date

2030-йилгача пенсия олувчилар сони қанчага етиши аниқланди

2030-йилгача пенсия олувчилар сони қанчага етиши аниқланди
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026-йил учун Бюджетномасига кўра, Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 2030-йилгача инфляциядан юқори миқдорда ошириб борилади. Ушбу ёндашув аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган.

Ҳужжатда давлат пенсия тизимида ислоҳотлар кутилаётгани ва Пенсия жамғармасини давлат маблағи билан молиялаштириш ҳажми босқичма-босқич камайтирилиши режалаштирилган. 2026-йил бошига жамғарма қолдиғи 3,9 трлн сўм, даромадлари 64,7 трлн сўм, харажатлари эса 86,1 трлн сўм бўлиши прогноз қилинган.

Шунга кўра, келаси йил бюджетдан 23 трлн сўмлик трансферт ажратилиши мўлжалланмоқда. 2027-йилда бу рақам 20 трлн сўмга, 2028-йилда эса 18 трлн сўмга тушиши кутилмоқда. Бу орада жамғарма даромадлари 2027-йилда 75 трлн, 2028-йилда эса 87,8 трлн сўмга етади.

Харажатлар эса мос равишда 95,1 трлн ва 104,8 трлн сўмга ошади. Шу билан бирга, пенсионерлар сони яқин уч йилда 489 минг нафарга кўпайиб, 4,76 миллион кишига етиши кутилмоқда. Ҳар йили пенсия ёшига етадиганлар сони 5,1 фоизга ортади.

Ҳисоб-китобларга кўра, бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақининг ҳар 1 фоизга оширилиши бюджет харажатларини 1,67 трлн сўмга оширади. Пенсияларнинг ҳар фоизлик оширилиши эса 861 млрд сўмга тенг бўлади.

Шунингдек, ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 10 фоизга кўпайганда бюджет харажатлари 1,6 трлн сўмга ошади. Бу ҳолат бюджет сиёсатини янада пухта режалаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » 2030-йилгача пенсия олувчилар сони қанчага етиши аниқланди