08:02 / 30.09.2018
9 578

​«Трамадол» ва «Лирика» савдоси. Вазият кескинлашмоқда (видео)

​«Трамадол» ва «Лирика» савдоси. Вазият кескинлашмоқда (видео)
Тошкентда яшовчи фуқаролардан Kun.uz таҳририятига дориxона ва кўчаларда психотроп (аслида кучли оғриқ қолдирувчи) дори воситаларининг ноқонуний олди-сотдиси авж олиб кетганлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушди. Хат муаллифлари таблетка гиёҳвандлигига чалинганлар орасида ёшлар ва ўсмирлар сони кун сайин кўпайиб бораётганлиги, бу дорилар куппа-кундузи очиқ жойларда эркин сотилаётгани ҳақида баён қилган.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида, мурожаатда таъкидланган Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги «Шуҳрат» номи билан танилган, «Қатортол» ва «Кичик Ҳалқа йўли» кесишган чорраҳага бордик. Йўлнинг Чилонзор метро станцияси томон кетган четида, қуёшдан пана жойга йиғилиб турган тўрт-беш нафар эркак-аёлдан иборат гуруҳларга кўзимиз тушди. Улар «таблетка гиёҳвандлари»нинг ҳожатини чиқаришар, машинада келган харидорларнинг машинадан тушишига ҳам зарурат қолдиришмасди. Шундай қилиб, «таблеткафуруш»ларнинг фаолиятига тўсқинлик қилувчи кишининг ўзи йўқлигига иқрор бўлдик.

Улар шифокор тавсияга кўра, беморларга бериладиган кучли оғриқ қолдирувчи аналгетиклар - «трамадол»нинг бир қутисини 15 минг сўмдан, «лирика»ни эса 20 минг сўмдан пуллашмоқда. Гўёки, дори учун келган киши бўлиб, «таблеткафуруш»лар билан суҳбатга қилишга ҳаракат қилдик. Эътироф этишларича, бундай дориларни пуллаётганлар кунига 200 минг сўмдан 1 миллион сўмгача даромад қилади, лекин бозор ҳар куни бир хил бўлавермайди.

«Трамадол» ва «Лирика» қандай дори воситалари?

«Трамадол дори воситаси – «наркотик аналгетик» деб аталади. Ўз таркибида «опий» гуруҳига мансуб бўлган наркотикларни сақлайди ва албатта тиббий мақсадда қўлланиши лозим бўлган дори воситаси ҳисобланади. «Лирика» – (Прегабалин) – тутқаноққа қарши восита, гамма-аминомой кислотаси ҳосиласи. Прегабалин оғриқ қолдириш хусусиятига ҳам эга, шунинг учун бу дори невралгияга чалинган беморларга буюрилади.

Олий тоифали шифокор нарколог Фурқат Баҳромовнинг сўзларига кўра, бу дорилар шифокор назоратисиз, ўзбошимчалик билан истеъмол қилинса, ўзига нисбатан қарамликни келтириб чиқаради ва уларни истеъмол қилганлар пассив гиёҳвандга айланади. Улар ҳам руҳан, ҳам жисмонан танани бардам ҳис қилиш учун шундай дориларни мунтазам равишда истеъмол қилишга мажбур бўлади. Энг ёмони, дастлаб бир суткада битта таблетка истеъмол қилган шахс, кейинчалик ўн-ўн бешта, маълум муддатдан сўнг элликтагача дори истеъмол қилиш даражасига етиб боради. Натижада инсон организми ва руҳиятида кучли ўзгаришлар юз беради, қолаверса, бундай псиxотроп моддалар меъёридан ортиқ истеъмол қилинса, бепуштликка ҳам олиб боради.

«Қарамликнинг ҳам икки тури мавжуд: жисмоний ва руҳий. Жисмоний қарамликда таблетка қабул қилмаган пайтда бўғимларда оғриқ туради, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, сурункали ич кетиш, юрак оғриғи кузатилади. Руҳий қарамликда эса таблетка истеъмол қилмаган пайтда уйқусизлик, қўзғалувчанлик, жаҳлдорлик, агрессивлик, қўли ишга бормаслик ҳолатлари авж олади», – дейди Фурқат Баҳромов.

Бу «таблеткафуруш»лар ким?

«Шуҳрат» чорраҳаси Чилонзор туманидаги аҳоли энг гавжум бўладиган жойларидан бири ҳисобланади. Унинг теварагида 4та университет, 2 та мактаб ва 3та боғча жойлашган. Коллеж ва институт талабалари бу ердаги дорифурушларнинг доимий харидорига айланишган. Улар орасида мактаб ўқувчиларига ҳам кўзингиз тушади. Албатта, дорини қидириб, Тошкентнинг бошқа туманларидан ҳам ёш йигитлар келмоқда.

Бу чорраҳа илгари ўзининг «тунги капалак»лари билан машҳур бўлганди. ИИБнинг қаттиқ назорати сабабли вазият бирмунча юмшади, ИИБ назорат пункти кун-у тун фаолият олиб бормоқда. «Капалак»лар масаласига нуқта қўйилмаган бўлса-да, унинг чорраҳадан нари кетгани кузатилади. Тошкент шаҳри бўйича ягона «ўғри бозор» ҳам шу чорраҳада жойлашган. Хуллас, «Шуҳрат»да ўғирланган телефон савдоси ёки фоҳишалик билан шуғулланиб бир зумда ички ишлар ходимининг «қўли»га тушиш мумкин.

Дори савдосида эса жиноий жавобгарлик йўқ, сотувчилар ҳатто инсон ҳуқуқларидан сўз очиб, ички ишлар ходимлари билан «қайси қонунда тақиқланган?», деб тортишади. Дори савдоси билан алоҳида лицензияга эга, олий маълумотли шахслар шуғулланиши ҳақидаги талаб эса ўлда-жўлда қолиб кетган. Муаммо чиқадиган бўлса, сал нарида машинада ўтирган «акахон»лар келиб, гапга аралашади. Айтганча, кўчада дори сотиб турган саттанг аёлнинг кўринмас қўриқчилари бор. Шу туфайли, уларга журналист эканимизни айтишдан ҳам хавфсирадик.

«Улар шу даражада ҳеч нарсадан қўрқмайдиган бўлиб кетишганки, ўн олти ёшли фарзандимни нонга чиқарсам, уни тўхтатиб дори таклиф қилишибди, «сенга арзон қилиб берамиз, татиб кўр», дейишибди. Улар ўзлари билан пичоқ ва электрошокер олиб юришади. Бу нимаси? Энди болаларимизни нонга ҳам чиқара олмаймизми?», дейди кўча ёқасида жойлашган 10-уй хонадон эгаси.

«Ҳар куни уйимиз олдида икки-учтаси чўзилиб ётади. Улар ҳали ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган болалар-ку. Уларни кўриб ичим ачишади, мен ҳам аxир онаман. Милиция ходимлари ҳар куни шу ерда. Кунига бу сотувчилардан ўн-ўн бештасини ушлаб олиб кетишади, бир соат ўтмай жаримасини тўлаб чиқиб яна сотишяпти. Псиxотроп дори сотаётганларни жиноий жавобгарликка тортадиган қонун қабул қилинмаса, келажак авлод хавф остида қолади», дейди маҳалла фаоли.

Биз бу борада изоҳ олиш учун Чилонзор тумани ИИБга мурожаат қилдик. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот xизмати «бу дори воситаларини сотаётганларга нисбатан ҳеч қандай қонуний чора» кўра олмасликларини айтишди. «Бу бизнинг ваколатимизга кирмайди», деган жавоб билан ички ишлар ходими гапни қисқа қилди.

Бу кимнинг ваколатига киради?

«Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссияси томонидан ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, унинг зиммасига «Трамал» (Бу дорилар Европада шу ном билан машҳур бўлган) дори воситаси устидан назоратни кучайтириш вазифаси юклатилган. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, суд кимё лабораториялари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари иштирокида «Трамал» дори воситасини гиёҳвандлик воситалари рўйxатига киритиш бўйича таклиф тайёрланди. Ҳозирда бу таклиф тегишли идоралар томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда. Яқин кунларда “Трамал” дори воситаси ушбу рўйхатга киритилади деб ўйлайман», – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наркотиклар назорати қўмитаси раиси Исматжон Aзизов.

Унинг таъкидлашича, гиёҳвандлик воситалари, псиxотроп моддалар, прекурсорлар бўйича эҳтиёжни аниқлаш тартиби мавжуд ва бу каби дорилар шу эҳтиёж доирасидагина республикага олиб кирилади. «Трамал» дори воситаси рўйxатга киритилмаган, лекин препаратнинг эҳтиёж миқдори белгиланади. «Лирика» дори воситаси эса 2014 йилдан буён Ўзбекистон Республикасига қонуний тарафдан бир дона ҳам киритилмаган. Унинг қайси йўллар билан кириб келаётгани расман маълум эмас.

Исми сир қолиш шарти билан Kun.uz мухбирига маълумот берган манбанинг таъкидлашича, «Лирика»нинг Ўзбекистонга кириб келиши катта бизнес пирамидаси устида амалга оширилган. Масалан, Тошкент шаҳри ва Фарғона водийси бўйлаб тарқатилаётган «Лирика»ни етказиб берувчилар, дориларни Туркиядан Ўзбекистонга Қозоғистон ва Қирғизистон билан туташ чегара ҳудудидаги айланма йўллар орқали олиб киришади. Бу борада Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ Чегара қўшинлари​ муносабати қандай бўлади? 2014 йилдан буён расман Ўзбекистонга олиб кирилмаган дорининг Чилонзор туманида бозори пайдо бўлгани кимнидир ўйлантирадими?

Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда Тошкент шаҳри бўйича умумий гиёҳвандликнинг 67,6 фоизини «таблетка гиёҳвандлиги» ташкил қилган. Хўш, бу кўрсаткич шу даражага етиб келишига ким айбдор? Мазкур дори воситаларини республикамиз ҳудудига кимлар ва қай йўллар билан олиб кирмоқда? Ёш авлодни заҳарлаётган «ошиғи олчи» сотувчиларга нисбатан кескин чоралар кўриш вақти етиб келмадимикан? Мана шундай оғриқли саволларни кўплаб бериш мумкин. Аммо асосийси, бу саволларга жавоб топиш ва жамиятни ҳалокат сари етаклайдиган мазкур иллатга қарши тезроқ чора кўришдир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ​«Трамадол» ва «Лирика» савдоси. Вазият кескинлашмоқда (видео)