаган? Нега директор эрталабки соат еттидан кечки соат бешгача коллежда ўтирадию, болалар эса бир-бирини пичоқлайди? Юқоридаги «занжир реакцияси» шу ерда ҳам мавжуд. Коллеж-вилоят бошқармаси-вазирлик-Вазирлар Маҳкамаси-давлат. Ўзининг кўчасини тозалаётган аёл автоҳалокат натижасида вафот этса, тақдир деймиз. Аммо маҳаллий ҳокимият вакиллари уни мажбурий равишда кўчани тозалагани жалб этиб, у вафот этса, бунда яна давлатнинг қисман айби бўлади. Балки ўша аёл кўчани тозаламаганда, вафот этмасмиди... Қайси қонуний асосда у ўқитувчи бўлиб туриб, кўчани тозалаши керак?

Ушбу масала суғурта тизимида ҳам мавжуд. Масалан, бир йигит ўз уйида зинапоядан йиқилиб тушса, айб ўзида бўлади, аммо ушбу ҳолат иш жойида рўй берса, корхона айбдор бўлиб чиқади. Сабаби, корхонадаги барча техник ва хавфсизлик чораларига корхона маъмурияти масъул. Улар тегишли қоидаларга талаб даражасида ёндашишмади ва натижада маъмурият жабр кўрган шахсга минглаб доллар миқдорида компенсанция тўлайди.

Юқорида айтилгандек, Жаҳон Меҳнат Ташкилотининг расмий сайтида жорий йилнинг 13 февралида Ўзбекистон ҳақида янги мақола чиқди. Эътибор беринг, ушбу халқаро ташкилотнинг мақоласида президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги нутқлари келтирилмоқда. Мақолада таъкидланишича, Президент мажбурий меҳнатни йўқ қилиш масъулиятини ўз зиммасига олган. Хўш, президент обрўли халқаро ташкилот олдида шундай бир масъулиятни ўз зиммасига олсаю, маҳаллий ҳокимият вакиллари ўқитувчи ва шифокорларни кўча тозалагани, дарахт оқлагани, гул эккани, пахта тергани ва бошқа ишларга жалб этаверса? Наҳотки, туман ва вилоят ҳокимият вакиллари президентимиз сўзлаётган нутқлари ва қилаётган ишларидан бехабар бўлишса? Ишонинг, муаммога, яъни мажбурий меҳнатга батамом чек қўйилмас экан, ушбу масала 2027, 2037 ва керак бўлса 2118 йилда ҳам кўтарилаверади..

Хулоса ўрнида Александр фон Гумбольдт гапларини келтиришга қарор қилдик - «Энг хавфли дунёқараш, бу дунёни кўрмаган инсонникидир».
Улуғбек Акбаров

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мажбурий меҳнатга қачон чек қўйилади ёхуд Ватан обрўси кимни қизиқтиради?